2022 йил учун прогноз қилинган вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 3 268,9 млрд. сўм ва харажатлари 4 607,9 млрд. сўмни ташкил этади. Республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори 1 704,7 млрд. сўмни ташкил этади.
2022 йил учун прогноз кўрсаткичларига кўра, Наманган шаҳри (1 239 млрд. сўм), Тўрақўрғон (336 млрд. сўм), Поп (283 млрд. сўм), Уйчи (209 млрд. сўм), Чуст (195 млрд. сўм) туманлари даромади энг юқори бўлган ҳудудлар ҳисобланади.
Вилоят бюджетининг даромад қисми юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (қисман), давлат божлари, жарималар, йиғимлар, мобил алоқа хизмати, алкогол ва тамаки маҳсулотлари акциз солиғидан тегишли равишда ўтказиб бериладиган даромадлар ҳисобидан шаклланади.
Жорий йил учун маҳаллий бюджет шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилинганда, Наманган шаҳри (517 млрд. сўм), Чуст (259 млрд. сўм), Тўрақўрғон (236 млрд. сўм) ва Поп (233,9 млрд. сўм) туманлари энг юқори харажатларга эга ҳудудлар ҳисобланади.
2022 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга харажатлар маҳаллий бюджетнинг асосий (65,3%) қисмини ташкил этади. Мазкур харажатлар соғлиқни сақлаш (32,5%), ижтимоий ҳимоя (17,3%), маориф (12,7%) ҳамда маданият ва спорт (2,6%) соҳаларига ажратилиши назарда тутилган. Шунингдек, маҳаллий бюджетнинг харажатлари қуйидаги соҳаларга ажратилган:
- иқтисодиётга харажатлар (15,9%)
- марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштиришга харажатлар (7,8%)
- давлат бошқарув органларини сақлаш (5,0%)
- фуқаролар ташаббуси жамғармаси (2,9%)
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш (1,7%).
Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг жами 1 499 млрд. сўмлик қисми соғлиқни сақлаш ва тиббий-ижтимоий хизматлар учун ажратилган бўлса, кўп болали ва кам таъминланган оилаларга нафақалар ва компенсациялар учун 797 млрд. сўм маблағ ажратилган. Маориф соҳасида асосий харажатлар умумий таълимга ажратилган, шунингдек, мактабгача таълим соҳасига 583 млрд. сўм ва кадрлар тайёрлаш учун 2,5 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Иқтисодиётга харажатлар таркибида cув хўжалиги вазирлиги (64%), ободонлаштириш (22,8%) ташкилотлари энг кўп улушга эга эканлиги қайд этилган. Маҳаллий бюджетларда ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида тахминан 21 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Маҳаллий бюджетдан опен (open) бюджет учун ажратилган маблағ миқдори 132 млрд. сўмни ташкил этади.
2022 йилда юқори бюджетдан ажратиладиган трансфертларнинг 82,8 млрд. сўми (жами трансфертларнинг 4,9%и) вилоят бюджетига, қолган қисми туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетига ажратилган.
Вилоятнинг Наманган шаҳри (жами ажратилган транфертларнинг 9,3%), Чуст (9,2%), Тўрақўрғон (9,2%), Косонсой (8,4%) ва Янгиқўрғон (8,3%) туманлари энг кўп бюджет трансфери ажратилган ҳудудлар ҳисобланади. Норин (7,5%), Поп (7,4%), Наманган (6,6%) ва Мингбулоқ (5,6%) туманларига эса бюджет трансферининг нисбатан кам қисми ажратилиши белгиланган.
Изоҳ қолдириш