Наманганда ўтказилган сайёр қабул натижалари қандай бўлди?

Наманганда ўтказилган сайёр қабул натижалари қандай бўлди?

Президент Халқ қабулхоналари Наманган шаҳри, Учқўрғон, Косонсой ва Чуст туманларида cуд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилган сайёр қабулларда ҳам бу жиҳатлар ўзининг амалий ифодасини топди, одамлар билан жонли мулоқот асосида уларнинг масаласига ечим топиш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилди.

Ички ишлар вазирлиги масъуллари билан аввалги ва бу галги мулоқотлардан сўнг илгари соҳадаги хизматидан ноҳақ бўшатилган майор Анваржон Турғунов, капитан Беҳзодбек Мадаминов, катта лейтенант Элмурод Бойхонов, кичик сержант Жаҳонгир Шокиралиев, сержант Камолиддин Манзуров, сафдор Элёр Ҳусановнинг неча йиллик сарсонгарчиликлари барҳам топди. Уларнинг Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига йўллаган, олдин ўтказилган шундай қабуллардаги мурожаатлари ўрганилиши ва натижада ички ишлар вазирининг хулосасига асосан бу 6 нафар собиқ ички ишлар ходими махсус унвонлари билан орадаги узилиш хизмат муддатига қўшилган ҳолда ички ишлар органларига ишга тикланди.

Президентимиз асос солган халқ билан мулоқот тизими боис масъуллар уларнинг дарду ташвишларини эшитди, муаммосини холис ўрганди, судда ва тизим раҳбарлари олдида уларнинг айбсизлиги исботланиб, бугун яна ўз ишига қайтарилди. Дейлик, Наманган шаҳар ички ишлар тизимида жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили бўлиб ишлаган катта лейтенант Элмурод Бойхонов ўтган йили карантин вақти бир банк ходими ковид хасталигига чалингани ҳақида тоғасининг ўғлига аудиоёзув юборгани, тоғавачча эса уни танишларига улашгани можарога айланади. Оқибатда хизмат текшируви ўтказилиб, 2020 йил 13 апрелда у ички ишлар органи ходими деган юксак номга доғ тушишига йўл қўйганлиги учун ишдан бўшатилади. Сўнг катта лейтенант Бойхонов судга арз қилади. Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди эса 2020 йил 21 июлдаги ҳал қилув қарорида уни ички ишлар органлари хизматидан бўшатилиши ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб, ишга тиклаш ҳақида қарор қабул қилади. Бугунги қабулдаги мурожаатдан сўнг эса катта лейтенант Элмурод Бойхонов Уйчи тумани ички ишлар бўлими пробация гуруҳи инспектори лавозимига тайинланди.

Кичик сержант Жаҳонгир Шакаралиев ва сержант Камолиддин Манзуров йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида ишлаган. 2019 йил 25 ноябрь куни улар “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлида автомобиллардан бирини тўхтатишган. Бу фаолиятни кузатиб турган масъул ходимлар олган тезкор видеотасвирларга кўра эса, улар ҳайдовчидан пулга ўхшаш нарсаларни олиб, автомашина ҳужжатларини қайтариб берганлиги, бу хатти-ҳаракат шубҳали экани сабабли хизмат текшируви тайинланган. Бу текширув натижасида улар ҳам ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этган, деб топилиб, 2020 йил 6 январда ишдан бўшатилган. Бу иш ҳам судда кўрилгач, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди 2020 йил 22 июлда сержант Камолиддин Манзуровни, 2020 йил 15 декабрда эса кичик сержант Жаҳонгир Шакаралиевни оқлади. Суднинг ҳал қилув қарорларига кўра, уларни ички ишлар органларига тикланиши белгиланди. Бу галги мулоқотлардан сўнг кичик сержант Жаҳонгир Шакаралиев патруль-пост тизими ҳайдовчиси, сержант Камолиддин Манзуров эса Наманган вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспектори вазифаларига ишга қабул қилинди.

Мулоқотлар жараёнида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши раҳбарлари кўриб чиққан 451 та масаланинг 239 тасига жойида ечим топилди. Эътиборлиси, қабуллар доирасида бир қатор маҳкумларнинг мурожаатлари асосида иши қайта кўриб чиқилди. Жумладан, наманганлик Жамолиддин Зайниддинов косонсойлик қариндоши Нодир Зуннуновнинг ишини қайта кўриб чиқиб, адолатли ечим топиб беришни сўради. Гап шундаки, Нодир Зуннунов фирибгарлик қилгани учун жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг 2020 йилдаги ҳукмига кўра, 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Лекин Жамолиддин Зайниддиновнинг айтишича, улар қариндоши етказган зарарни қоплаб берган. Бу иш ҳам Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида атрофлича кўриб чиқилди ва мазкур суд ажрими билан Нодир Зуннунов қамоқдан озод этилди.

Комила Набиева эса Олий суд масъулларига қамоқда белгиланган жазо муддатини ўтаётган турмуш ўртоғи қилмишларига яраша жазо олаётганини, лекин унинг саломатлиги ёмонлашаётгани учун унинг ишини қайта кўриб чиқишларини илтимос қилди. Фарзандларини ёлғиз ўстираётган онанинг мурожаати асосида бу иш ҳам қайта кўриб чиқилиб, эрининг жазо муддати 5 йилга қисқартирилди.

Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича ўтказилган сайёр суд мажлисларида жами 90 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилди, томонлар ярашгани ёки зарарлар қоплаб берилгани муносабати билан 15 та жиноят иши, 102 та маъмурий иш юритувдан тугатилди.

Бош прокуратура масъуллари кўриб чиққан 125 та масаланинг 8 тасига жойида ечим топилди. Учқўрғонлик Шаҳзода Садриддинованинг айтишича, Наманган давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган фарзанди Ҳусниддин Азимов маълум муддат ички ишлар идораларида хизмат қилгач, Бош прокуратура ҳузурида очилган “Агроинспекция” вилоят бўлимида катта инспектор лавозимида фаолият олиб борди. Мазкур ташкилот прокуратура тизимидан чиқиб кетгач, мавжуд штатлар қисқаради. Шу туфайли у ишсиз қолади. Онахоннинг мурожаатидан сўнг 2 йилдан бери ишсиз бўлган ёш ҳуқуқшуносни Наманган ҳарбий прокуратурасига ишга қабул қилиш масаласи бўйича аниқ муддатли топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.

Косонсой туманидаги 30-сонли мактабгача таълим ташкилоти вакилларининг шикоят қилишича, улар ишлаган муассасада 2019-2020 йилларда таъмирлаш ишлари олиб борилгани сабабли ходимлар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда бир йил бўш қолган, бироқ уларга ойлик иш ҳақлари тўланмаган. Мурожаатдан сўнг адлия тизими вакиллари ёрдамида уларга 1 йиллик иш ҳақлари ундириб бериладиган бўлди.

Уйчилик Абдураҳмон Мамажонов ва турмуш ўртоғининг тадбиркорлик объекти бузилиб, бозор ҳудудига қўшиб берилган, бироқ уларга ваъда килинган компенсация пули ва ер майдони ҳанузгача ажратилмаган экан. Наманган вилоят ҳокими бу масалани атрофлича ўрганиб, қонуний ҳал қилиб беришни ўз зиммасига олди. Шу каби мурожаат асосида 2005 йилдан буён бошпанасиз, ижарама-ижара сарсон юрган Наргиза Аҳмедова уй-жой билан таъминланадиган бўлди.

Умумлаштириб айтсак, Наманган вилоятининг барча ҳудуди аҳолиси қамраб олинган қабулларда 926 нафар мурожаатчининг 942 та масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг 378 таси жойида ҳал этилди, 203 та мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 361 та мурожаат назоратга олинди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар