Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4804-сонли қарорига асосан Навоий вилояти “Ишга марҳамат” мономаркази (кейинги ўринда – “Мономарказ”) фаолияти йўлга қўйилди.
Мономарказ ҳудуди 1,92 гектарни, шундан бино ва иншоотлар майдони 0,31 гектарни ташкил этади. Мономарказда ўқувчилар сиғими 720 нафар, йилига 1920 нафар ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш имконияти ҳамда 200 ўринли талабалар ётоқхонасига эга. Мономарказда 102 та иш ўринлари яратилган. 32 та касб-ҳунар йўналишида ҳамда рус, инглиз, япон ва корейс тиллари ўқитилади. Мономарказ Жаҳон банки томонидан 39 турдаги $29,6 минг ва 95 турдаги 60,2 млн. сўмлик техник жиҳозлар билан таъминланди. Инновацион ўқитиш усули ёрдамида қисқа муддатда қуйидаги йўналишлар бўйича касб-ҳунарга ўқитилади:
- сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси (тикувчи (дизайнер ва модельер, бичувчи, тикувчи), аёллар ва эркаклар сартароши, визажист, косметолог, нейл-стилист (маникюр ва педикюр), ошпаз, қандолатчи, официант-батлер, уқаловчи (катталар ва болалар), ёш болаларга энага ва кексани парваришлаш мутахассиси);
- техник соҳа (сантехник, электрик, маиший техникаларни таъмирлаш устаси, пайвандловчи (электр-газ-аргон), юк кўтарувчи кран оператори, металларга ишлов бериш устаси (токарь ва фрезарь), автосервис, хизмат кўрсатиш (автоэлектрик, кузовматорист), ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш (В-категория), ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш (ВС-тоифа), заргарлик);
- қурилиш соҳаси (гипсокардон профилларга ишлов бериш устаси, қурилиш ишлари (ғишт терувчи ва сувоқчи, бўёқчи), мебель жиҳозларини ясаш ва таъмирлаш устаси, алюминий ва пластик профиллар билан ишлаш устаси);
- қишлоқ хўжалиги (гидропоника техникаси) ва рақамли технологияларни ўргатиш махсус курси (компьютер дизайн дастурлари (3D max, AvtoCad), компьютер саводхонлиги, 1С бухгалтерия ва бюджет бухгалтери).
Шу билан бирга, Мономарказ томонидан хорижда ишлаш истагини билдирган ишсиз фуқароларга хорижий корхоналарнинг талабларига мувофиқ хорижда ишлашга оид дастлабки кўникма ва мослашув бўйича тайёрлов ишларини ташкиллаштиради ҳамда ўз мутахассислиги бўйича хорижий тилларга ўқиш таклиф қилинади. 4 та (инглиз, рус, корейс, япон) хорижий тиллар бўйича қисқа муддатли курслар фаолият юритади. Бунда, меҳнат мигрантлари рўйхатга олиниб, ишсизлик нафақаси тайинлангандан сўнг, улар психологик хизматлардан фойдаланади. Шунингдек, ишсизлар тадбиркорлик фаолияти асослари бўйича қисқа муддатли курсларга ўқитилади. Муассасада жойлашган банк филиалида барча турдаги банк хизматлари кўрсатилади.
Худди шунингдек, Мономарказ хорижий мамлакатлар билан қуйидаги мутахассислик ва касб йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилади:
- Россия (гулчилик (флористика), тўқимачилик, чарм ва мода технологиялари, озиқ-овқат тайёрлаш технологиялари, қандолатчилик (В.Смирнова, И.Кабанова, И.Букина, С.Жолован А. Карамышева);
- Жанубий Корея (IT, электроника ва автоматлаштириш, металлга ишлов бериш ва корейс тили (K.Hun, Ch.Nari, L.Lim);
- Германия (GfM GmbH & Co, KG, металга ишлов бериш, электротехника, қурилиш, қарияларни парвариш қилиш);
- Туркия (меҳмонхона хизматини кўрсатиш, асаларичилик, цитрус меваларини етиштириш, кўчатчилик, иссиқхона инженерияси (Меҳмет Ажилли, Д.Аҳмет, Т.Эртюрк, Р. Сойтюрк);
- Япония(Nippon educational academy, япон тили, қишлоқ хўжалиги ишчиси, қарияларни парвариш қилиш (Шизука Камеда) ва Хитой (Nankin politexnika instituti, пайвандчилик, хитой тили (КИМ).
Мономарказда 2022 йилда 36 та йўналишлар бўйича 3589 нафар ишсизлар ўқув курсларига жалб қилиниб, шундан ўқишни тугатган 3135 нафарига сертификат берилди ва 454 нафар ўқишни давом эттирмоқда.
Ўтган йил якуни билан 2516 нафар ёки 80,2% битирувчилар бандлиги таъминланган бўлиб, битирувчиларнинг 1088 нафари саноат ва ишлаб чиқариш йўналишида, 155 нафари қурилиш корхоналарига, 495 нафари хизмат кўрсатиш соҳасида, 289 нафари тадбиркорлик фаолиятида ва 364 нафари ўзини ўзи банд қилган ҳисобланади.
Бундан ташқари, Мономарказда касбга ўқитилган жами 1433 нафар фуқаролар ҳамкорлик шартномаларига асосан тегишли корхона ва ташкилотларда, жумладан, Навоий КМК АЖда 920 нафар, Навоийазот АЖ - 85 нафар, Навоий КМК Жамғармаси - 122 нафар, Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖ - 48 нафар, Навоийуран ДК - 48 нафар, Hавоий иссиқлик электр станцияси АЖ - 33 нафар, Навоий эркин иқтисодий зонаси АЖ - 13 нафар, “Зарафшон Голден Гроуп” МЧЖ - 34 нафар ва “Жануб саноат монтаж” МЧЖда 130 нафар касб-ҳунарга ўқитилган ишсиз фуқаролар амалиёт ўтадилар.
Бугунги кунда Мономарказда 36 та йўналиш бўйича 454 нафар ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
Ўрганишлар натижасида соҳада қатор тизимли камчиликлар аниқланди, хусусан, меҳнат мигрантлари бораётган асосий ҳамкор давлатлар билан икки томонлама шартномалар мавжудлигига қарамасдан ишчиларни уюшган ҳолда ёллаш даражаси паст ҳисобланади. Бу йўналишда хорижий давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш зарур. Амалдаги касб-ҳунарга ўқитиш бўйича дастурлар маҳаллий ва хорижий меҳнат бозорининг талабларига тўлиқ жавоб бермайди ҳамда уларни янгилаш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашадиган ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш талаб этилади.
Изоҳ қолдириш