9 декабрь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнес соҳасига (КЎБ) қулай муҳит яратиш бўйича ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш учун учун 100 млн долларлик кредитни ажратишни маъқуллади.
Кредит ОТБнинг Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш дастурининг биринчи кичик қисмини молиялаштиришга йўналтирилади. 20 млн доллар эквивалентидаги маблағ эса сўмда тақдим этилади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.
«Ушбу дастур ОТБнинг Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнесни кўп йиллик қўллаб-қувватлашига асосланади ва бу корхоналар учун қулай муҳитни яхшилашга ёрдам беради ҳамда уларга хусусий сектор бошчилигидаги диверсификацияланган ўсишнинг драйверига айланиш имконини беради», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес ялпи ички маҳсулотнинг ярмидан кўпроқ қисмини ташкил қилади. Коронавирус пандемияси туризм ва меҳмонхона соҳаларига таъсир кўрсатган бўлса-да, ярим миллионга яқин тадбиркорлар фаолият юритмоқда.
ОТБнинг Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш дастури иккита кичик дастурни ўз ичига олади. Ушбу дастурлар КЎБ учун янада самарали фаолият ва тижорат муҳитини ривожлантириш учун кўмаклашишга қаратилган.
Биринчи кичик дастур доирасида амалга ошириладиган ислоҳотлар — кредит ресурслари чекланган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга ёрдам бериш учун мавжуд молиявий воситаларни диверсификация қилишни ва улар олиши керак бўлган рухсатномалар ҳамда лицензиялар сонини қисқартиришни ўз ичига олади.
Шу каби ўзгаришлар, мисол учун, савдо операциялари харажатларини камайтириш ва рақамлаштиришни кенгайтириш 13,5 мингга яқин иш ўринларини яратишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг COVID-19`дан кейинги иқтисодий тикланиши ва барқарор иқтисодий ўсиши кичик ва ўрта бизнес фаолиятига боғлиқ.
ОТБ давлат идораларига дастур доирасидаги ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, КЎБ учун рақамли ечимларни жорий этиш орқали ёрдам бериш учун 250 минг доллар миқдоридаги техник ёрдам грантини тақдим этади.
Изоҳ қолдириш