«Ўзавтосаноат» компанияси фақат электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтиши режалаштирилмоқда

«Ўзавтосаноат» компанияси фақат электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати «Ўзавтосаноат» компаниясини фақат электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 29 декабрдаги қарорида (ВМҚ-812) сўз боради.

Ҳужжат «Ўзавтосаноат»ни фақат электр двигателлари бўлган автомобиллар ва автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришга ўтказишни назарда тутади. 2021 йил 1 февралгача компанияга хорижий мутахассислар ва консалтинг компанияларини жалб қилиш ва концепсия лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бундан ташқари, мамлакат ичкарисида электр транспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) вақтинча олиб кириш учун йиғим (автомобилни Ички ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтказишда тўланади) бекор қилинади. Молия вазирлиги 2021 ва ундан кейинги йиллар учун бюджетни шакллантиришда буни ҳисобга олиши керак.

Масъул вазирликларга ҳокимликлар билан биргаликда икки ой ичида электр транспорти учун қувват олиш станцияларини (терминалларини) ўрнатиш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш топширилди.

Ҳозирда Ўзбекистонда электр транспорт воситаларини олиб кириш учун акцизлар ва божхона тўловлари олинмайди.

Эслатиб ўтамиз, январь-август ойлари давомида Ўзбекистонга қиймати 1,7 миллион доллар бўлган 73 та электр транспорт воситаси импорт қилинган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар