Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида илк бор 1 388,3 млрд сўмлик форвард битимлар тузилди

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида илк бор 1 388,3 млрд  сўмлик форвард битимлар тузилди

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида илк бор 1 388,3 млрд сўмлик 1 195 та форвард битимлари тузилди. Форвард савдоларида 17 хилдаги маҳсулотлар, шу жумладан шакар, цемент, пахта толаси, пахта ёғи, техник пахта чигити, нефть ва ем маҳсулотлари сотилди. Форвард шартномалари асосида ўтказилган электрон савдоларда 87 та сотувчи ва 244 та харидор иштирок этган.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида форвард савдолари жорий йилнинг март ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги “Товар-хом ашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 170-сон қарорига мувофиқ ўтказилмоқда.

Ушбу механизм бир томондан, келажакда етказиладиган товар учун нархларни олдиндан белгилаб олиш, иккинчи томондан, маҳсулотлар учун тўловларни бозор қийматида олдиндан олиш имконини беради.

Маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар форвард ёрдамида харид қилинадиган товарлар бўйича нархлар ўзгарувчанлигидан ўзларини ҳимоя қилишлари (хеджерлаш), товар ишлаб чиқарувчилари эса ўз фаолиятларини янада самарали режалаштиришлари мумкин.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида форвард савдоларини жорий қилиниши келажакда дунёнинг етакчи биржаларида кенг қўлланиладиган фьючерс савдо механизмини шакллантириш учун муҳим бошланғич пойдевор вазифасини бажаради.

Форвард шартномаси – муддатли шартнома бўлиб, унга кўра сотилаётган товар учун нарх шартнома тузилган кунда белгиланади, товарни етказиб берилиши эса белгиланган муддатда келажакда амалга оширилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар