Ўзбекистон ва Россия томонидан қиймати 5,8 миллиард долларга тенг 100 дан ортиқ янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда

Ўзбекистон ва Россия томонидан қиймати 5,8 миллиард долларга тенг 100 дан ортиқ янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Бухоро шаҳрида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро комиссиясининг (ҲК) йигирма биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетников ҳамраислиги остида бўлиб ўтди.

Тадбир давомида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек, шерикликни ривожлантириш учун янги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги асосий масалалар бўйича конструктив мулоқот ва фикр алмашиш давомида саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамда банк-молия секторида ва таълим соҳасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга ҳар иккала томоннинг қатъий содиқлиги билдирилди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо айланмасининг сезиларли ўсиши таъкидланди, сўнгги 3 йил ичида унинг ҳажми 58%га ошган. Шу билан бирга, ушбу соҳада фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди ва шу муносабат билан яқин келажакда ўзаро товар айланмасининг 10 млрд долларлик ҳажмига эришиш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини чуқурлаштириш бўйича биргаликда амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан, савдо соҳасида мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда Ўзбекистон ва Россия компаниялари томонидан ташқи савдо операцияларини амалга ошириш учун шароитларни оптималлаштириш бўйича аниқ таклифлар ҳам билдирилди.

Инвестиция соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди - ҳозирги вақтда нефть-кимё, тоғ-металлургия, энергетика, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноати ва мева-сабзавот маҳсулотларни қайта ишлаш соҳаларида умумий қиймати 16 млрд доллардан зиёд бўлган йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга, томонлар энг истиқболли соҳаларда саноат кооперациясининг янги лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш учун бир қатор шарт-шароитлар мавжудлигини таъкидладилар ва ушбу йўналишда яқин ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олдилар.

Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг август ойида Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида очилган Лойиҳа офисининг амалий аҳамияти қайд этилди. Томонлар саноат кооперацияси соҳасида умумий қиймати 5,8 млрд долларга тенг бўлган 104 та янги инвестициявий лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар ва ҳар бир лойиҳа келишилган муддатларда сифатли ва ўз вақтида бажарилишининг биргаликда самарали мониторингини олиб боришга келишиб олдилар.

2021 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида Россия ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорларига тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва саноат кооперацияси соҳасида янги истиқболли лойиҳавий таклифларни биргаликда ишлаб чиқиш имконини берадиган “Иннопром” халқаро инвестиция ва саноат кўргазмасини ўтказишга келишиб олинди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунда ҳудудлар маъмуриятлари ва бизнес миссиялари раҳбарларининг ҳар иккала мамлакат вилоятлари ўртасида барча йўналишлар бўйича шерикликнинг янги ўсиш нуқталарини шакллантириш учун Ўзбекистон ва Россия ҳудудларига мунтазам равишда ўзаро ташрифлари ташкил этилади.

Маданий-гуманитар соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик икки томонлама шерикликнинг муҳим таркибий қисмларидан бири эканлиги тилга олинди - қатор қўшма тадбирлар, хусусан, икки мамлакатнинг етакчи ОТМлари ва илмий-ўқув марказлари ректорлари иштирокида “Ўзбекистон-Россия” Иккинчи Таълим форумини ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Меҳнат миграцияси соҳасини тизимлаштириш бўйича ҳамкорлик масалалари алоҳида тартибда кўриб чиқилди. Томонлар ушбу йўналишда биргаликда олиб борилган ишларда эришилган сезиларли ютуқларни қайд этдилар ва Россия Федерациясида яшаётган ва меҳнат фаолиятини юритаётган Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий, молиявий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш масалаларида ёрдам кўрсатиш механизмларини кучайтириш бўйича кейинги ҳаракатларни муҳокама қилдилар. Шунингдек, иккала томон ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Россия Федерациясининг кўп функцияли миграция марказини (КФММ) ташкил қилиш бўйича лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга тайёр эканлиги таъкидланди.

Тадбир якунида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро комиссиясининг 21-йиғилиши баённомаси имзоланди, унда тадбир давомида эришилган асосий келишувлар ва икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ўз аксини топди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар