Ўзбекистон йил охиригача «GSP+» бенефициар мақомини олиши мумкин

Ўзбекистон йил охиригача «GSP+» бенефициар мақомини олиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Савдо бўйича Европа Иттифоқининг комиссари Ф.Хоган иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

Унда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) кириш жараёнларида европа томонининг Ўзбекистонга ёрдам бериши, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Умумлаштирилган имтиёзлар тизимига (GSP+) кириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Комиссар томонидан Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги барқарор динамика ва қўшма ташаббусларни амалга оширишда эришилган ютуқлар, хусусан - КШҲБ лойиҳасини келишиб олиш жараёнлари қайд этилди. Мазкур йўналишда Битим лойиҳасини тасдиқлашни тезлаштириш ва халқаро стандартларга уйғунлаштириш мақсадида зарур бўлганда миллий қонунчиликни мослаштириш учун ҳаракатлар бирлаштирилади. Битим лойиҳасини жорий йил охиригача келишишни якунлаш томонларнинг мақсади деб белгиланди.

Ўзбекистон томони ўз навбатида Европа Иттифоқи мамлакатлари билан икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни, шу жумладан, «GSP+» доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилаётганини таъкидлади. Республиканинг «GSP+»га қўшилиши Европа Иттифоқи билан ташқи савдо айланмаси диверсификацияси ва барқарор ўсиши учун мустаҳкам асос яратади.

Томонлар Ўзбекистоннинг «GSP+» бенефициар мақомини олиш доирасида имзоланган зарур процедураларни якунлаш бўйича қўшма ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Жорий йилнинг охиригача Европа Иттифоқи тегишли сўровни йўналтириш ҳамда кейинчаликда «GSP+» тизимининг бенефициар мақомини олиши бўйича Ўзбекистон томонига ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Ф.Хоган европа томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди – ҳозирги эпидемиологик вазиятга қарамай, ишлаб чиқилаётган ташаббусларни жадал илгари суриш зарурлиги тўғрисида умумий тушунчага эришилди. Хусусан, яқин келажакда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича Ишчи гуруҳининг 4-сессиясини видеоконференция орқали ташкил этишга келишиб олинди.

Умуман олганда, ўтказилган музокаралар якуни бўйича Ф.Хоган Европа томони савдо-иқтисодий, молиявий-техник ва инвестицион ҳамкорликнинг барча соҳаларида Ўзбекистон томони билан ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканлигини таъкидлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар