Ўзбекистонда техник каннабис билан боғлиқ айрим фаолият турлари билан шуғулланиш мақсадида лицензиялар олиш учун тўланадиган божлар миқдори тасдиқланди. Ўсимликни етиштириш учун 3000 та базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ), импорт (экспорт), қайта ишлаш, сақлаш, сотиш (чиқариш), сотиб олиш ва ташиш учун - буларнинг ҳар бири учун 200 БҲМ (тахминан 44,6 миллион сўм)дан тўғри келади.
Ўзбекистонда техник каннабис етиштиришга 2020 йилда рухсат берилган эди. 2019 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи чоғида икки томонлама инвестиция шартномаси имзоланган. Унга Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва “Industrial Innovation Group” компанияси бош директори Тарям Матар Тарям имзо қўйган эди. Орадан бир йил ўтгач, мамлакатимизда саноат мақсадларида техник каннабис етиштириш, қайта ишлаш ва сақлашга рухсат берувчи Қонун қабул қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, бундан буён лицензияланган юридик шахслар техник каннабис етиштириш, уни саноат асосида қайта ишлаш, сотиш ва бошқалар билан боғлиқ фаолият турлари билан шуғулланишлари мумкин.
Ушбу турдаги фаолият билан шуғулланиш учун лицензиялар олиш мақсадидаги божлар миқдори 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунининг 17-моддасида кўрсатилган. Лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан берилади.
Техник каннабис катта салоҳиятга эга бўлиб, саноат соҳасида тиббиёт, ёқилғи, тўқимачилик, озиқ-овқат, қоғоз, қурилиш ва бошқа тармоқлар учун хом ашё сифатида фаол фойдаланиб келинади.
Изоҳ қолдириш