Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази UNICEF билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда кўп ўлчамли камбағалликни ўлчаш методологияси” бўйича тадқиқот олиб бормоқда. Ишлаб чиқилаётган методология асосида Ўзбекистонда оила фаровонлиги индекси жорий этилади.
29 декабрь куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида тадқиқотнинг кейинги босқичи сифатида Ўзбекистонда кўп ўлчамли камбағаллик тушунчасининг хусусиятлари юзасидан давра суҳбати ўтказилди. Унда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этишди. Шунингдек, UNICEF тадқиқот марказининг (Инноченти) халқаро эксперти Гвизер Рис (Gwyther Rees) зум платформаси орқали онлайн қатнашди. Эксперт кўп ўлчовли камбағалликни ўлчаш бўйича халқаро тажриба ва энг яхши амалиётлар бўйича маълумот берди.
Давра суҳбати UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан UNICEFнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси ва UNICEF тадқиқот маркази (Инноченти) кўмагида ташкил этилди.
Ушбу давра суҳбатини ўтказишдан асосий мақсад, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илмий ходимлари томонидан ишлаб чиқилган кўп ўлчамли камбағаллик таърифини аниқлаш бўйича сўровноманинг дастлабки лойиҳасини муҳокама қилишдан иборат.
Лойиҳа бўйича экспертлар томонидан бир қанча асосли ва аҳамиятли таклифлар берилди. Берилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда сўровнома такомиллаштирилиб, республиканинг барча ҳудудларида аҳоли ўртасида сўров ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, унинг натижасида кўп ўлчамли камбағалликнинг хусусиятлари аниқланади.
2021 йилнинг май ойи охирида Ўзбекистонда илк бор аҳолининг минимал истеъмол харажатлари (МИХ) қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари эълон қилинди. МИХ бир оила аъзоси учун киши бошига бир ойда 440 000 сўмни, шундан озиқ-овқат харажатлари 69 фоизни ва ноозиқ-овқат харажатлари 31 фоизни ташкил этди. Шундай қилиб, мамлакатда монетар камбағалликни ўлчашга ҳаракат қилинди.
“Маълумки камбағаллик атамаси маълум бир универсал таърифга эга эмас. Ҳар битта давлат ўзининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда миллий таърифни юритади. Биз ҳам худди шу мақсадда кўп ўлчамли камбағалликни Ўзбекистон хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда айнан нима тушунилади, қандай ўлчамлар киритиб бориши кераклиги бўйича бугунги давра суҳбатида муҳокама қилдик. Халқаро тажрибалардан қарайдиган бўлсак, етарли озуқага эга бўлиш, маълум бир стандартларга мос келувчи уй бўлиши, электр тармоғи, соғлиқни сақлаш ва таълим олиш имкониятининг мавжудлиги ҳисобга олинади. Лекин буларнинг ҳаммаси умумий тушунчалар. Айнан унинг минимал даражаси, сифат даражаси қандай бўлиши кераклиги миллий консултациялар орқали аниқлаб борилади. Мисол учун, камбағалликни миллий ўлчови жорий этилиши Ўзбекистондаги аҳолини турмуш тарзига хос бўлган ҳусусиятларни акс эттирган ҳолда унинг фаровонлик даражасини ўлчаш имконини беради,” – дейди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ижтимоий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Умид Алиев.
Суҳбат давомида экспертлар томонидан инсон ёки оиланинг фаровонлиги ҳақида умумий эътироф этилган таърифнинг йўқлиги қайд этилди. Одатда, бу каби тушунча бир неча таркибий қисмлар: соғлиқни сақлаш, таълим, сифатли озиқ-овқат, уй-жой, бандлик ва бошқа шунга ўхшаш имкониятлардан иборат.
“Нима учун камбағалликни ўлчаш муҳим ҳисобланади? Ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 9,2 фоизи паритет бўйича кунига 1,9 доллардан кам даромад топади. Бундан ташқари, 107 та ривожланаётган давлатдаги 1,3 млрд. аҳолининг ҳаёт тарзи кўп ўлчамли камбағал гуруҳига мансуб. Яъни, кўп ўлчамли камбағалликни ҳисоблашда нафақат даромадлар ва харажатлар бўйича ҳолат, балки соғлиқни сақлаш хизматлари, санитария ҳолати, хавфсизлик даражаси ва яшаш ҳудудидаги инфратузулма каби бошқа яшаш шароитлари ҳам ҳисобга олинади. Улар асосан соғлиқни сақлаш хизматлари, санитария ҳолати, хавфсизлик даражаси ва яшаш ҳудудидаги инфратузулма каби кўплаб кўрсаткичлар билан ўлчанади.
Болалар камбағаллиги тушунчаси ва унинг аҳамияти катта ёшдаги аҳоли камбағаллиги тушунчасига нисбатан сезиларли даражада долзарб ҳисобланади. Чунки ёшликда орттирилган нуқсон инсоннинг бутун ҳаёти давомидаги фаолиятига ўз салбий таъсирини кўрсатади.
Хусусан, илмий тадқиқотлар натижасида камбағалликнинг инсон мия фаолиятига салбий таъсири аниқланган бўлиб, камбағал болаларда ўзлаштириш даражаси нисбатан пастроқ бўлади. Қолаверса, бутун ҳаёт фаолияти давомида даромад топиш кўрсаткичлари нисбатан паст бўлганлиги ҳам исботланган. Ўзбекистон аҳолисининг 1/3 қисмини болалар ва ёшлар ташкил этганлиги сабабли болалар орасида камбағалликни ўлчаш Ўзбекистон мисолида янада муҳим аҳамият касб этади” дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Ҳасанжон Мажидов.
Кейинги 5 йил давомида хорижий мамлакатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизими сезиларли даражада яхшиланади. Камбағаллик чегарасини аниқлашга ёндашувларда монетар ва номонетар усуллар қўлланилади. Қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида камбағалликни ўлчашнинг номонетар усулларини паралел равишда ўрганиш режалаштирилган. Хусусан, UNICEF усули-Multidimensional Overlapping Deprivation Analysis (MODA) ва БМТТД усули - кўп ўлчовли камбағаллик Multidimensional Poverty Index (MPI).
MODA методологияси асосан болалар даражасида камбағалликни ўлчаш учун қўлланилади, яъни асосий эътибор болаларга қаратилади. MPI методологияси Ўзбекистонда икки кўрсаткични бирлаштириб ҳам катталар ҳам болалар орасида номонетар кўп ўлчамли камбағаллик даражасини ўлчаш учун қўлланади, қолаверса, алоҳида уй ҳўжаликлари қамраб олинади. MODA методологияси ёшга доир кўрсаткичлар асосида шакллантирилиб, сўров бўйича саволлар мамлакат хусусиятларидан келиб чиқиб асосан чақалоқликдан 5 ёшгача, 5 ёшдан 17 ёшгача ва 17 ёшдан юқори бўлган аҳоли қатлами учун алоҳида тузилади. MPI методологиясида бу имконият мавжуд эмас. Шу сабабли бу икки методологияни бирлаштириб ўлчовлар ишлаб чиқилади.
Давра суҳбати давомида Каромат Нуруллаев ушбу иккала методологияни ҳам қўллаб кўп қиррали номонетар камбағалликни ўлчаган Арманистон давлатида олиб борилган тадқиқот натижалари билан таништирди.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан саволнома учун кўрсаткичларни ишлаб чиқишда аҳолининг қишлоқ ва шаҳарда яшовчи қатламлари учун алоҳида қолаверса, кўп қаватли уйда турувчи аҳоли билан ҳовлили уйларда яшовчи аҳоли қатламлари учун алоҳида ишлаб чиқиш таклифи берилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги эксперти Равшан Исамутдинов аҳолини жинси бўйича ажратиб алоҳида сўровномалар ўтказиш таклифин киритди. Иккинчи навбатда аҳолининг ҳунари бор йўқлиги бўйича ҳам кўрсаткич ишлаб чиқиш таклифини берди.
Семинар кўп ўлчовли камбағалликни ўлчаш ва Оила фаровонлиги индексини ҳисоблаш бўйича миллий методологияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу ўлчовлар Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш ва оилалар фаровонлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш учун фойдали маълумотлар беради.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан ишлаш бўлими
Изоҳ қолдириш