“Аҳолини айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир чоралар тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-689, 29.04.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.
Қонун билан Солиқ кодексига қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 2021 йил майдан 31 декабргача қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:
- Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
- ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.
Қонунга мувофиқ, 2021 йил 1 майдан 31 декабргача:
- айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан экспорт божхона божлари киритилади;
- тадбиркорларга ўзлари томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларини қайта ишлаш натижасида олинган ўсимлик ёғининг (ТИФ ТН бўйича коди 1512 11 – 1512 19) 50 фоизидан ошмаган қисмини экспорт қилишга рухсат берилади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Антимонополия қўмитаси пахта ёғи нархларининг ўсишини олдини олиш учун битта харидор томонидан пахта ёғини 3 тоннадан кўп бўлмаган миқдорда товар ва хом ашё биржасида сотиб олиш ҳажмини чеклагани ҳақида хабар берган эди.
Изоҳ қолдириш