Ўзбекистоннинг «Ideal» бренди маҳсулотлари Саудия Арабистонига экспорт қилинади

Ўзбекистоннинг «Ideal» бренди маҳсулотлари Саудия Арабистонига экспорт қилинади

Ўзбекистоннинг «Ideal» бренди маҳсулотларини Саудия Арабистони бозоридан муносиб жой олишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг «Istiqlol Tekstil Dizayn LLC» компанияси, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг «Al-Fath Al-Inmaiya» муассасаси ва «Yahya Azam Jalal» чакана савдо ширкати вакиллари ўртасида видеомулоқот ташкил этди.

Учрашувда «Ideal» бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Суҳбат чоғида «Ideal» бренди маҳсулотлари бугунги кунда ISO 9001 халқаро сертификатига эгалиги, яқин кунларда BSCI сертификатини олиши, Германия, Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинаётгани, ишлаб чиқариш ва маркетинг жараёнига хорижий давлатлардан юқори тажрибали мутахассислар жалб этилганига эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, «Al-Fath Al-Inmaiya» муассасаси раҳбари Акмал Жалол Ўзбекистонга қилган сафарлари доирасида «Istiqlol Tekstil Dizayn LLC» компанияси маҳсулотлари билан яқиндан танишганини айтиб, уларнинг сифатига юқори баҳо берди.

Саудиялик тадбиркор дастлаб Жидда ва Мадина шаҳарларида «Ideal» бренди савдо дўконларини очиш таклифини берди. «Istiqlol Tekstil Dizayn LLC» компанияси асосчиси Бахтиёр Умаров эса ушбу лойиҳани франчайзинг орқали саудиялик ҳамкорлар билан амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот давомида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида саудиялик ишбилармонлар Ўзбекистонга ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиши, Подшоҳлик бозорига мос кийим-кечак ва пойафзал маҳсулотлари бўйича буюртма бериши бўйича келишиб олинди. Шунингдек, «Istiqlol Tekstil Dizayn LLC» компанияси мутахассислари ҳам Саудия Арабистонида бўлиб, Жидда ва Мадина шаҳарларида «Ideal» бренди маҳсулотлари учун савдо иншоотларини танлаш, уларни жиҳозлаш ва бошқа тизимли ишларни амалга оширишда қатнашади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар