– Сиз билан илк бор ўтган йил “Маҳаллабай ишлаш тизими” рубрикаси очилган пайтда суҳбат қилган эдик. Орадан деярли бир ярим йил вақт ўтди. Шу вақт давомида сиз ишлаётган маҳаллада қандай ўзгаришлар юз берди?
– Маҳалламизда ўтган вақт давомида катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Энг аввало, маҳалламиз инфратузилмаси ҳар томонлама яхшиланди. Бир қанча янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, натижада, маҳалладаги ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланиб, доимий даромадга эга бўлишди. Бундай ижобий натижаларнинг барчасига “маҳаллабай” усулида тизимли ишлаш орқали эришилмоқда, десам адашмаган бўламан.
– 2023 йилдаги фаолиятингиз натижалари, ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида гапириб берсангиз. Ўтган йил маҳалла ва ўзингиз учун қилган қайси ишни энг муҳими деб биласиз?
– Маҳаллада 2023 йил давомида 168 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Хусусан, уларнинг 113 нафари доимий ишларга, 55 нафари ўзини-ўзи банд қилиш ва 1 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Шунингдек, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 69 та жисмоний ва юридик шахсга 1 454,8 млн сўмлик кредитлар ажратилди.
Бундан ташқари, тикувчилик ва тўқувчилик фаолиятини йўлга қўйиш учун маҳалла биносидан битта хона ажратилган бўлиб, бу ерда ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи 25 нафардан зиёд хотин-қизга бепул касб-ҳунар ўргатилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Ўтган йил “Аёллар дафтари”га киритилган 8 нафар хотин-қизга меҳнат қуроллари сотиб олиш учун 71,3 млн сўмлик субсидиялар ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги 2023 йил 13 июлдаги ПҚ-228-сон қарорига асосан, 2023 йил давомида йўналтирилган 500 млн сўм маблағ ҳисобидан маҳалланинг энг асосий инфратузилма муаммолари ҳал этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 сентябрдаги 500-сонли қарорига асосан, 1.3 км узунликдаги ички йўлларга қум-шағал аралашмали асфальт ётқизилди. Шунингдек, ҳукуматнинг 2023 йил 2 февралдаги 52-сонли қарорига асосан маҳаллада оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли уй-жойларнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) бўйича 10 та оила яшайдиган уйларнинг том қисми таъмирлаб берилди. Бу қилган ишларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири, деб ҳисоблайман.
– Маҳаллангизда ўтган вақт давомида аҳолини иш билан таъминлаш борасида қандай янги имкониятлар яратилди? Ҳудудда камбағаллик даражаси пасайдими? Камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш учун қандай ишлар амалга оширилди?
– Камбағал оилаларни бу ҳолатдан олиб чиқиш бўйича “Индивидуал дастур”лар тузиш орқали 33 та оиланинг 54 та аъзоси камбағалликдан чиқарилди. Жумладан, уларнинг 22 нафари доимий иш ўринларига эга бўлган бўлса, 24 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилиб, 8 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналиши бўйича ўқишга йўналтирилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда айтинг-чи, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, сизнинг ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада камайтириш учун қўшимча қандай ишлар қилиш керак?
– Камбағаллик ҳолатларининг келиб чиқиши, биринчи навбатда, доимий ишнинг йўқлиги, яъни ишсизлик, маълумотга эга бўлмаганлик, шунингдек, тадбиркорлик қилиш учун билим ва малаканинг етишмаслиги билан боғлиқ. Бугунги кунда маҳалла аҳолиси орасида камбағалликка дуч келган оилаларнинг аксарияти – бу ногиронлиги бўлган шахслар, нафақахўрлар ва бола парвариши билан банд бўлган аёллар истиқомат қилаётган оилалар эканлиги аниқланди. Шунингдек, мазкур ҳолат фуқаронинг бирон-бир ишни бошлашидан олдин (масалан, имтиёзли кредит ёки субсидия олмоқчи бўлган) унинг шу соҳага қизиқиши ва тушунчаси бўлмаслигидан ҳам келиб чиқмоқда. Камбағалликни қисқартириш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар негизида “Инсон қадри учун” тамойили ётади. Мисол сифатида ишсиз ва эҳтиёжманд фуқаролар учун ажратиладиган субсидиялар, моддий ёрдамлар, имтиёзли кредитларни айтиш мумкин. Ишсиз фуқароларни бепул асосда меҳнат бозорида катта талабга эга бўлган касб-ҳунар турларига ўқитиш тизимининг мавжудлиги ҳам аҳолининг бандлиги, шу билан бир қаторда, даромадини оширишга қаратилган ижобий ҳаракатдир.
– 2023 йилда ҳоким ўринбосарлари фаолиятига оид қатор қарорлар қабул қилинди. Маҳаллаларнинг рейтинги, якка тартибдаги дастурлар амалиёти жорий этилди, маҳаллаларнинг фаол аъзолари сони 5 нафардан 7 нафарга оширилди, маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кенгашлар ташкил этилди. Ушбу қарорлар муносабати билан маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилди? Янги таркибдаги фаолларнинг иши қандай кечяпти? Бу қарорлар фаолиятингиз самарадорлигига қанчалик таъсир кўрсатди?
– Маҳалла бошқаруви ходимлари сони солиқчи ва ижтимоий ходим қўшилиши ҳисобига 5 тадан 7 тага кўпайди. Маҳалланинг ўзида 70 дан ортиқ масала, жумладан, моддий ёрдам ва кредитлар масаласи ҳал этилмоқда. Тизим эса тўлиқ рақамлаштирилган.
Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси каби янги мутахассислар иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмади. Бироқ уларнинг фаолияти натижаси қисқа вақтдаёқ яққол кўзга ташлана бошлади. Буни аҳолининг маҳаллага илгаригидек моддий ёрдам сўраб эмас, кўпроқ тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун мурожаат қилаётгани, хотин-қизлар ва ёшлар ўз ҳуқуқларини тобора чуқур англаб, яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланишга интилаётгани яққол исботлайди.
Аҳолининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллада янгича ташаббуслар ёйилмоқда. Хонадонларда суҳбат ўтказиш, муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳал этиш тизими йўлга қўйилди. Ҳар ҳафтада маҳалладаги “бешлик” томонидан аниқланган, лекин бартараф этилмаган муаммолар бўйича маълумотлар тегишли давлат органлари ва ташкилотларга киритилади. Уйма-уй юриш орқали ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз аҳолини ободонлаштириш ва мавсумий ишларга жалб қилиш, уларга ҳақ тўлаш ваколати маҳалла раисига берилди. Вакант ўринлар ҳақидаги маълумотлар туман меҳнат бўлимлари томонидан маҳаллага тақдим этиб борилмоқда. Маҳалла раиси ўз ҳудудидаги ишсизларни танлаб ишга жойлаштиради. Шунингдек, тумандаги солиқ инспекторлари ҳам маҳалладаги “бешлик тизими”га бириктирилди. Энди ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлар лойиҳаси “юриб кетиши”га кўмаклашяпти, солиқ инспектори уларга бухгалтер сифатида ёрдам беряпти. Шу асосда жойлардаги муаммоларни ҳал қилишда маҳалланинг роли кучайтирилиб, “маҳалладаги еттилик” тизимига ўтилди.
– Жорий йилда маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва келгусида нималар қилиш керак?
– Жорий йилда маҳаллани ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги 2023 йил 13 июльда тасдиқланган ПҚ-228-сон қарорига асосан, 2023 йил давомида йўналтирилган 500 млн сўм маблағ ҳисобидан “Марказобод” МФЙ маъмурий биносига умумий қиймати 28 млн сўмга 3 кВтлик қуёш панели ўрнатилди, умумий қиймати 4,9 млн сўмлик 1 та PTZ камераси ўрнатилди. Шунингдек, “Боғёп” каналига умумий қиймати 24,9 млн сўмлик томорқа майдонларини суғориш учун замонавий суғориш насоси ўрнатилди. Алишер Навоий кўчасига қиймати 131,1 млн сўмлик 30 та қуёш панелли тунги ёритгичлар қўйилди, Ш.Рашидов ва Навоий кўчалари кесишмасига умумий қиймати 69,9 млн сўмлик светофор ўрнатилди. Бундан ташқари, “Тўрткўл” кўчасидан Беруний кўчасигача умумий қиймати 91,6 млн сўмлик 900 м ҳаво электр линияси тортилди, “Тўрткўл” кўчаси марказида жойлашган умумий қиймати 146,2 млн сўмлик курант соати замонавий типда таъмирланди. Келгусида 1,6 км таъмирталаб ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизиш режалаштирилган. Бундан ташқари 0,5 км ичимлик суви қувурларини реконструкция қилиш, 94 та эски симёғочларни бетон симёғочларга алмаштириб, СИП кабеллар ўрнатиш ҳамда электр энергияси кучланиши паст бўлганлиги сабабли трансформаторни янгилаш ишлари олиб борилади.
– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Ўтган вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган давримда маҳаллада 53 та янги корхона ташкил этилиб, улардан 26 таси якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобланади. Янги ташкил этилган корхоналарга бориб, тадбиркорлар билан мунтазам алоқада бўлиб, мавжуд имкониятлар билан таништириб, уларнинг долзарб муаммолари тизимли равишда ўрганиб борилмоқда.
Масалан, муваффақиятга эришиб келаётган тадбиркор Муборак Саитова сартарошлик хизматлари, маникюр, педикюр, косметолог хизматлари ва шунга ўхшаш бошқа хизматлар билан шуғулланиб келмоқда. Бу ерда 5 та янги иш ўрни яратиб, ўзининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
– Маҳаллангизда тажрибали тадбиркорлар борми ва улар билан қандай ишлаяпсиз? Бунга мисоллар келтира оласизми?
– Албатта, бундай тадбиркорларимиз бор. Масалан, маҳалламизда тажрибали тадбиркор Барно Ҳожиева уй шароитида қандолатчилик ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаради. У тайёрлаётган маҳсулотларга қўшни туманлар, ҳаттоки Хоразм ва Бухоро вилоятларида ҳам харидорлар кўп. Бу ерда “устоз-шогирд” анъанаси асосида 20 дан зиёд қиз ҳунар ўрганиб, улар эгаллаган билимлари асосида ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келмоқдалар. Маҳалладаги бошқа муваффақиятли тадбиркорларнинг ҳам тажрибасини кенг ёйиш мақсадида улар билан тизимли ишлар йўлга қўйилган.
– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Уларнинг ўз бизнесларини бошлаши ва маҳаллий иқтисодиётга муваффақиятли интеграциялашувига ёрдам бериш учун нималар қилинмоқда?
– Хорижда меҳнат қилаётган 30 нафар фуқаро Ватанга қайтишди. Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларимизни даромадли иш билан таъминлаш ҳамда ўз бизнесларини бошлашлари учун барча имкониятлар яратилган. 2 нафарига 53 млн сўмлик имтиёзли кредит ажратилиб, ўз бизнесларини бошлашлари учун имконият яратиб берилди. Яна 14 нафари меҳнат миграциясига юқори даромадли ишларга жалб қилинди, 5 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди. Шунингдек, 9 нафари бугунги кунда норасмий секторда бўлиб, уларнинг фаолиятини легаллаштириш учун ўзини-ўзи банд қилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Фаолиятимизни юритиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Таклифим шуки, тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилишида банклар томонидан скронинг тизими соддалаштирилса, кўплаб янги тадбиркорлик субъектлари яратилиб, аҳоли фаровонлиги янада ошган, шунингдек, бюджет тушумлари янада кўпайган бўлар эди.
– Ишингиздан қониқяпсизми? Яқин келажакда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?
– Ишимдан қониқаман! Мақсадим – яқин келажакда маҳалла тизимидаги мавжуд муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал қилиб, фуқароларга амалий ёрдам бериш орқали маҳаллани юқори даражага кўтарган ҳолда янги марраларни забт этиш!
Жамолиддин Турдимов, CERR
"Иқтисодий шарҳ" журнали №7/2024
Изоҳ қолдириш