– Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими, cўнг барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада?
– Президентимизнинг ташаббуси ўлароқ ташкил этилган бу лавозим халқ манфаатини таъминлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида жорий этилди. Ҳар бир маҳаллага ҳокимнинг оёғи етмаслиги мумкин, аммо унинг жойлардаги ёрдамчилари маҳаллалардаги ҳар битта хонадон муаммоси ҳақида батафсил маълумотга эга, бу эса ҳудудларда аниқланган камчиликларни оз фурсатда, ортиқча қоғозбозликсиз ечилишига имкон беради. Бу орқали эса фуқаролар давлатдан миннатдорлик туйғусини хис қила олиши энг олий мақсад сифатида қўйилган. Ҳамма ишларимиз инсон қадрини таъминлаш учун қилинмоқда, десам адашмайман.
– Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Илгариги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
– Ўтган йилнинг июль ойида иш бошлаганман. Унга қадар шаҳардаги 22-ўрта мактабда инглиз тили фани ўқитувчиси эдим. Ушбу йўналишда вакант ўрин борлигини эшитиб, номзодимни қўйдим. Ўзим фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғинига 2021 йилда кўчиб келганман. Аввалги иш тажрибам фуқаролар билан кечадиган мулоқотимда ҳам асқотди. Қолаверса, мени устоз дея ҳурмат қилишлари яхши имконият яратиб берди, десам янглишмаган бўламан. Айнан чет тилини билганим учун Хитой тажрибасини ўрганиб келиш мақсадида ушбу мамлакатда бўлганим ҳам айни муддао бўлди.
– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қанақа, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, аҳоли, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор?
– Маҳалла Нукус шаҳрининг марказида жойлашган бўлиб, асосан, кўп каватли уйлардан иборат, ҳудуд иқтисодиётининг ўсиш “драйвери” хизмат кўрсатиш соҳаси ҳисобланади. Маҳаллада битта олий ўқув юрти ва битта мактаб, 2 та МТМ, 2 та поликлиника, Республика болалар шифохонасининг Нукус филиали, нон ва нон махсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган 3 та цех, янги очилган меҳмонхона, 10 дан зиёд умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда 12 та кичик ишлаб чиқариш корхоналари бор. Аҳолининг кўпчилиги шу ернинг ўзида меҳнат қилади.
– Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил этади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли бор, тадбиркорлик қай даражада ривожланган? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?
– Маҳаллада жами хонадонлар сони 2001 та бўлиб, аҳоли сони 4 123 нафарни ташкил этади, оилалар сони эса 2 076 та. Булардан 1-тоифа – 68 та; 2-тоифа – 1044 та; 3-тоифа – 40 та. Ижтимоий гуруҳларга кирилган фуқаролар сони 86 нафарга етиб, ҳозирги кунда 31 нафар ишсизлар аниқланган. Кўмакка муҳтожлар тоифасига киритилган фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар режаси тузилди. Ҳозирда уни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
– Маҳалла аҳолиси билан қандай алоқа ўрнатдингиз?
– Маҳалламда иш бошлаган заҳотим унинг Тelegram гуруҳини ташкил этдим. Ҳудудда истиқомат қилувчи барча фуқаролар унга аъзо бўлишди. Ҳар куни фаол фуқаролар билан биргаликда маҳалладаги муаммоларни муҳокама қиламиз, унинг ечими устида фикр алмашамиз. Одамлар маҳалла идорасига шахсан келолмаган тақдирда ҳам мана шу гуруҳлар орқали мулоқот қилиш имконига эга.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳаллангизда бир қатор тадқиқ ва сўровлар ўтказгансиз. Илтимос, уларнинг натижалари ҳақида бизга батафсил маълумот беринг, нималарни аниқладингиз?
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳалланинг Тelegram гуруҳида “Сизни қийнаётган қандай муаммолар бор?” номи остида онлайн сўровнома ўтказдим. Сўровнома натижасига кўра, болалар ўйингоҳлари ташкил этиш, кузатув камераларини ўрнатиш ва ёритгич чироқларини кўпайтириш керак, деган жавоблар олинди. Ҳозирда шу масалаларни ҳал этиш бўйича амалий ишлар давом этмоқда. Умуман, кўплаб масалалар халқ билан доимий мулоқот доирасида назоратга олиниб, масъуллар тарафидан ечиб борилмоқда.
– Ўтказилган тадқиқ ва ўрганишлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қанақа ёндашувлар ишлаб чиқдингиз?
– Хатлов жараёнида олинган маълумотларга кўра, маҳаллада яратилган иш ўрни кўп бўлгани билан, бериладиган иш ҳақлари фуқароларни унчалик қониқтирмайди. Фуқароларнинг деярли барчаси ўзига тўқ хонадонларда истиқомат қилади ва кўпчилиги, асосан, давлат ташкилотида ишлайди. Фаолиятим давомида жами 8 нафар ишсиз ва “Аёллар дафтари”да турувчи фуқароларга жами қиймати 60 млн сўмлик субсидия асосида асбоб-ускуналар олиб берилди. Бугунги кунда ушбу фуқароларимиз ўзини ўзи банд килиш асосида фаолият юритмоқда.
– Айтингчи, маҳалла аҳлини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
– Маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчилари билан ҳамкорликда ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан бирга ишлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. “Йўл харитаси” асосида ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида йил давомида Моно-марказларда касб-ҳунарга ўқитилиб, уларга субсидия ва енгиллаштирилган кредит асосида асбоб-ускуналар олишда ёрдам кўрсатилди.
– Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?
– Хатлов жараёнида 31 нафар фуқароларнинг ишсизликдан қийналиб келаётгани аниқланди. Улар касбга йўналтирилиб, ҳозирги кунда янги касб бўйича ўқишини битириш арафасида. Фикримча, фуқароларимизга камбағаллик уят тушунча эканлигини сингдира олишимиз ва уларга Хитой тажрибасини қўллашимиз керак. Уйда боқиманда кайфиятда ўтириб олган одамларни эмас, оз бўлса-да оиласини боқишга ҳаракат килаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш тарафдориман.
– Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангиздаги муаммоларни қандай тавсифлаб бера оласиз ва уларни ҳал этиш ҳамда маҳаллани ободонлаштириш борасида қандай ишлар олиб боряпсиз?
– Маҳалла Нукус шаҳри марказида бўлганлиги учун газ, электр, сув масалаларида умуман муаммо йўқ. Ободонлаштириш ишларида ҳам фуқаролар жуда фаол, ҳар хафта дам олиш кунлари ҳашар ташкиллаштирамиз, ўзимиз иқтиқомат қилаётган ҳудудни янада чиройлироқ, қулайроқ қилишга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, бунда сўнгги йилларда давлатимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани, мазкур ишларга улкан маблағлар ажратилаётгани ҳам катта роль ўйнамоқда.
– Сиз маҳаллангизнинг иқтисодий ривожланишини энг яхши таъминлай оладиган асосий “ўсиш нуқталари” (драйверлари), тармоқ йўналишларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказдингизми? Агар ўтказилган бўлса, натижалар нимани кўрсатди?
– Юқорида айтиб ўтилгани каби маҳалла хизмат кўрсатишга ихтисослашган, аҳолининг аксарияти ушбу йуналишда фаолият юритади. Шунингдек, эндиликда ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш оркали яна қўшимча иш ўринлари яратиш ҳам бугун олдимизга қўйган мақсадлардан биридир. Маҳаллада бунинг учун барча инфраструктуравий имкониятлар етарли.
– “Маҳаллабай” тизими маҳаллий даражада ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларни бартараф этишда барча даражадаги бошқарув органларининг яқин ўзаро ҳамкорлигини кўзда тутади. Бу ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган? Амалиётингизда шундай ҳолатлар бўлганми? Ушбу муаммо қандай ҳал қилинганига аниқ мисоллар келтиринг.
– Маҳалла 3-секторда жойлашган бўлиб, Нукус шаҳар ИИБ билан узвий ҳамкорликда фаолият юритамиз. Масалан, А.Шамуратова кўчаси 102-Б уйда яшовчи фуқароларнинг ертўла муаммоси юзасидан қилган мурожаати ижобий ҳал этилди. Кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб турилади. Аввал жиноий жавобгарликка тортилиб, муддатини ўтаб келган фуқароларимизга қўшма қарор асосида оёққа туриб олингунга қадар амалий ёрдам берилмокда.
– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
– Давлатимиз томонидан берилаётган иш ҳақи ва оиламдаги тўкинчилик ортиқча коррупцияга ҳожат қолдирмайди ва мен бир давлат хизматчиси сифатида бундай ишлардан нафратланаман. Шуни маъқул кўраётган фуқароларимизни ҳам бу йўлдан қайтараман. Бундан ташқари, бажарилган ишлар, сарфланган маблағлар юзасидан депутатлар, маҳалла аҳолиси олдида доимий равишда ҳисобот бериб борилади. Бу ҳам коррупция ҳолатларининг юзага келмаслигига катта ёрдам беради.
– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими? Келажак режаларингиз ҳақида сўзлаб беринг.
– Фаолиятим давомида 10 та янги тадбиркорлик субъектини яратдим, ушбу тадбиркорларимиз маҳалладаги ишсиз фуқароларимизни ишга қамраб олишга ҳаракат қилишмоқда. Албатта, аҳоли ҳам буни кўриб-билиб турибди, айниқса, уларнинг “Авваллари кредит олишда, тадбиркорликни йўлга қўйишда умримиз бино ҳовлисида ўтар эди, ҳоким ёрдамчилари келиб, тадбиркорлигимизни қийинчиликсиз бошлаб олдик”, — деган сўзларини эшитиш кишига қувонч бағишлайди. Асосийси, халққа фойдамиз тегса бўлди.
Эндиги ўз олдимга қўйган мақсадларимдан бири шуки, худди хитойликлар сингари “Менинг маҳалламда камбағал йўқ” деган жумлани зарҳал ҳарфлар билан ёзиб, маҳалламнинг энг кўринарли жойига осиб қўймоқчиман. Ҳозирги кунда менга ишониб топширилган бу лавозимда сидқидилдан ишлаб, Президентимиз ва халқимиз билдирган ишончни албатта оқлайман!
Изоҳ қолдириш