– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?
– Мен, Дониёрхўжа Мадаминов Расулхўжаевич 2022 йил январь ойидан буён Фарғона тумани “Мозортаги” МФЙ ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб келмоқдаман. Аввал вилоят Пенсия жамғармасида турли лавозимларда ишлаб, ушбу лавозимга Пенсия жамғармаси Фарғона вилоят бошқармасининг ижтимоий ҳимоя ягона реестр ахборот тизимини мувофиқлаштириш шўъбаси раҳбари лавозимидан ўтганман.
Ўзим фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғинида туғилиб ўсганман. Аввалги иш тажрибам фуқаролар билан кечадиган мулоқотимда жуда асқотди. Қолаверса, шу ерда туғилиб ўсганим ҳам менга анча қўл келди, десам янглишмаган бўламан. Иқтисодиёт йўналишида фаолият олиб борганим учун иш фаолиятимда Хитой тажрибасини қўллаганим ҳам айни муддао бўлди.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз. 2022 йилда маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилганидан буён ўтказилган сўровлар натижасида аҳолининг ижтимоий таркиби ва фаровонлиги бўйича қандай маълумотлар олинди?
– Маҳалла туман марказидан 18 км. узоқликда, Фарғона шаҳар марказидан 12 км. узоқликда жойлашган бўлиб, ҳудуд иқтисодиётининг ўсиш драйвери хизмат кўрсатиш (туризм) ва чорвачилик соҳаларидир. Аҳоли асосан ушбу фаолият турлари билан шуғулланишдан даромад олади.
Ўрганишлар давомида маҳаллада 3198 нафар аҳоли истиқомат қилиши аниқланди. Шундан аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатлами ўз хонадонида чорвачилик, асаларичилик ва турли хилдаги хизмат кўрсатиш ишлари билан банд. Маҳаллада дастлабки хатлов натижаларига асосан 245 нафар ишсиз фуқаро аниқланган. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида, ўз тажриба ва имкониятларидан келиб чиқиб имтиёзли кредит, субсидия бериш орқали ёки доимий ҳамда жамоат ишларига банд қилишда кўмаклашиб келинмоқда.
– Сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди? Бу лавозимда ишлаганингизнинг биринчи йилида аҳолининг турмуш шароити ва фаровонлигини ошириш борасида нималарга эришдингиз?
– Юқорида айтилганидек, маҳалла ривожланишининг асосий драйвери – хизмат кўрсатиш (туризм) соҳасидир. Сўровномалар ва таҳлилий маълумотларга асосланиб, дастлаб ишсиз ва кам таъминланган фуқаролар ҳамда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқаролар ўрганилди, улар бўйича алоҳида иш олиб борилди. 2022 йил давомида 48 нафар ишсиз ҳамда даромад олиш истаги бўлган фуқарога оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиши учун жами 850 млн сўм маблағ, 12 нафар ишсиз хотин-қизга субсидия асосида 68 млн сўмлик меҳнат қуроллари олиб берилди. Бундан ташқари 16 та янги юридик, 22 нафар ЯТТ субъекти ташкил этиш орқали 45 та янги иш ўрни яратилишига ҳамда ишсиз фуқароларни бандлиги таъминланишига эришилди. Ҳудудда жойлашган хизмат кўрсатиш объектлари, хусусан, дам олиш масканларига 128 нафар ишсиз фуқарони мавсумий ишга йўналтирилиб, даромад олишларига кўмаклашилди.
– 2023 йилдаги фаолиятингиз натижалари, унинг йўналишлари – ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида батафсил гапириб берсангиз. Ўтган йил маҳалла ва ўзингиз учун қилган қайси ишни энг муҳими деб биласиз?
– 2023 йил давомида маҳаллада ишсиз эркак-аёллар ва ёшлар касб-ҳунарга ўқитилди, 12 нафарига субсидия асосида меҳнат қуроллари олиб берилди, 42 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилди, 21 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 42 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланишига эришилди. Ташаббусли бюджет лойиҳасида кетма-кет икки маротаба ғолибликни қўлга киритиш орқали 3,8 км узунликдаги ички йўлларга асфальт ётқизилди ҳамда 38-мактабнинг моддий техника базаси мустаҳкамланди.
– 2023 йилда ҳоким ўринбосарлари фаолиятига оид қатор қарорлар қабул қилинди. Маҳаллаларнинг рейтинги жорий этилди, якка тартибдаги дастурлар амалиёти жорий этилди, маҳаллаларнинг фаол аъзолари сони 5 нафардан 7 нафарга оширилди, маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кенгашлар ташкил этилди. Ушбу қарорлар муносабати билан маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилди, янги таркибдаги фаолларнинг иши қандай ва бу қарорлар фаолиятингиз самарадорлигига нечоғлик таъсир кўрсатди?
– Мамлакатимизда маҳалла институтининг жамиятдаги ролини ошириш ва уни тубдан ривожлантириб борилиши, бу бевосита халқимиз турмуш тарзининг фаровонлиги ошишига асосий дастак бўлади, деб ҳисоблайман. Бунда ҳар бир еттилик аъзоларига белгиланган вазифа ва мажбуриятларнинг бажарилиши, фуқаролар билан индивидуал ишлаш ҳамда муаммоларни ҳал этиш орқали камбағалликдан чиқаришга, ўз даромад манбаига эга бўлишларига имкон яратиб келинмоқда.
– Жорий йилда маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва келгусида нималар қилиш керак?
– Маҳаллани ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, дастлаб маҳалланинг аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи омилларни бартараф қилиш белгилаб олинган. Хусусан, маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш, ички йўлларини таъмирлаш, электр таъминотидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ишлар олиб борилди, тадбиркорларга шароит яратиш билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Албатта, шароит бор жойда ривожланиш бўлади. Ўтган давр мобайнида 48 нафар янги тадбиркорлик субъекти очилиб, ҳудудимизда илгари мавжуд бўлмаган хизмат турлари ташкил этилишига эришилди. Маҳаллани ривожлантиришга Республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан 6,3 млрд сўм маблағ ажратилди. Ҳудуддаги Аввал қишлоғига Туризм қишлоғи мақомини олиш режаси ишлаб чиқилиб, бу бўйича таклифлар берилган.
Фарғона тумани Аввал қишлоғи ҳудудининг (“Бирдамлик”, “Аввал”, “Мозортаги”, “Қорасув”, “Оқтепа”, “Ўртақишлоқ” ва “Дамкўл” МФЙ) “туризм қишлоғи” мақомини бериш учун мавжуд салоҳияти тўғрисидаги маълумот.
Аввал қишлоғи ҳудудида 4110 та хонадон мавжуд бўлиб, жами аҳоли сони 19046 тани ташкил этади. Қишлоқ Фарғона шаҳар марказидан 15 км. узоқликда жойлашган бўлиб, жамоа транспортлари ва бошқа енгил русумдаги йўналишли такси (автобус, Дамас ва бошқа енгил автомобиллар) қатновлари йўлга қўйилган. Ушбу ҳудудни туризмга ихтисослаштирилган қишлоққа айлантириш ҳамда келаётган хорижий ва маҳаллий меҳмонларни олиб қолиш кунларини узайтириш учун қуйидаги қўшимча хизмат турлари ташкил этилиши зарур. Жумладан:
- 20 дан ортиқ хонадонда миллий оилавий меҳмон уйлари;
- автотураргоҳлар;
- йўл кўрсаткичлар;
- туристик харита;
- Wi-Fi зоналар;
- санитар-гигиеник шохобчалари;
- туризм ахборот маркази.
Президентимизнинг 2022 йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 232-сонли қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 июлдан бошлаб “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақоми берилган ҳудудларда меҳмон уйлари, овқатланиш, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари (хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси ва айланмадан олинадиган солиқ ставкасини – 1 фоиз) татбиқ этилади.
Бундан ташқари, ушбу қарор билан оилавий меҳмон уйларини таъмирлашга 100 млн. сўмгача, мебель, маиший техника ва бошқа буюмлар билан жиҳозлашга 50 млн. сўмгача ҳамда сузиш ҳавзаларини ташкил этишга 200 млн сўмгача лойиҳаларни молиялаштириш учун тадбиркорларга кредитлар берилиши кўзда тутилган.
Ушбу имтиёзни қўллаш билан қишлоқ ҳудудида самарали натижаларга эришиш мумкин бўлади. Жумладан:
– сайёҳлар оқими 50 минг нафарга ошиши мумкин;
– туризм хизматлари айланмаси шаклланади;
– туризм соҳаси тадбиркорлик субъектлари томонидан даромад топишлари учун имконият яратилади ва 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилишига сабаб бўлади;
– аҳолининг тунги вақтда ҳордиқ чиқариш, маданий объектларга боришлари учун шарт-шароитлар яратилади;
– ёшларнинг билим ва салоҳиятларини намоён этиши ва тадбиркор фаолиятларини бошлаши учун қўшимча имкониятлар яратилади;
– Республиканинг етакчи туроператор ва турагентларининг филиаллари ташкил этилади ва улар томонидан саёҳларни жалб этиш имкониятлари ошади.
Қишлоқ ҳудудида ҳозирги кунда бир қатор туризм хизматлари ва объектлари мавжуд. Улар орасида Хўжампошшо зиёратгоҳи ва чилла сақлаган ғори, табиий шифобахш булоқлар, миллий таомлар чойхоналари, парк-аттракционлар, “Етти булоқ” санаторийси, хонадонида товус, отлар мавжуд бўлган хонадонлар (бу орқали отда сайр қилиш хизматларини ташкил этиш имконияти мавжуд), маданий-кўнгилочар тадбирлар хизмати (дорбозлар, миллий аския, раққослар), селфи-объектлар, сайёҳларга гастрономик хизматлар (миллий таомлар, ошпазлар танлови, маҳорат дарслари), ҳафтанинг ҳар шанба куни бўладиган бозор (деҳқон, озиқ-овқат, буюм, мол, қушлар ва бошқалар), соғломлаштириш маркази хизматлари (уқалаш, шейпинг, SPA), гўзаллик маркази хизматлари, замонавий фотосалон, шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий уй-музейи, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, Жоме масжиди ва бошқалар бор.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– Камбағалликни келтириб чиқарувчи бир нечта омиллар мавжуд. Оиладаги бошланғич тарбия, тадбиркорликни бошлаш учун бошланғич сармоянинг мавжуд ёки етарли эмаслиги, диёнатли бўла олмаслик ҳамда уқув-малакасизлик оқибатида боқиманда кайфиятга келиб қолиш каби омилларни айтиш мумкин. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли белгилаб берилган барча вазифа ва молиявий инструментларни жалб қилиш, камбағал оиланинг ҳар бир аъзоси билан индивидуал ишлаш орқали аҳолини камбағалликдан чиқариш мумкин.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.
– Фаолиятим даврида 51 нафар тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилди. Шундан 27 нафар юридик, 24 нафар ЯТТ фаолияти иш бошлади. Бунинг негизида 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилишига эришилиб, маҳаллада ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган, қўшимча имконияти мавжуд тадбиркорлик субъектлари ажратиб олиниб, алоҳида ишлаш ва молиявий кўмаклашиш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтиришга эришилди. Мисол учун “AXRORBEK MIRBOBO FAYZ” МЧЖнинг қўшимча бўш турган ер майдонига миллий ширинликлар ишлаб чиқариш ва тантанали тўй маросимлари ўтказиш хизматларини ташкил этиш орқали 14 та янги иш ўрни яратилди.
– Сизнинг маҳаллангизда тажрибали тадбиркорлар борми ва улар билан қандай ишлаяпсиз? Бунга мисол келтира оласизми?
– Ҳудудда муваффақиятга эришиб келаётган тажрибали тадбиркорлар кўп. Бундай лидер тадбиркорлар билан алоҳида ишлаш ва уларга кам таъминланган оилалардаги ишсиз фуқароларни бириктириб бериш (оталиққа олиш) орқали кам таъминланган оилаларга даромад киришига эришилмоқда.
– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу инсонларга ўз бизнесларини бошлаши ва маҳаллий иқтисодиётга муваффақиятли интеграциялашувига ёрдам бериш учун нима ишлар қилинмоқда?
– Маҳалламизда ҳозирда турли давлатларда 120 дан ортиқ меҳнат муҳожири мавжуд. Ҳар бир мигрант билан видеомулоқотлар амалга оширилиб, ишлаётган давлатидаги “иш берувчи ким, неча пул ойлик олади, ҳужжатлари мавжудми, ойликларни олишда муаммолар йўқми” ва бошқа шу каби саволларга жавоб олинади. Агар фуқароларимиз ишларидан қониқиш ҳосил қилмаса, Ўзбекистонда яратилаётган шароитлар билан таништирилиб, юртига қайтиб келса, бандлигини таъминлаш, даромад олишга кўмаклашиш учун имтиёзли кредит ва бошқа жиҳатлар бўйича тушунтиришлар берилади. Хориждан қайтиб келган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларга ижара асосида узоқ муддатли ер ажратиш, доимий мавсумий ишларга жалб қилиш ёки субсидия, имтиёзли кредит бериш каби амалий ёрдамлар амалга оширилмоқда.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Ҳоким ёрдамчилари институти бу Янги Ўзбекистонда янгича креатив фикрлаш, демакдир. Амалиётда тадбиркорлар ва кам таъминланган, ишсиз қатлам билан ишлаш бу ҳар бир ҳоким ёрдамчисининг тажрибасини, меҳнат фаолияти давомида малакасини ошириб боради. Яширин иқтисодиётга барҳам бериш учун қўшимча ваколатлар бериш мақсадга мувофиқ. Фаолиятимиз давомида ҳар қандай бюрократик тўсиқларни йўқ қилиш, муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўриш ишимизнинг самарадорлигини янада оширади деб биламан.
– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? Яқин келажакда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?
– Муҳими, маҳаллада фуқароларда давлатга ишонч туйғусини уйғота олдик. Бу ҳолатга фаолиятим давомида учрашувлар, суҳбатлар ҳамда амалга оширилаётган ва оширилиб келинаётган ислоҳотлар жараёнида кўп бор гувоҳ бўлдим. Яқин келажакда ҳоким ёрдамчиси лавозимига тегишли мажбуриятларим ва ўз олдимга қўйган қўшимча талабларни бажаришим учун катта мақсад ва вазифалар белгилаб олганман. Фаолият олиб бораётган ҳудудим ҳамда атрофимдаги 5 та маҳаллага “туризм қишлоғи” мақомини олиш орқали худудимизга инвестиция кириб келиши, тадбиркорларга солиқ имтиёзлари белгиланиши, ишсизларнинг бандлиги таъминланишига эришиш каби мақсадларни ўз олдимга қўйганман. Қолаверса, маҳалламга давлат раҳбарининг ташрифини ташкил этиш учун бор куч-салоҳиятимни сафарбар этиш – бош мақсадим!
Жамолиддин Турдимов, CERR
"Иқтисодий шарҳ" журнали №8/2024
Изоҳ қолдириш