Ҳоким ёрдамчилари - халқ орасида ("Дўстлик" маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари - халқ орасида (

Мамлакатимизда “маҳаллабай” иш тизими йўлга қўйилиб, барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?

– Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан жорий қилинган бу тизим авваламбор оддий инсонлар манфаати учун хизмат қилади. Чунки ушбу тизимда жойларда юзага келаётган муаммолар қуйи поғонада – жойида оператив ҳал қилинади. Натижа эса пировардида ватан равнақи, келажагига хизмат қилади, мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши жадаллашади.

Ўзингиз ҳақингизда кўпроқ гапириб беринг. Бу лавозимга қандай келдингиз, бундан аввал нима билан шуғуллангансиз, қаерда ишлагансиз? Янги вазифаларни қандай ҳал қиляпсиз? Янги ишингиздан қониқдингизми?

– Мен Кадиркулов Дилмурод Алимахаматович, 1988 йил 22 январда туғилганман. 2010 йил Гулистон Давлат университетини, 2020 йил Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг магистратура босқичини тамомлаганман. Бугунги кунгача Сирдарё вилояти Мактабгача таълим бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаганман. Ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўз хоҳишим билан ўтганман, ҳозирги ишимдан жуда мамнунман. Дўстлик маҳалласидаги ҳар бир хонадон билан ишлаш бўйича “йўл харитаси” тузилган ва истиқбол режа асосида иш юритилмоқда.

Маҳаллангиз ҳақида батафсилроқ маълумот беринг. У қаерда жойлашган, туман марказидан олисми?

– Маҳалла ҳақида қисқача айтсам, Дўстлик МФЙ 1993 йил ташкил этилган. Умумий майдони 91,76 кв км. Таркибидаги кўчалар сони 14 та, кўп қаватли уйлар сони 15 та, якка тартибдаги уйлар эса 419 тани ташкил этади. Маҳаллада 658 та хонадон, 786 та оила, 2 646 нафар фуқаролар истиқомат қилади. Туман марказидан узоқлиги 0,5 км. Маҳалланинг асосий ривожланиш драйверларига хизмат кўрсатиш ва чорвачилик соҳаларини киритиш мумкин.

“Маҳаллабай” тизими барча даражадаги давлат ҳокимияти органларининг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлашни кўзда тутади. Ушбу алоқа қандай ўрнатилган? Маҳаллангиздаги фаолиятингизни туман, вилоят ва республикадан қўллаб-қувватланаётганини сезяпсизми?

– Албатта, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган вақт келди”. Фуқаролардан келаётган мурожаатларни имкон қадар ўзимиз, қонуний асосда турли юқори ташкилотлар билан биргаликда баҳамжиҳат ҳал қилмоқдамиз. Ҳокимиятнинг ҳар бир бўғини бевосита ваколат доирасида бизга кўмак бермоқда. Бунда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ҳоким ўринбосарларининг фаолиятига кўмаклашиш учун яратилган электрон платформа қўл келмоқда.

Мазкур платформа жуда қулай бўлиб, энг муҳими ортиқча хатти- ҳаракатларсиз, инсон омилисиз мурожаатларни ҳал қилишга имкон беради. Фуқаролар учун қулайлиги шундаки, қўлимизда планшет билан хонадонларга бориб, шу ерни ўзида мурожаатларни ёзиб оляпмиз ва электрон платформа орқали ечимини топмоқдамиз.

Ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш мақсадида маҳаллада сўров ва суҳбатлар ўтказяпсизми? Қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларни қандай аниқлайсиз? Камбағал ва ҳимояга муҳтожларни қайси мезонларга кўра билиш мумкин?

– Ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш учун биз ҳар бир хонадонга кириб, хатлов қилганмиз ҳамда тоифаларга ажратганмиз. 1 ва 3-тоифадагиларга ишсиз, ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бор фуқаролар киритилган. Фуқароларга ёрдам беришда, биринчи навбатда, шу тоифадагилар билан ишлаймиз. Хатлов якунига кўра, чорак ва йиллик ишлар бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Уни тузишда аҳоли бандлигини таъминлаш этиборнинг биринчи марказида бўлди. Жумладан, молиявий инструментлар ҳисобланадиган имтиёзли кредит, субсидиялар, ўқиш истагини билдирган фуқароларни ўқишга жалб қилиш, ўзини-ўзи банд қилиш ҳамда ер ажратиш ва янги лойиҳалар ҳисобига яратиладиган иш ўринларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?

– Камбағалликка олиб келган омиллар бир қанча. Булар орасида, энг биринчи, доимий ишнинг йўқлиги, яъни ишсизлик, маълумотга эга бўлмаганлик, шунингдек, тадбиркорлик қилиш учун билим ва малакаларнинг етишмаслиги кабиларни санаб кўрсатиш мумкин. Бирон-бир ишни бошлашдан олдин, масалан, имтиёзли кредит ёки субсидия олмоқчи бўлган фуқарони шу соҳага қизиқиши ва тушунчаси бўлиши керак.

Ишсизлик ва камбағалликни олдини олиш учун маҳалланинг ўсиш драйверидан келиб чиққан ҳолда, фуқароларга таклифлар ва кўникмалар берилиши йўлга қўйилди. Шу аснода маҳалламизда йирик ишлаб чиқаришлар ташкил этилиши керак. Натижада ишсизликнинг олди олинади ва даромад манбаи пайдо бўлиб, камбағаллик қисқаради. Шунингдек, ҳар бир хонадонда чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик каби йўналишларда ўзини-ўзи банд қилиш ишларининг йўлга қўйилиши ҳам тез орада ўз ижобий таъсирини кўрсатиши шубҳасиз. Камбағал инсон янада қашшоқлашиб кетишини олдини олган ҳолда тизимдаги талабга асосан тадбиркорлик қилишдан олдин уларни шу соҳанинг мутахассиси бўлиши учун мономарказларга ўқишга жўнатяпмиз.

Маҳаллангизда озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолининг зарур ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши қай даражада (ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда муҳим озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг тизимли мониторинги /ўлчови ўтказилмоқдами)?

– Маҳалламизда озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолининг зарур ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжини қондириш мақсадида керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Мисол тариқасида, лидер тадбиркорларни жалб қилган ҳолда нарх-наво сунъий оширилишининг олди олиниб, фуқароларга арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш йўлга қўйилди. Бу орқали маҳалла аҳолисини арзон озиқ-овқатлар билан таъминлашга эришилди.

Маҳалладаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда ва бу муаммоларни ҳал этишни сиз қай даражада уддалаяпсиз?

– Бу борада маҳалламизда ишлар тизимли ташкил этилган. Жумладан, ёшлар етакчилари томонидан маҳалладаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 50 фоизгача бўлган контракт пуллари тўлаб берилди, соғлиғида муаммоси бор ёшларга эса БҲМнинг 50 бараваригача бўлган маблағлар ўзимизда ва чет элда даволаниш учун ажратилади. Бундан ташқари, яна турли касалликлардан азият чекаётган фуқароларни “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритиб, саломатликларини тиклаш учун маблағ ажратмоқдамиз. Маҳғалламизда шу асосда 12 нафар ёшларга таълим ҳамда 7 нафар фуқарога соғлиқни сақлаш тизими йўналишида ёрдам берилди.

Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион усулларни қўлладингиз?

– Ушбу фуқароларни қўллаб-қувватлаган ҳолда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида қиймати 2 071 млн сўмлик 66 та (18 та чорвачилик, 28 та хизмат кўрсатиш, 5 та иссиқхона, 10 та тикувчилик, 2 та қандолатчилик ва 1 та асаларичилик) лойиҳага кредит ажратилиши ҳисобига 89 киши иш жойига эга бўлди. Шунингдек, 38 нафар ишсиз фуқароларга 163 млн сўм миқдорида субсидиялар ажратилиб, 33 нафар киши иш билан таъминланди. Шунингдек, 7 гектар пахта ва ғалла ер майдонларидан 10 йилга ижарага 50 сотихдан ажратилиши ҳисобига 14 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, маҳаллада норасмий фаолият юритаётган 123 нафар фуқаролар ўзини-ўзи банд қилганлар сифатида рўйхатга олинди.

Маҳаллада меҳнатингизга муносабат қай даражада ўзгарди, аҳолининг ишончи ошдими?

– Бизнинг ишимизга баҳони халқ беради. Шу билан бирга, фуқароларнинг ишончи ҳам сезиларли даражада ошганини қайд этиб ўтиш керак. Чунки ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга озроқ туртки берганимиз сабабли уларнинг доимий даромад манбаи пайдо бўлди. Мақсадимиз – маҳалламизда ишсизлик даражасини бутунлай йўқ қилиш ва аҳоли даромадини янада ошириш! Ўзбекистонимизни ривожлантиришга энг қуйи тизимда оз бўлса ҳам ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман.

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?

– Ҳоким ёрдамчилари учун аратилган “ONLINE MAHALLA” платформаси электрон шаклда – инсон омилисиз ишлайди. Фуқароларга ҳам жуда қулай, энг муҳими – ҳеч қандай ортиқча хатти ҳаракатларни талаб қилмайди. Бундан ташқари, доимий равишда маҳалла фуқаролари билан суҳбатлар уюштириб, шаффофлик асосида жамоатчиликка ўз фаолиятим тўғрисида маълумот ва ҳисоботлар бериб бормоқдаман.

Жамолиддин Турдимов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Мамлакатда/Ҳудудлар
"Иқтисодий шарҳ" журнали №12/2022
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар