Саноат ва хизматлар соҳасидаги фаоллик бизнес муҳитининг яхшиланишига хизмат қилди

Саноат ва хизматлар соҳасидаги фаоллик бизнес муҳитининг яхшиланишига хизмат қилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) ҳар ой республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ўтказиладиган сўровнома натижалари асосида Ўзбекистондаги бизнес муҳити таҳлилини эълон қилди.

Унда жорий бизнес муҳити баҳоси ва келгуси уч ой бўйича тадбиркорларнинг кутишларини акс эттирувчи бизнес муҳити индикатори келтирилган.

Ўзбекистонда бизнес муҳити индикатори динамикаси

Июнь ойида бизнес муҳити йиғма индикатори 58 бандни ташкил этиб, май ойига нисбатан 1 бандга юқори бўлди.

50 банддан юқори кўрсаткич тадбиркорлар орасида ижобий баҳолар устунлигини англатади.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий бизнес муҳити индекси 48 бандни, кутилмалар индекси эса 68 бандни ташкил этди. Бу корхоналар томонидан жорий вазиятга нисбатан эҳтиёткор баҳо сақланаётганини, айни пайтда келгуси уч ой учун ижобий кутилмалар юқори даражада қолаётганини кўрсатади.

Сўровнома натижалари ишбилармонлик фаоллигининг асосий кўрсаткичлари ижобий динамикага эга эканини кўрсатмоқда. Сўнгги уч ойдаги бизнес ҳолатини тадбиркорларнинг 48 фоизи «яхши» деб баҳолаган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 44 фоизни ташкил этган. Бу жорий бизнес муҳитига берилаётган баҳолар яхшиланганини англатади.

Бизнес ҳолатини «яхши» деб баҳолаган тадбиркорлар улуши 42 фоизни ташкил этди (май ойида — 38 фоиз). Бу жорий бизнес муҳитига берилган баҳолар яхшиланганини кўрсатади.

Сўнгги уч ойда товар ва хизматларга талаб ошганини респондентларнинг 40 фоизи қайд этган (май ойида — 37 фоиз). Шу билан бирга, ходимлар сони ошганини билдирган тадбиркорлар улуши 24 фоизни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан (28 фоиз) бироз пасайди.

Тармоқлар кесимида бизнес муҳити индикатори динамикаси

Ўтган ойга нисбатан бизнес муҳити баҳолари саноат ва хизматлар соҳасида яхшиланди. Қишлоқ хўжалиги ва қурилиш тармоқларида эса кўрсаткичлар бироз пасайди.

Қишлоқ хўжалигида бизнес муҳити йиғма индикатори 64 бандни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан бироз паст бўлди (май ойида 70 банд). Шу билан бирга, тармоқда жорий ҳолат ва тадбиркорларнинг кутилмалари яхшиланди.

Сўнгги уч ойда вазият яхшиланганини тадбиркорларнинг 54 фоизи (май ойида — 47 фоиз) қайд этди. Жорий бизнес ҳолатини «яхши» деб баҳолаганлар улуши 52 фоизни (49 фоиз), ходимлар сони ошганини билдирганлар эса 32 фоизни (28 фоиз) ташкил этди.

Қурилиш соҳасида бизнес муҳити йиғма индикатори 65 банд бўлиб, ўтган ойга (69 банд) нисбатан 4 бандга пасайди.

Шунга қарамай, тармоқда ишбилармонлик фаолияти бўйича ижобий баҳолар сақланиб қолди. Сўнгги уч ойда вазият яхшиланганини қурилиш компанияларининг 49 фоизи (май ойида — 47 фоиз) билдирди. Ходимлар сони ошганини 36 фоиз компания (42 фоиз), маҳсулотларга талаб ошганини эса 36 фоиз корхона (51 фоиз) қайд этди.

Саноатда бизнес муҳити йиғма индикатори 49 бандни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 3 бандга (46 банддан) ошди. Индекснинг нисбатан мўътадил даражаси саноат корхоналарининг жорий бизнес ҳолатига берган баҳолари билан изоҳланади.

Жорий бизнес ҳолатини «яхши» деб баҳолаган саноат корхоналари улуши 43 фоизни (34 фоиз) ташкил этди. Шу билан бирга, 55 фоиз корхона (61 фоиз) келгуси уч ойда ходимлар сони кўпайишини кутмоқда. Қисқа муддатли кутилмалар юқори даражада сақланиб, саноат корхоналарининг 74 фоизи яқин уч ойда бизнес ривожланишига ижобий баҳо берди.

Хизматлар соҳасида бизнес муҳити йиғма индикатори 3 бандга ошиб, 59 бандни (56 банд) ташкил этди ва ижобий ҳудудда сақланиб қолди. Ўзгаришлар асосан қисқа муддатли кутилмаларнинг яхшиланиши ҳисобига кузатилди. Мазкур кўрсаткич 67 бандни ташкил этиб, ўтган ойдаги кўрсаткичга нисбатан 6 бандга юқори бўлди (61 банд).

Хизматлар соҳасида ишбилармонлик фаоллиги бўйича ижобий баҳолар сақланмоқда. Корхоналарнинг 76 фоизи келгуси уч ойда бизнес ривожланиши истиқболларини ижобий баҳолаган бўлса, 38 фоизи сўнгги уч ойда жорий бизнес ҳолати яхшиланганини қайд этди.

Бизнес юритишдаги тўсиқлар қисқармоқда

Июнь ойи якунларига кўра, тадбиркорларнинг 60 фоизи бизнес юритишда тўсиқлар мавжуд эмаслигини билдирган. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 3 фоиз бандга юқори бўлди (май ойида — 57 фоиз).

Тўсиқлар мавжуд эмаслигини билдирган тадбиркорлар улуши хизматлар соҳасида 63 фоизни, қишлоқ хўжалигида 59 фоизни, қурилишда 53 фоизни ва саноатда 52 фоизни ташкил этди.

Тадбиркорлик фаолиятини чеклаётган асосий омиллар сифатида респондентлар солиқ маъмуриятчилиги ва солиқ ставкалари билан боғлиқ масалаларни — 20 фоиз, кредит олиш имконияти, фоиз ставкалари ва банк хизматлари билан боғлиқ муаммоларни — 14 фоиз, талабнинг етарли эмаслигини — 8 фоиз ҳамда бошқа молиявий қийинчиликларни — 8 фоиз ҳолатда қайд этган.

Тармоқлар кесимида қишлоқ хўжалигида молиявий қийинчиликлар ва ер участкаларини олиш масалалари долзарб бўлди. Саноатда электр таъминоти ва кредитлардан фойдаланиш, қурилишда молиявий чекловлар, хизматлар соҳасида эса солиқ маъмуриятчилиги ва талабнинг етарли эмаслиги кўпроқ қайд этилди.

Иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлиги ва инвестицион фаолликни

ўрганиш шўъбаси

тел: (78) 150 02 02 (441)

Жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар