Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс иқтисодий ривожлантириш орқали аҳоли бандлиги ва даромадлилигини таъминлаш ҳамда турмуш фаровонлигини ошириш масаласига стратегик йўналиш сифатида эътибор қаратилиб, сўнгги йилларда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг жамоатчилик муҳокамалари асосида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида учинчи устувор йўналиш “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш”, дея номланган ҳолда вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш алоҳида 3.5-йўналиш сифатида белгиланганлиги ҳам бежиз эмас. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йилдан ҳар бир ҳудудни комплекс ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар бошланди. Бу борада қуйида атрофлича тўхталиб ўтамиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадидаги ҳудудларга ташрифларида биринчи навбатда ҳудудлар иқтисодиётидаги ўсиш нуқталарини белгилаш ва шу орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этилиши, Олтинсой, Узун, Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Термиз ва Сариосиё туманларида зайтун плантациялари, Шеробод, Музработ ва Қизириқда анорзорлар барпо этилиши алоҳида белгилаб берилганлигини алоҳида қайд этишимиз мумкин[1].
Бизга маълумки, замонавий ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасиз ҳудудлар тараққиёти имконсиз. Шундан келиб чиққан ҳолда 2018 йилда бошланган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яхшилаш орқали ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Биргина 2021 йилда барча туман ва шаҳардаги жами 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш чора-тадбирларини молиялаштиришнинг белгиланганлиги шубҳасиз яқин истиқболдаги тараққиётга ҳам хизмат қилади. Бунда 2021 йил давомида молиялаштириш манбалари ва йўналишлари қуйидагича (1-расм).
1-расм. 2021 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш чора-тадбирлари учун қамраб олинган қишлоқ (маҳалла) сони ва молиялаштириш[2]
Ҳудудлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш ва дахлдорликни кучайтириш мақсадида маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлашга қаратилган маҳаллий давлат органлари ваколатлари кенгайтириб келинмоқда.
Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш ҳисобига қўшимча солиқ тушумларига эришиш, ҳудудларни субвенциядан чиқариш ва умумдавлат солиқларини маҳаллий бюджетларда қолдириш ва ҳоказолар бевосита маҳаллий бюджетлар даромадларининг ошишига, бу эса ўз навбатида ҳудудларда турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Натижада 2018 йилдаёқ барча маҳаллий бюджетлар субвенциядан тўлиқ чиқарилди ва бугунги кунда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар қўлланилмоқда (1-жадвал).
1-жадвал. 2021 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари, харажатлари ва тартибга солувчи бюджетлари трансфертлари, миллиард сўмда[3]
№ | Ҳудудлар | Даромадлар* | Харажатлар** | Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар |
1 | Қорақалпоғистон Республикаси | 1614,2 | 2915,6 | 1301,4 |
2 | Андижон вилояти | 2352,2 | 3228,8 | 876,7 |
3 | Бухоро вилояти | 1935,4 | 2375,4 | 440,0 |
4 | Жиззах вилояти | 1212,9 | 1702,9 | 490,0 |
5 | Қашқадарё вилояти | 2570,3 | 4147,6 | 1577,3 |
6 | Навоий вилояти | 1535,8 | 1535,8 |
|
7 | Наманган вилояти | 1970,6 | 3254,5 | 1284,0 |
8 | Самарқанд вилояти | 2657,0 | 3759,7 | 1102,7 |
9 | Сурхондарё вилояти | 1754,7 | 3048,3 | 1293,6 |
10 | Сирдарё вилояти | 745,7 | 1279,9 | 534,2 |
11 | Тошкент вилояти | 3009,8 | 3009,8 |
|
12 | Фарғона вилояти | 2904,9 | 3815,0 | 910,1 |
13 | Хоразм вилояти | 1442,7 | 2075,6 | 632,9 |
14 | Тошкент шаҳри | 4068,6 | 4068,6 |
|
Жами | 29774,7 | 40217,6 | 10443,0 |
Жаҳон иқтисодиётидаги илғор тажрибаларга кўра ҳудудлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 23 та эркин иқтисодий зона фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 20 таси 2016 йилдан кейин ташкил этилди. Бунда умумий эркин иқтисодий зоналардан ташқари алоҳида соҳалар, жумладан туризм, фармацевтика каби муҳим соҳаларда эркин иқтисодий зоналар фаолияти йўлга қўйилганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш зарур.
Фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари фаолиятини умумий тартибга солиш нуқтаи назаридан 2020 йил 17 февралда Ўзбекистон Республикасининг “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. 2016 йил 26 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-4853-сонли фармони асосида барча эркин иқтисодий зоналар мақоми, имтиёзлари тенглаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 3 майдаги ПФ-5032-сон Фармони билан фармацевтикага ихтисослашган ва соҳани ривожлантиришга қаратилган 7 та эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди. Умуман 2016 йилдан буён эркин иқтисодий зоналар фаолиятига доир 10 дан фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, туманларни ҳам комплекс иқтисодий ривожлантириш мақсадида бугунги кунга қадар 348 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Натижада эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 36 мингга яқин иш ўрни яратилган. Кичик саноат зоналарида эса 5 триллион сўмлик 1 минг 497 та лойиҳа ишга туширилиб, 36 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланган[4].
Республикамиздаги ҳар бир ҳудуд ўзига хос туристик имкониятларга эга ва бу жиҳат халқаро кенг жамоатчилик томонидан ҳам мунтазам эътироф этилиб келинмоқда. Мавжуд юқори туризм имкониятлари ва ундан ҳар томонлама самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861-сонли, «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сонли, «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сонли, “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 9 февралдаги ПФ-6165-сонли “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 6 апрелдаги ПФ–6199-сонли Фармонлари, шунингдек «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3509-сонли, «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 7 февралдаги ПҚ-3514-сон қарорлари қабул қилинди.
2016 йил 2 декабрь ойида туризм соҳасини ҳар томонлама ривожлантиришга масъул Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди. Туризм индустрияси меҳмонхона бизнесини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Республикада туризм ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, инфратузилмани яхшилаш, туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш орқали туристлар саёҳати учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маданий меросни муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилаётганлигидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди.
2016 йилданоқ мамлакатимизда туризм соҳаси иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида белгиланди. Қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида соҳадаги имкониятлар кенгайтирилди. “Фуқароларидан юртимизга виза талаб этилмайдиган мамлакатлар сони 9 тадан 86 тага етказилди, 53 та давлат учун “электрон виза” тизими жорий этилди”[5]. Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш амалиётлари йўлга қўйилди.
Мамлакатимиз туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, миллий маданий меросни миллий ва халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш, зиёрат туризми, экологик туризм, гастрономик туризмни ҳамда уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасида чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. 2021 йилда ҳудудлар миқёсида туризм инфратузилмаси дастури учун ажратилган маблағлар қуйидагича (2-расм).
2-расм. 2021 йилда туризм инфратузилмаси дастури учун ҳудудлар кесимида ажратилган маблағлар, млрд сўмда[6]
Фақатгина давлат бюджети маблағлари ёки банк кредитлари ҳисобидан молиялаштириш орқали ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётини молиялаштириш асосида минтақалар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконсиз. Бу борада хусусий секторнинг ижтимоий масъулиятини ошириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги (шериклиги) асосида лойиҳаларни амалга ошириш ҳам олдимиздаги стратегик вазифалар ижросида муҳим ўринга эга. Айни имкониятлардан фойдаланган ҳолда энергетика, коммунал хизматлар, соғлиқни сақлаш, сув хўжалиги, таълим, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларда ҳудудлар кесимида қарийб 2,2 миллиард АҚШ долларига тенг қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда (2-жадвал).
2-жадвал. Мамлакатимизда давлат-хусусий шериклиги шартномаси имзоланган ва амалга оширилаётган лойиҳалар таҳлили (31.12.2020 йил ҳолатига)[7]
Лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган тармоқлар | Лойиҳалар сони (дона) | Лойиҳаларнинг ўртача давомийлиги (йил) | Лойиҳалар учун талаб этиладиган инвестициялар миқдори(млн. АҚШ долларида) | Лойиҳаларда асосий ташаббускор | Лойиҳалар амалга оширилаётган ҳудуд |
Энергетика | 5 | 25 | 2170 | Давлат ташаббуси | Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент вилояти |
Коммунал хизматлар | 2 | 10 | 1,4 | Давлат ташаббуси | Хоразм вилояти |
Соғлиқни сақлаш | 11 | 15 | 4,7 | Хусусий ташаббус | Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм, Жиззах, Сурхондарё |
Сув хўжалиги | 2 | 15 | 6,1 | Хусусий ташаббус | Сирдарё ва Тошкент вилояти |
Таълим | 1 | 24 | 1 | Хусусий ташаббус | Бутун республика |
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш | 5 | 10 | 11,05 | Давлат ташаббуси | Наманган, Фарғона, Бухоро |
Жами | 26 | Х | 2194,25 | Х | х |
Таҳлиллардан аён бўлмоқдаки, энергетика соҳасида Навоий, Сирдарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳалар истиқболда ҳудудларнинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий тараққиётига хизмат қилади. Чунки энергетика соҳаси ривожисиз нафақат ижтимоий соҳа, балки бизнес тараққиётини ҳам тасаввур қилишнинг ўзи мураккаб. Таълим, соғлиқни сақлаш, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари аҳамияти борасида юқоридаги фикрларни такрорлаш мумкин.
Умумий ҳолда хулоса сифатида таъкидлаш лозимки, минтақалар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш борасидаги ҳукуматимизнинг комплекс ёндашуви аллақачон ўзининг натижаларини бериш билан бирга истиқболда жадал суръатлардаги тараққиётимизга ҳам хизмат қилади. Бунда энг асосийси интеграциялашган ва мувозанатли ижтимоий-иқтисодий тараққиёт орқали аҳоли турмуш фаровонлиги юксалиб бориши узвий равишда таъминланади.
Самариддин ЭЛМИРЗАЕВ
Тошкент молия институти кафедра мудири,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
[1]https://president.uz/uz/lists/view/4397
[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5048 сонли қарори асосида тайёрланди
[3]https://www.mf.uz/media/file/state-budget/2021/fuk_uchun/Budjet_21_uz.pdf
[4] Б.Тўразода. Эркин иқтисодий зоналар – тараққиёт таянчи. https://parliament.gov.uz/uz/events/opinion/34365/ 2021 йил 28 апрель.
[5] Д.Мамаджанова. Туризм инфратузилмаси янада ривожланади. https://parliament.gov.uz/uz/events/opinion/34213/ 2021 йил 13 апрель
[6] Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5048 сонли қарори асосида тайёрланди
[7] Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги расмий сайти маълумотлари асосида муаллиф томонидан тузилди (https://pppd.uz/projects-custom).
Изоҳ қолдириш