2019 йил 30 декабр куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилигида «Cotton Campaign» коалицияси, АҚШнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва тегишли тармоқ уюшмалари билан доимий ва тизимли ўзаро муносабатни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ишларни мувофиқлаштирувчи идоралараро Ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликнинг ижобий тажрибаси ёритилди. Ушбу ҳамкорлик натижасида халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш соҳасидаги улкан ютуқлари эътироф этилмоқда.
Йиғилишнинг барча иштирокчилари халқаро нодавлат ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, «Cotton Campaign» коолицияси, тегишли тармоқ уюшмалари ва бошқа бирлашмалар билан ўзаро муносабатларни фаоллаштириш ва кенгайтириш зарурлигини бир овоздан қўллаб-қувватладилар, шу жумладан ушбу масала юзасидан мунтазам қўшма йиғилишлар, семинар ва конференциялар ўтказиш йўли билан.
Шунингдек, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари борасида Ўзбекистон Республикасининг позициясини яхшилаш ҳамда кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини янада такомиллаштириш бўйича Йўл ҳаритасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазирлик ва идоралар раҳбарларига 2019 йилги пахта терими доирасидаги ҳар бир қонун бузилиш ҳолати пухта кўриб чиқилиши, уларга ҳуқуқий баҳо берилиши ҳамда қонунчилик талабларига мувофиқ тегишли мансабдор шахсларни жавобгарликга тортиш чораларини кўрилиши борасида топшириқлар берилди.
Шунингдек, келажакда бундай қонун бузилиши ҳолатлари юзага келишини олдини олиш бўйича барқарор механизмларни ва бу борада кенг жамоатчилик ҳамда халқаро нодавлат ташкилотлари билан ўзаро муносабатларни кучайтириш чораларини ишлаб чиқиш лозимлиги кўратиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш