Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида фуқароларни ижтимоий масофа сақлаш бўйича огоҳлантирувчи “Self-Safety” мобил иловаси яратилди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
COVID-19 дан сақланишда мобил иловалардан фойдаланиш самарадорлиги Жанубий Корея, Сингапур, Исроил, Италия, Франция каби кўплаб давлатлар тажрибасида исботланди. Бу турдаги иловалар жамоат жойларида сизнинг хотиржамлигингизни таъминлайди, яқин кишиларингизни касаллик юқтириб олиш эҳтимоли пайдо бўлганда огоҳлантиради.
Илова мобил телефоннинг GPS ва Bluetooth модуллари ёрдамида фойдаланувчилардан бирида касаллик аниқланса, бир дақиқа ичида барча фойдаланувчиларни 5 метр радиусда кесишган нуқталарини солиштиради. Кесишув нуқталари аниқлангач, мазкур жойларда 5 метрли радиусда бўлган барча фойдаланувчиларга PUSH-хабарнома кўринишида касал билан алоқада бўлганлик эҳтимоли тўғрисида ва кейинги хатти-ҳаракатлар бўйича тавсиялар беради.
Мобил илова Android ва iOS платформаларида мавжуд бўлиб, www.coronavirus.uz веб-сайтидаги ҳаволалар орқали юклаб олиш мумкин. Рўйхатдан ўтишда илова GPS ва Bluetooth модулларини ёқиб қўйиш лозим.
Илова ундан қанча кўп одам фойдаланса, уйдан ташқарида ушбу иловани фаоллаштирса, шунча сифатли ва яхши ишлайди.
Изоҳ қолдириш