Жорий йилнинг 29 март куни АОКАда Халқ банки раҳбар ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирокида "Халқ банки фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоби" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Халқ банки Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов анжуман иштирокчиларини Халқ банки фаолиятига доир статистик маълумотлар, банкнинг иқтисодий кўрсаткичлари, алоқа маркази, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар бўйича маълумотлар билан таништирди.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг якунига кўра, Халқ банкига жами 33 мингтага яқин мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 98,3 фоизи жисмоний шахслар, 1,7 фоизи эса юридик шахслар томонидан йўлланган. 36,4 фоиз мурожаат тўлиқ қаноатлантирилган бўлса, 63,3 фоизига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган.
Аксар мурожаатларнинг мазмуни кредит олиш масаласи билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, банк томонидан скоринг тизими ва андеррайтерлар фаолияти такомиллаштирилган.
Имтиёзли кредитларни ажратишда 2022 йил 1 мартдан бошлаб oilakredit.uz платформаси ишга туширилган. Ушбу платформа имтиёзли кредитлар ажратишда банк ходимлари ролини минималаштиради ва бу орқали муаммога айланиши мумкин бўлган имтиёзли кредитлар ҳажмини камайтиради.
Тижорий кредитларнинг муаммога айланган қисмини сўндириш учун эса банкнинг республикадаги барча филиалларида юрист лавозими жорий этилиб, улар орқали муаммоли кредитларнинг бир қисмини сўндиришга эришилмоқда.
Зафар Азимовнинг таъкидлашича, 2021 йилни молиявий зарар билан якунлаган Халқ банки 2022 йилнинг 1-чораги якунида фойда билан чиқишни режалаштирмоқда.
"Халқ банки 2022 йилнинг январь-февраль ойларини 200 млрд. сўм соф фойда билан якунлаган бўлса, 1-чорак якунини 300 млрд. сўм фойда билан якунлаш кутилмоқда", - дейди Зафар Азимов.
Бундан ташқари, тизимда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ҳамда коррупцион ҳолатлар аниқланганда зудлик билан банкнинг марказий аппаратига хабар беришни таъминлаш мақсадида «Тезкор хабар» мобил иловаси жорий этилган.
Қайд этилишича, мазкур илова орқали келиб тушган мурожаатлар инсон омилисиз автоматик равишда қабул қилиниб, белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда аниқланган ҳолатлар юзасидан муайян чоралар кўрилади.
Изоҳ қолдириш