Тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларнинг мини-технология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратилади

Тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларнинг мини-технология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш омилларидан бири уларни талаб этилаётган касб бўйича ихтисослаштиришдир. Йиғилишда шу пайтгача ишсиз аҳоли ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўриб чиқилмагани танқид қилинди.

Масалан, Тошкент шаҳрида 26 минг ёш ишсиз. Айни пайтда бу ерда 77 мингта вакант бор, шундан 45 мингтасига олий маълумот талаб этилмайди. Давлатимиз раҳбари ёшларни касбга ўқитиш орқали малака тоифасини бериб, шундай вакант ўринларга жойлаштириш мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, дипломи йўқ, лекин амалий кўникмаси бўлган ишсиз ёшларни, малакани баҳолаш марказларида ўқитиб, сертификат бериш тизими жорий этилди.

Шундан келиб чиқиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига “Ишга марҳамат” мономарказларида, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари ва йирик санот тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу орқали жорий йилнинг ўзида 30 минг йигит-қизга малака сертификати бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ўғил-қизларни тадбиркорларга бириктириб, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш зарурлиги айтилган эди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар