Сўнгги йилларда мамлакатимизда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, божхона органлари фаолиятини ривожлантириш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунинг билан бир қаторда, жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёни халқаро стандартлар асосида янада соддалаштирилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512-сонли “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни республикамизга олиб киришни чегаравий нормалари ўрнатилган.
Давлат божхона қўмитаси жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида олиб ўтилаётган товарларни божхонада декларацияланиши тартибини янада такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.
Лойиҳада, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегара ўтказиш пунктлари орқали товарларни олиб кирувчи жисмоний шахслар учун, қонунчилик билан ўрнатилган тартибда, бир қанча божхона тўловлари ўрнига ягона божхона тўловини ундиришни назарда тутувчи божхона тўловига тортиш ва божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартибини жорий этиш назарда тутилади.
Шу билан бирга, лойиҳада ягона божхона тўлови, хусусан, республикамизга жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган чегаравий нормадан ошган товар қийматидан келиб чиқиб, товарнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъий назар, барча тоифа(категория)даги товарлар бўйича ундирилиши кўзда тутилган.
Ягона божхона тўловини қуйидаги миқдордаги ставкаларда ўрнатиш таклиф этилади:
- озиқ-овқат маҳсулотлари учун - 30%, лекин камида 1 кг учун 2 AҚШ доллари;
- ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун - 50%, лекин камида 1 кг учун 4 AҚШ доллари.
Ставкалар амалда ўрнатилган божхона божлари, акциз солиғи ва қўшилган қиймат солиғи ставкаларининг (кейинги ўринларда ҚҚС) ўртача йиғиндиси асосида ҳисобланади.
Масалан, сут маҳсулотларидан бири бўлган пишлоқ товарига 15% миқдорида божхона божи, 10% миқдорида акциз солиғи ва 15% миқдорида қўшилган қиймат солиғи белгиланган. Жами бўлиб ушбу товарга 44% миқдорида божхона тўловлари тўланиши лозим.
Жорий қилинаётган тартибга мувофиқ эса пишлоқ маҳсулотига 30% миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилмоқда.
Шу каби ҳолатни шоколад маҳсулотлари мисолида ҳам кўриш мумкин, хусусан ушбу маҳсулотга 30% миқдорида божхона божи, 10% миқдорида акциз солиғи ва 15% миқдорида қўшилган қиймат солиғи белгиланган. Жами бўлиб ушбу товарга 61% миқдорида божхона тўловлари тўланиши лозим.
Жорий қилинаётган тартибга мувофиқ шоколад маҳсулотига 30% миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилмоқда.
Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланувчи ва Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасининг 6105 товар позициясида таснифланадиган кийим кечак товарлари учун 20% миқдорида божхона божи ва 15% миқдорида қўшилган қиймат солиғи белгиланган. Жами бўлиб ушбу товарга 38% миқдорида божхона тўловлари тўланиши лозим.
Ҳозирги амалиётда жисмоний шахслар томонидан олиб келинган ушбу товарларнинг келиб чиқиш сертификатлари тақдим қилинмаган тақдирда Божхона кодексининг 300-моддаси талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларининг ставкалари икки баравар оширилган миқдорида ҳисобланади. Бу ҳолатда пишлоқ маҳсулотига 51%, шоколад маҳсулотига 95%, кийим кечак товарларига 61% миқдорида божхона тўловлари белгиланади.
Ушбу таҳлиллардан кўриниб турибдики, ягона божхона тўловининг жорий этилиши чегара ўтказиш пунктларида жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган меъёрлардан ортиқ товарлар учун тўловларни ҳисоблаш тартиботларини кескин соддалаштиради ва тирбандликларни олдини олади.
Шунингдек, чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган белгиланган меъёрдан ортиқча товарлар учун тўловларни ҳисоблашга сарфланаётган ўртача вақтни 40 дақиқадан 10 дақиқагача қисқартириш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, бу каби амалиёт Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларда ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ушбу давлатларда жисмоний шахслар томонидан божсиз олиб кириш нормасидан ошган олиб ўтилаётган товарлар бўйича божхона расмийлаштируви ҚҚС, акциз ва божхона божини ўрнига, соддалаштирилган тартибда, ягона божхона тўловини ундириш йўли билан амалга оширилади.
Мазкур тўлов шакли товарлар қийматидан 30%, лекин ҳар бир кг.дан 4 евродан кам бўлмаган миқдорда, хусусан нормадан ошган қисмига ундирилади.
Шу билан бирга, лойиҳада жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали қўл юки билан олиб кирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг саноат қадоқлари бўлиши мажбурий шартини киритиш таклиф этилмоқда.
Чунки, ҳозирги вақтда чегара божхона постлари орқали жисмоний шахсларнинг қўл юки ичида саноат қадоқларисиз озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Мазкур вазиятни ўрганиш натижасида, мамлакатга импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати яхши эмаслиги ҳамда маҳсулотга қўйилган санитария-эпидемиологик ва гигиеник талабларга жавоб бермаслиги аниқланди.
Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, Евросиё Иқтисодий Иттифоқи, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ мамлакатларида жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарлар (гўшт, сут маҳсулотлари, мевалар, сабзавотлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари)ни олиб ўтиш чоғида саноат қадоқларининг мавжуд бўлиши шарти назарда тутилган ва саноат қадоқлари бўлмаган товарларни олиб киришга йўл қўйилмайди. Бунга сабаб қўл юкида олиб кирилаётган ҳатто озгина миқдордаги гўшт қадоқланмаган бўлса, у билан оқсим, чўчқа гриппи, парранда гриппи, Қрим конго лихорадкаси, Қорасон каби касалликлар кириб келиши эҳтимоли пайдо бўлади ҳамда пировард натижада давлатнинг бутун бир чорвачилиги қирилиши мумкин.
Ёки иккинчи ҳолатда мевалар ёки уруғларда ўсимликлар касалликларини тарқатувчи зарарли организмларни кириб қолиши давлатнинг ўсимлик дунёсини нобуд бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Техник тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товарларни олиб кирилишини олдини олиш учун, жисмоний шахслар томонидан олиб киришда тадбиркорлик фаолияти мақсадини назарда тутмайдиган товарлар тоифа(категория)лари рўйхатини лойиҳа билан тасдиқлаш назарда тутилмоқда.
Мазкур рўйхатга медицина, хирургик, стоматологик ёки ветеринар мебеллари, марказий иситиш ускуна-анжомлари, ва бошқалар киритилган.
Ушбу товарлар олиб кирилган тақдирда, божхона идоралари томонидан улар шахсий эхтиёж учун олиб кириладиган товарлар тоифасига киритилмай, уларга белгиланган тартибда нотариф бошқарув усуллари (сертификат, рухсатнома ва ҳк.) қўлланилади.
Мазкур қарор лойиҳаси https://regulation.gov.uz сайтида умумхалқ муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Изоҳ қолдириш