Тошкент туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий стратегияларини муҳокама қилиш марказига айланади

Тошкент туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий стратегияларини муҳокама қилиш марказига айланади

2025 йил 14 апрель куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) мамлакатлари етакчи миллий таҳлил марказларининг “Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари ўртасида савдо салоҳиятини кенгайтириш: қўшма тадқиқотлар ва стратегик ечимлар” мавзусида халқаро анжумани бўлиб ўтади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) 11-саммитида томонидан илгари сурилган ташаббуси доирасида ТДТ Бош котибияти билан ҳамкорликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан ташкил этилмоқда.

Анжуманнинг асосий мақсади, ТДТ мамлакатларининг етакчи илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш, билим алмашиш ва Ташкилот маконида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Тадбир иштирокчилари савдо тўсиқларини бартараф этиш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш масалалари, шунингдек, электрон савдо платформаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Анжуман етакчи миллий таҳлил марказлари ўртасида тажриба ва илғор тажриба алмашиш учун платформа бўлиб, бу эса ТДТ мамлакатларининг жаҳон иқтисодиётига рақобатбардошлигини ва интеграциялашувини ошириш стратегияларини аниқлашга ёрдам беради. Иштирокчилар савдони кенгайтириш ва инвестицияларни жалб қилишнинг янги имкониятларини аниқлашга қаратилган жорий тадқиқотлар билан танишишлари мумкин.

Ушбу илмий анжуман доирасида тўртта ишчи сессия кўзда тутилган:

  1. “ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдонинг ҳозирги ҳолати ва фойдаланилмаган имкониятлар”

  2. “Рақамли савдо ва инновациялар”

  3. “Минтақавий интеграция ва инфратузилма лойиҳалари”

  4. “Барқарор ривожланиш: яшил иқтисодиёт ва ижтимоий-демографик муаммолар”.

Мазкур тадбир натижалари Туркий давлатлар ташкилоти доирасида самарали иқтисодий сиёсатни шакллантириш учун асос бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Таклиф этилган экспертлар орасида: Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мерей Мукажан, Туркий тиллар академияси вице-президенти Асхат Кесикбаев ҳамда ташкилотга аъзо мамлакатлар таҳлилий марказларининг бошқар раҳбарлари ва экспертлари ўрин олган. Экспертлар янада интеграциялашган ва ўзаро манфаатли иқтисодий макон яратиш учун янги имкониятларни тақдим этадилар.

Халқаро илмий анжуман фикр алмашиш ва ғояларни муҳокама қилиш, минтақадаги етакчи экспертлар ва таҳлил марказлари ўртасида алоқалар ўрнатиш учун платформа бўлади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг бўлими

ОАВлари анжуманда иштирок этиш масалалари бўйича қуйидаги рақамлар билан боғланишлари мумкин: 78-150-02-02 (417)

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар