Техник каннабис етиштириш билан кимлар шуғулланиши мумкин?

Техник каннабис етиштириш билан кимлар шуғулланиши мумкин?

Ўзбекистонда техник каннабисни етиштириш, қайта ишлаш орқали рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан брифинг ўтказилди.

«Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги ва «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Каннабис ўсимлигини гиёҳванд воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг 24-26 март кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига қилган ташрифи чоғида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Industrial Innovation Group LLC” компанияси ўртасида Инвестициялар тўғрисида икки томонлама битим имзоланди. Ўтган вақт мобайнида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан техник каннабис ўсимлигини етиштириш, қайта ишлаш ва унинг маҳсулотларидан фойдаланишга доир ишлар олиб борилмоқда.

Саноат мақсадларида техник каннабис етиштириш қуйидаги мақсадларни амалга оширишга қаратилган. Жумладан, соҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, қишлоқ хўжалигида энг замонавий лабораторияларни такшил этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, соҳага замонавий билимга эга, тажрибали мутахассисларни жалб этиш, инновацион усулларни кенг қўллаш ва рақамлаштириш, янги иш ўринларини яратиш, бюджетга муайян тўловларни амалга ошириш, соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларга маслаҳат сервис хизматлари тизимини шакллантириш.

Техник каннабис етиштириш орқали қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, соҳада кластер ишлаб чиқаришини ривожлантиришга тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош, ноанъанавий ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, шу асосда аграр секторда иш унумдорлигини ва меҳнатга ҳақ тўлаш даражасини оширишга эришилади.

Бугунги кунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Industrial Innovation Group LLC” компанияси ўртасида имзоланган Инвестициялар тўғрисида битимга мувофиқ, 181,9 млн евро миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига Сирдарё вилоятида таркибида целлюлоза мавжуд бўлган техник каннабис, зиғир ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, хомашёни қайта ишлаш орқали рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутувчи лойиҳа амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, техник каннабис – таркибида 0,2 фоизгача миқдорда тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган ўсимлик. Ховос туманида экилган нав Европадан, яъни Франциядан келтирилган бўлиб, унинг таркибида гиёҳванд жуда кам миқдорни ташкил этади. Бу эса тирик организмга ҳеч қандай наркотик таъсир кўрсатмайди. Шу боисдан Ўзбекистонда етиштириладиган техник каннабис ўсимлигининг таркибидаги моддалар инсон организмига умуман салбий таъсир кўрсатмайди. Ўзбекистонда таркибида 0,2 фоизгача миқдорда тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси мавжуд техник каннабис ўсимлигини саноат мақсадларда етиштиришга рухсат этилди. Жумладан, бу кўрсаткич Хитой ва Чехияда – 0,3 фоизгача, Италия, Венгрия, Швеция, Бельгияда 0,2 фоизгача, Россия Федерациясида – 0,1 фоизгачани ташкил этади.

Техник каннабис иқтисодий ва экологик жиҳатдан Ўзбекистон иқлимига мос ўсимлик ҳисобланиб, унинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд.

Жумладан, каннабис энг тез ўсувчи экинлардан бири бўлиб, пахта билан солиштирганда, 1 гектардан 4 баробар кўп целлюлоз олинади, ўсимликка қишлоқ хўжалиги кимёвий препаратлари нисбатан камроқ ишлатилади ҳамда сувни анча кам талаб қилади, атроф-муҳитни ифлосланишлардан тозалаш имконини беради. Айланмадан чиқиб қолган ерларни тиклаш учун тупроқдан кадимий ва бошқа заҳарли моддаларни чиқариб олишда ниҳоятда фойдали бўлиб, 110 кун ичида ўсимлик 2-3 метрга етади ва бу бир мавсумда бир нечта ҳосил олиш имконини беради, жаҳонда 40 дан ортиқ давлатларда техник каннабисдан саноат мақсадларида фойдаланиб келинмоқда.

Лицензияланган юридик шахслар техник каннабис етиштириш, уни саноат асосида қайта ишлаш, сотиш ва бошқалар билан боғлиқ фаолият турлари билан шуғулланишлари мумкин. Лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан берилади. Ушбу турдаги фаолият билан шуғулланиш учун лицензиялар олиш мақсадидаги божлар миқдори 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунининг 17-моддасида кўрсатилган.

Ўзбекистонда техник каннабис билан боғлиқ айрим фаолият турлари билан шуғулланиш мақсадида лицензиялар олиш учун тўланадиган божлар миқдори тасдиқланган. Ўсимликни етиштириш учун 3000 та базавий ҳисоблаш миқдори, импорт, экспорт, қайта ишлаш, сақлаш, сотиш, сотиб олиш ва ташиш учун - буларнинг ҳар бири учун 200 базавий ҳисоблаш миқдорига тўғри келади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар