Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувида иштирок этди ва унда минтақа давлатлари ўртасидаги келгуси ҳамкорлик истиқболлари бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Ана шу таклифларнинг бешинчиси Марказий Осиё давлатлари аҳолисини озиқ-овқат билан тўлақонли таъминлаш соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига бағишланди. Минтақада айни пайтда салкам 80 миллион киши яшайди. Бунча кўп аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ўта муҳим аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидладики, минтақамизда бу масалада қатор заиф нуқталар мавжуд: “Булар аграр секторнинг илмий-технологик жиҳатдан етарлича ривожланмагани, сув ресурслари борасидаги ўткир тақчиллик, қўшимча қиймат яратишнинг узоқ ва самарасиз занжирлари, иқлим инқирози ва логистикадаги узилишлар олдидаги беқарорлик, соғлом овқатланиш масалаларидир”.
Дарҳақиқат, минтақамиз давлатлари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд камчиликлар уларнинг барчасига жуда катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Соҳанинг илмий-технологик жиҳатдан замонавий давлатлардан орқада қолиб кетгани минтақа давлатларига аслида собиқ иттифоқдан мерос қолган. Мустақилликка эришилгандан кейин Марказий Осиё мамлакатлари бу масалага жиддий эътибор бера бошлади. Лекин муаммолар узоқ йиллар давомида йиғилиб қолгани сабабли уларни бирданига ҳал этиш қийин. Натижада ҳозирга қадар минтақа давлатларида айрим экинларнинг ҳосилдорлиги ва сифат кўрсаткичлари паст. Чорва ҳайвонларининг маҳсулдорлиги ҳам жаҳоннинг илғор давлатлари даражасига ета олмаяпти.
Минтақада сув ресурслари тақчиллиги ҳозирнинг ўзида сезилмоқда ва яқин келгуси даврда долзарблиги тобора ортиб бораверади. Сув етишмаслиги минтақа давлатлари қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни сезиларли равишда камайтирмоқда, экин майдонларининг муайян қисмида деҳқончилик қилиш имкониятини пасайтирмоқда ёки бунга тўсқинлик қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолини маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш жараёнида қатор қийинчиликларни келтириб чиқаряпти, мазкур товарлар импорти кўпайишига сабаб бўляпти.
Аграр соҳанинг илмий-технологик жиҳатдан қолоқлиги минтақа деҳқон ва чорвадорлари меҳнатининг самараси пастлигига сабаб бўлаётган муҳим омиллардан бири. Етиштирилаётган ҳосилни чуқур қайта ишлаш қувватлари етарли эмаслиги ёки улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг сифатсизлиги қўшимча қиймат яратиш имкониятларини пасайтирмоқда. Минтақа давлатлари манзил жиҳатидан ёнма-ён жойлашган, лекин қўшни давлатга тегишли бўлган мавжуд қувватлардан ҳамкорликда фойдаланиш имкониятидан фойданилмаётгани ҳар бир давлат қишлоқ хўжалигининг ичида қўшимча қиймат яратиш жараёнида узоқ ва самарасиз иқтисодий алоқалар, яъни занжирлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Бунинг оқибатида маҳсулот таннархи ошиб кетиб, мазкур озиқ-овқат турини хориждан импорт қилиш арзон тушмоқда.
Охирги йилларда жаҳон миқёсидаги глобал муаммолардан бирига айланиб улгурган ва бугун ечимини топмасак, эртага ундан жуда катта зарар кўришимиз мумкин бўлган иқлим инқирози ва унинг оқибатлари ҳам минтақа давлатлари қишлоқ хўжалиги ҳолатига ҳозирнинг ўзида жиддий салбий таъсир кўрсата бошлади. Марказий Осиё давлатлари бу муаммога алоҳида эътибор қаратишяпти, иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш борасида имкониятлари доирасида қатор тадбирларни амалга оширяпти. Лекин бу саъй-ҳаракатларни янада кенгайтириш талаб этилади.
Жаҳонда сўнгги йилларда юз бераётган глобал геосиёсий воқеалар туфайли Россияга нисбатан санкциялар киритилиши оқибатида маҳсулотларни экспорт ва импорт қилишда дунё давлатлари ўртасида узоқ йиллар давомида шаклланган мақбул логистик занжирлар ҳам узилди. Баъзи давлатларга тўғридан тўғри ва бевосита товар сотиш йўлаклари ёпилиб қолди. Натижада мазкур давлатга маҳсулотни учинчи давлат орқали ташиб келишга ҳам мажбур бўлинмоқда. Бу эса экспорт қилинаётган товарлар таннархини ошириб, рақобатбардошлигини пасайтиряпти.
Аҳолини тиббиёт меъёрлари бўйича сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш минтақа давлатлари олдида турган энг муҳим муаммолардан бири. Жаҳонда озиқ-овқатнинг барча турлари бўйича аҳолисини ўзи тўла мустақил таъминлай оладиган давлатлар кам. Баъзан бунинг иложи бўлмайди ҳам. Кўп ҳолларда эса иқлим ёки бошқа объектив сабабларга кўра, қайсидир маҳсулотни ўзида ишлаб чиқаргандан уни хориждан импорт қилиш арзон тушади.
Давлатимиз раҳбари Душанбе учрашувидаги нутқида Марказий Осиё давлатлари аграр соҳалари олдида турган камчиликларни бартараф этиш борасида ҳам фикр юритди. Мавжуд муаммоларни ечишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди: “Бу соҳада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий шериклик дастурини тайёрлаш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Таъкидлаб айтмоқчиманки, бизнинг мамлакатларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан нафақат минтақанинг ички бозоридаги мавжуд эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш, балки уларни экспорт қилишдек муҳим имкониятга ҳам эгадир”.
Минтақа давлатлари биргаликда ҳаракат қилса, ҳамкорликни янада кенгайтирса, юқорида кўрсатиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш самарали ва осон кечади.
Зеро, Марказий Осиё ҳудуди узоқ асрлар давомида ягона давлат таркибида бўлган. Тўғри, бу маконда бир пайтнинг ўзида биттадан кўп давлат ҳукм сурган даврлар ҳам бор. Лекин битта давлат таркибида бўлганми ёки 3-4 та давлат бўлиб яшаганми, бундан қатъи назар, улар иқтисодиёти табиий иқлим, ер-сув, аҳолининг кўчманчи ёки ўтроқ ҳолда яшаши каби турли омиллар таъсири остида бир-бирини тўлдириб турадиган ягона ҳудудий комплекс ҳолида шаклланган. Собиқ иттифоқ парчалангунга қадар Марказий Осиё давлатлари ягона ҳудудий комплекс сифатида сақланиб турган. Тан олиш керакки, бу ҳолат беш давлатнинг иқтисодий манфаатларига мос келган.
Афсуски, 1992-2016 йиллар мобайнида бешта давлат ўртасида сунъий тўсиқлар пайдо бўлди. Натижада уларнинг ўзаро иқтисодий алоқалари сусайди, бу эса барчага жиддий салбий таъсир кўрсатди. Асрлар давомида бир-бири билан эркин иқтисодий алоқалар қилиб келган чегара ҳудудларидаги қишлоқ ва шаҳарларнинг савдо-сотиқ ҳажми кескин қисқара бошлади.
Бу фикр тасдиғини Ўзбекистон – Қирғизистон иқтисодий алоқалари мисолида ҳам кўриш мумкин. Чорва Қирғизистонда кўп, қардошларимиз кўпроқ шунга ихтисослашган. Мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари эса, асосан, Ўзбекистонда етиштирилади. Чегаралардаги аввалги тўсиқлар туфайли улар қўшни давлатга сотишга мўлжаллаб етиштирилган маҳсулотларини бир-бирига эркин сотиш имкониятини йўқотди. Бундан ҳар иккала давлат зарар кўра бошлади.
2016 йилга қадар Марказий Осиё давлатларининг барчасида ўзаро иқтисодий муносабатлар ҳолати деярли мана шундай эди.
Президентимиз бу ҳолатлар минтақа давлатлари ва халқларига жуда катта маънавий ва иқтисодий зарар келтираётганини чуқур ҳис қилган. Шу боис, Президент лавозимига келгандан кейин дарҳол ташқи сиёсатни буткул ўзгартириб, ҳамма, айниқса, қўшни давлатлар билан алоқаларни тубдан кенгайтириш йўлини бошлади.
Ўзбекистоннинг очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, ички ва халқаро транспорт коммуникацияларидан самарали фойдаланиш, давлат чегараларидан ўтишни соддалаштириш каби деярли 25 йилдан бери ҳал бўлмай турган мураккаб муаммоларга ечим топила бошланди.
Натижада минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик даражаси шиддатли равишда ўсиш босқичига кирди. Масалан, 2017-2022 йиллар давомида Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро товар айланмаси 8,9 миллиарддан 20,8 миллиард долларга етди ёки 2,4 баробар ошди.
Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувидаги нутқида илгари сурган ташаббуслар унинг минтақада яхши қўшничилик муносабатларини чуқурлаштириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича 7 йил аввал олға сурган ғояларининг мантиқий давоми сифатида намоён бўлди.
Ҳақиқатан ҳам, минтақа аграр секторидаги заиф нуқталарни саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва минтақавий шериклик дастурини тайёрлаш орқали бартараф этиш мақсадга мувофиқ. Мазкур дастурни тайёрлашда БМТнинг бу борада катта халқаро тажрибага эга бўлган Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагига таяниш мумкин.
Ана шундай ўзаро манфаатли шериклик дастурини тайёрлаш ва уни амалга ошириш минтақа давлатлари қишлоқ хўжалиги олдида турган жиддий муаммоларни биргаликда ва самарали ҳал этишга ёрдам беради, аграр соҳа тараққиётини янги босқичга кўтаради, тармоқ самарадорлигини оширишга асос бўлиб хизмат қилади. Бу эса Марказий Осиё давлатларининг 2022 йил якуни бўйича ҳажми 368 миллиард долларга тенг бўлган ялпи ички маҳсулоти сезиларли даражада ошишига замин яратади.
Айни пайтда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20,8 миллиард долларни ташкил қилади ёки бу кўрсаткич улар умумий ташқи савдосининг 9,4 фоизига тенг, холос. Таҳлиллар бу кўрсаткичнинг қардош давлатлар салоҳиятига мос эмаслигидан далолат беряпти.
Президентимизнинг ўзаро ҳамкорликни кучайтириш борасидаги таклифлари амалга ошиши ўзаро ташқи савдо ҳажми ҳам кескин ошишига пухта асос яратади. Энг муҳими, ҳамкорликнинг кенгайиши Марказий Осиё давлатлари аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан биргаликда мустақил тўла таъминлаш имкониятини яратади, минтақа давлатларига озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга чек қўяди ҳамда уларни хорижга экспорт қилиш ҳажмини кескин оширади.
Изоҳ қолдириш