Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Муҳокамага қўйилган лойиҳада кўпчилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган “прописка” тушунчаси ўрнига “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда.
Фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.
Доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш кўзда тутилган.
Илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.
Шундан келиб чиқиб, вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов ҳам олиб ташланмоқда.
Бундан ташқари, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.
Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда.
Айни вақтда, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади.
Шу билан бирга, доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.
Доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва буни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилинмоқда.
Муҳокама жорий йил 11 апрелга қадар давом этади.
Изоҳ қолдириш