Тошкент вилоятида 58та давлат масканлари ва корхонаси, хусусан “Сижжак”, “Белдирсой оромгоҳи”, “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш масканлари хусусийлаштирилади

Тошкент вилоятида 58та давлат масканлари ва корхонаси, хусусан “Сижжак”, “Белдирсой оромгоҳи”, “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш масканлари хусусийлаштирилади

Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан брифинг ва тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.

Брифингда агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Рустамов қайд этганидек, 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига мувофиқ, Тошкент вилоятида 58та давлат активлари ва объектлари хусусийлаштирилиши белгиланган.

Вилоятда 4та (“Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ, “Тўйтeпа мeталл қурилмалари” АЖ, “Академик М.Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Қибрай шароб илмий-экспериментал корхонаси” ДУК, “Мева-шарбат илмий экспериментал” ДУК) давлат активини хусусийлаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, “Тўйтeпа мeталл қурилмалари” АЖ 5 йил муддатда 4 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 20 млрд сўм миқдорида сотиб олиш шарти билан “Крантас Груп” МЧЖга сотилди.

“Сижжак”, “Белдирсой оромгоҳи”, “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш масканлари ва “Бургалик” дам олиш оромгоҳи кўчмас мулк объектлари алоҳида ёндашув асосида хусусий секторга сотилиши кўзда тутилган.

Билдирилишича, бугунги кунда “Белдирсой оромгоҳи” ҳамда “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш масканларида баҳолаш ишлари якунланиб, оммавий савдога чиқариш ишлари амалга оширилмоқда. “Сижжак” ва “Бургалик” дам олиш оромгоҳларида хатловолди ишлари олиб бориляпти.

Ҳудудларда жами 39та, шундан 1та ёғ-мой корхонаси, 1та компьютер маркази, 30та бошқа соҳа корхоналарининг давлат улушлари тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилади.

Бундан ташқари, фармон билан қамраб олинмаган, бироқ хусусийлаштирилиши режалаштирилган 200та корхона ва кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилади.

Жумладан, 99та корхона аввал қабул қилинган қарорлар доирасида сотилади. 101та кўчмас мулк (ер майдони 5 минг квадрат метргача бўлган) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида сотилиши кўзда тутилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар