Қурилиш соҳасига оид ислоҳотлар

Қурилиш соҳасига оид ислоҳотлар

Президентимизнинг ПҚ-4525-сонли қарорида қурилиш учун рухсатномалар бериш, электр таъминоти тизимига уланиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит бериш ҳамда тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш йўналишларидаги ислоҳотларнинг амалиётга татбиқ этилиши етарли эмаслиги натижасида “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи тегишли индикаторлари бўйича мамлакатнинг рейтингдаги ўрни пастлигича қолаётганлиги қайд этиб ўтилган.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда барча соҳалар каби, қурилиш соҳасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилишига қарамасдан, уларнинг мазмун-моҳияти жойлардаги ижрочиларга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларга етиб бормаётганлиги, қонун ҳужжатларини амалиётда нотўғри қўллаш натижасида Ўзбекистон қурилиш соҳасида “Бизнес юритиш” (“Doing Business-2020”) йиллик ҳисоботида бор йўғи икки поғонага кўтарила олди (134-ўриндан 132-ўринга), ҳолбуки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга тўлиқ ва тўғри татбиқ этилиши билан анча яхши кўрсаткичларга эришиш мумкин эди.

Президентимиз 2020 йилда устувор йўналишлар бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш, бу борадаги мақсадли параметрларни белгилаш ва таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам қурилиш соҳасида бугунги кунга қадар эски стандарт ва меъёрлар сақланиб қолаётганлиги, янги инновацион ечимлар ва лойиҳалар устида ишловчи мутахассислар тайёрлашга умуман эътибор қаратилмаётганлиги, шунингдек лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, қурилишга рухсатномалар бериш ва келишиш жараёнлари қоғоз шаклида амалга оширилаётганлиги, мутасадди ташкилотларда ўзаро электрон ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлигини танқид остига олган эди.

Шунга мувофиқ, Президентимизнинг ПҚ-4525-сон қарорида 2020 йилнинг 1 январига қадар қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан хабарнома юбориш тартибини бекор қилиш (марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектлари бундан мустасно) ҳамда объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳа ҳужжатлари юзасидан ижобий экспертиза хулосаси ва қурилиш иштирокчилари тўғрисидаги маълумотни давлат хизматлари марказлари томонидан бир вақтда тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудий қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияларига объектни рўйхатдан ўтказиш учун юборишни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритиш вазифаси белгиланганлиги бу соҳада янада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш имкониятини яратди.

Мазкур топшириқнинг тўғри ва сифатли, амалиётдаги муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ижро этилиши қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, мамлакатдаги бизнес муҳитини яхшилаш (бугунги кунда қурилиш соҳасининг мамлакат иқтисодиётидаги кўлами жуда катта аҳамиятга эга), шунингдек республиканинг халқаро рейтинглардаги, шу жумладан “Doing Business” йиллик ҳисоботидаги мавқеъини яхшилашга катта таъсир кўрсатади.

Шунга мувофиқ, Давлат хизматлари агентлиги томонидан қурилиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини яхшилаш ва рухсат бериш тартиб-тамоилларини соддалаштириш мақсадида қуйидагилар таклиф қилинади:

– шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини замонавий технология имкониятларидан ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш ва қисқа фурсатда тасдиқлаш;

– қурилиш майдонининг топографик суратини тайёрлаш, чегара белгилаш ва архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш давлат хизматларини мурожаатчиларнинг ихтиёрига кўра композит тартибда кўрсатиш тизимини жорий этиш;

– кераксиз тартиб таомиллар (лойиҳалаш топшириғини тасдиқлаш, ишчи умумий режани тасдиқлаш ва ҳ.з.)ни тўлиқ йўқотиш;

– лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш давлат хизматининг ўрнига, тайёр лойиҳа-смета ҳужжатларини ҳамда ижобий экспертиза хулосаларини Давлат хизматлари марказлари орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳудудий қурилиш бошқармасига ҳамда қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекцияларга юбориш орқали қурилиш-монтаж ишларини бошлашга рухсат бериш тартибини жорий этиш;

– лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертиза қилиш жараёнини оптималлаштириб, ишчи лойиҳа ва экспертиза хулосаларини параллел равишда бир вақтнинг ўзида ваколатли органлар билан келишиш (талаб этилганда) тартиботини амалиётга татбиқ этиш (қонунчиликда экспертиза қилиш муддати 15 кун қилиб белгиланган бўлсада, жараёнлар занжирининг узилганлиги, ҳар бир бизнес процесс кетма-кетлик асосида амалга оширилганлиги сабабли хизмат кўрсатиш муддати 45 кундан 64 кунгача чўзилиши мумкин);

– давлат тасарруфидаги экспертиза ташкилотлари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини ишлаб чиқиш;

– давлат хизматлари кўрсатиш бизнес жараёнини BPR технологияларидан фойдаланган ҳолда оптималлаштириш ва “G2G” моделини (давлат идораларининг ўзаро ахборот алмашинуви) ривожлантириш.

Юқоридаги чора-тадбирларнинг амалиётга татбиқ этилиши билан қурилишга рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан соддалаштиришга, коррупциоген ва сансалорлик ҳолатларининг олди олинишига, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнлари (3 тага) ва муддатларининг кескин қисқартирилишига, энг муҳими “Doing Business” йиллик ҳисоботида мамлакатнинг айнан қурилишга рухсат бериш индикатори бўйича биринчи 30 талик давлатлар қаторига киришига эришилади.

Х.ОЧИЛОВ, Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Манба: ЎзА

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар