«UzAuto Motors» бюджетга 582,6 млрд сўм йиғим тўламагани аниқланди

«UzAuto Motors» бюджетга 582,6 млрд сўм йиғим тўламагани аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 460-моддасида автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари сотиб олинганда, йиғим қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4397-сон қарорининг 3-бандига асосан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши қайд этилган.

Ҳисоб палатасининг маълум қилишича, «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида йиғим тўланмасдан келинмоқда. Масалан, «UzAuto Motors» АЖ томонидан 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 582,6 млрд сўм йиғим тўланмаган.

Шу сабабли Ҳисоб палатаси «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларни йиғим тўлашдан озод этишни белгиловчи имтиёзни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидламоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар