Ўзбекистонда водород энергетикаси ривожлантирилади

Ўзбекистонда водород энергетикаси ривожлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда таъкидланишича, бугунги кунда ривожланган мамлакатларда энергия ресурсларига бўлган талабнинг таркибий жиҳатдан ўзгаришига, жумладан, углеводород ресурсларининг ўрнини бошқа манбалар ҳисобига қоплашда экологик тоза ҳисобланган қайта тикланувчи энергия манбалари билан бир қаторда “яшил” водород энергетикасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳам экологик тоза энергия манбаларини ривожлантиришни назарда тутган ҳолда, 2018 йилда Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилди ва уни амалга ошириш юзасидан миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса бўйича – 2030 йилга қадар иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоизга қисқартириш миқдорий мажбуриятини қабул қилди.

Республиканинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини таъминлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва водород энергетикаси инфратузилмасини барпо этиш талаби юзага келмоқда.

Шу муносабат билан, мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбалари ва водород энергетикасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини ҳамда ушбу Институт тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот марказини ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораториясини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шу билан бир қаторда, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари ва водород энергетикасидан фойдаланиш соҳаларини ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда йил якунига қадар водород энергетикасини ривожлантириш бўйича яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиши ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан мамлакатда ушбу соҳаларда фаолият юритаётган ёш олим ва мутахассисларни ривожланган хорижий давлатларга малака ошириш ишларини ташкиллаштириши кўзда тутилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар