Қашқадарёда йиллик 3,3 млрд куб метр табиий газ босимини ошириш қувватига эга станция ишга туширилди (+фото)

Қашқадарёда йиллик 3,3 млрд куб метр табиий газ босимини ошириш қувватига эга станция ишга туширилди (+фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Зеварда” конидаги сиқув компрессор станциясининг 2-навбати ишга туширилди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Қурилиш ишлари “Enter Engineering” (Сингапур) компанияси томонидан амалга оширилди. Замонавий газ-турбина ускуналари ва компрессорлар “Baker Hughes General Electric” (АҚШ), “Моторсич” (Украина), “Akcelik” (Туркия), “Denair Energy” (Хитой) компаниялари томонидан етказиб берилди.

Қиймати 75,8 млн долларга тенг бўлган ушбу лойиҳа кондаги қолдиқ газ ва конденсат захирасини (35,3 млрд куб метр ва 5,5 млн тонна) максимал даражада қазиб олиш мақсадида амалга оширилди.

Маросимни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев очиб берди.

– Янги сиқув компрессор станцияси йилига 3,3 млрд куб метр табиий газ босимини ошириш қувватига эга ҳамда газ таркибидаги суюқ компонентларни ажратиб олиш учун газни комплекс тайёрлаш қурилмасига етказиб беришга хизмат қилади ва кунлик қўшимча 1,5 млн куб метр (йиллик 480,0 млн куб метр) газ қазиб олишга эришилади, – деди Меҳриддин Абдуллаев.

Ушбу сиқув компрессор станциясининг 2-навбати 2 та агрегат орқали “Зеварда”кони қудуқларининг саноат миқёсидаги паст босимли табиий газлари босимини кўтариб, “Зеварда" сиқув компрессор станциясига узатиб бериш ва бу орқали табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга хизмат қилади.

Сиқув компрессор станциясининг барқарор ишлашини таъминлаш учун 2021 йилда "Зеварда" конида қўшимча 9 та янги қудуқни бурғилаш, узунлиги 5,2 км газ коллекторини қуриш ва кондан йиллик 2,9 млрд куб метр табиий газ қазиб олиш режалаштирилган.

Ушбу объектни барпо этиш натижасида, “Зеварда” конидаги табиий газ қазиб чиқариш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда назорат қилиниши билан бир қаторда, ушбу кон бўйича кунлик табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини 1,5 млн куб метрга ошириш имконияти яратилди.

Қурилмани ишга тушириш учун Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан рухсат берилди ва у ушбу объектни барпо этишда иштирок этган мутахассислар томонидан амалга оширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Зеварда” кони ҳудудида кўп йиллар давомида олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида 305 млрд куб метр атрофида табиий газ ҳамда 18,0 млн тоннадан ортиқ газ конденсати захиралари мавжудлиги аниқланган.

Ушбу кон ва ундаги қудуқларнинг жорий ҳолатида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан 2,27 млрд куб метр табиий газ ва 46,6 минг тонна газ конденсати қазиб олинади.

Бошқарма томонидан 2021 йилда 16,8 млрд куб метр табиий газ, 109 минг тонна нефть, 310,7 минг тонна конденсат қазиб олиш режалаштирилмоқда.

Қазиб олинаётган табиий газ қувурлари орқали “Муборак” газни қайта ишлаш заводига ҳамда нефть ва конденсат хомашёлари “Бухоро” нефтни кайта ишлаш заводига етказиб берилмоқда.

Ҳозирги кунда, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси тасарруфида жами 42 та нефть ва газ конденсат конлари, 12 та сиқув компрессор станциялари ва 14 та газни тайёрлаш қурилмалари мавжуд.

Маълумот учун, “Зеварда” кони 1968 йилда очилган бўлиб, дастлабки табиий газ захираси 305 млрд куб метрни ҳамда конденсат захираси 18 млн тоннани ташкил қилган. Конни ишлатиш давомида 136 та қудуқ бурғиланиб, ҳозирги кунда 82 та қудуқ ишлатилмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар