Хоразм вилояти ҳокими аҳолига мурожаатида асосий эътиборни нималарга қаратди?

Хоразм вилояти ҳокими аҳолига мурожаатида асосий эътиборни нималарга қаратди?

2021 йил 21 декабрь куни Халқ депетатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбадаги сессиясида вилоят ҳокими Ф.У.Эрманов вилоят аҳолисига мурожаат қилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Қорақалпоғистон филиали томонидан вилоят ҳокимининг аҳолига мурожаати лингвистик контент-таҳлил қилинди. Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб, вилоятда 2022 йилда асосий эътибор қаратиладиган соҳаларни кўришимиз мумкин.

Вилоят ҳокими ўз нутқида жами 5 610 та сўздан фойдаланган. Энг кўп “Қурилиш” сўзини - 44 марта, “Аҳоли” сўзини – 43 марта, “Хизматлар” сўзини – 35 марта, “Маҳалла” сўзини – 25 марта, “Сув” сўзини – 21 марта, “Қишлоқ” сўзини – 20 марта, “Ёшлар” сўзини 19 марта, “Технологиялар” сўзини 18 марта, “Бюджет” ва “Йўл” сўзларини – 15 мартадан қўллаган. Бундан ташқари, “Бандлик”, “Оила”, “Инвестиция”, “Таълим”, “Тиббиёт”, “Кредит”, “Тадбиркорлик”, “Рақамли”, “Хоразм”, “Аёллар”, “Туризм”, “Экспорт” сўзлари ҳам кўп такрорланган.

Мурожаатда асосий эътибор 2021 йил давомида эришилган иқтисодий ўсиш суръатлари, амалга оширилган инвестицион лойиҳалар ва “Обод қишлоқ” дастурининг ижросига ҳамда 2022 йилда вилоятда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишларига қаратилган.

Жумладан, жорий йил якуни билан вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 30,0 трлн. сўмга (121,9 фоизга) режа қилинганлиги ва аҳоли жон бошига 15,7 млн. сўмни ташкил қилиши кутилаётганлиги, шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,1 трлн. сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулот ишлаб чиқариш 22,9 трлн. сўмга, бажарилган қурилиш ишлари 4,6 трлн. сўмга, чакана савдо айланмаси ҳажми 10,5 трлн. сўмга, жами хизматлар 9,0 трлн. сўмга бажарилиши кутилаётганлиги таъкидланган.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,3 млн. сўмни (2020 якун 5,1 млн. сўм), хизматлар ҳажми 4,6 млн. сўмни (2020 якун 3,5 млн. сўм) ташкил қилади.

Шу билан бирга, мурожаатда қуйидагилар қайд этилган:

- вилоятдаги хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 195 тага етиб, жорий йилда амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 185,3 млн долларга тенг бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди;

- ушбу кўрсаткич йил якунига қадар жами 197,8 млн долларни ташкил қилиб, йиллик прогноз кўрсаткичи 161,3 фоизга бажарилиши кутилмоқда;

- ҳудудий дастур доирасида жорий йилда умумий қиймати 4,4 трлн.сўм бўлган 1 минг 238 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 11 минг 650 та янги иш ўринлари яратилди;

Бугунги кунда вилоятда 13 минг 19 та хизмат кўрсатиш ва сервис субъектлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 7,6 трлн. сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 120,1 фоизни ташкил қилди.

2021 йилда ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳар бир раҳбарнинг эътибор марказида бўлди.

Ҳафтанинг ҳар шанба кунини вилоятда “Ёшлар куни” деб эълон қилиниб, туман, шаҳар сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашувлари мунтазам равишда йўлга қўйилди. Ёшлар томонидан 5 минг 231 та таклиф ва муаммолар билдирилиб, уларнинг 3 минг 477 таси ҳал этилган бўлса, 1 минг 754 та мурожаатлар юзасидан тавсиялар ва кўрсатмалар берилди.18-30 ёшдаги 54 минг 542 нафар ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди.

Вилоятда ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 13 та “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилди.

Вилоятда ташкил этилган 13 та Рақамли технологиялар ўқув марказларида бугунги кунга қадар 5 минг 519 нафар ёшлар ўқишга жалб қилиниб, 4 минг 44 нафари муваффақиятли тамомлади.

Бирлашган Араб амирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида бугунги кунга қадар вилоятдаги ёшлардан 173 минг 380 нафар қизиқувчилар рўйхатдан ўтиб, улардан 75 минг 509 нафари битирувчи сертификатини қўлга киритди.

Вилоятда ишсизлар сони 78 минг 900 нафарни, ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил қилади. Жорий йилнинг 11 ойи давомида 61,0 минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди.

Шунингдек, жорий йилда тижорат банклари томонидан тадбиркорларимизга жами 4,2 трлн сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, бунинг ҳисобига 27 минг 315 нафар аҳоли бандлиги таъминланди.

Шу билан бирга, вилоятдаги хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 195 тага етиб, жорий йилда амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 185,3 млн долларга тенг бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Шунингдек, 2022 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режалар тўғрисида айтиб ўтди:

Биринчи йўналиш бу - вилоятда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида 2022 йилда 91,9 минг нафар аҳолини бандлигини таъминлаш чоралар кўрилади.

Маҳаллаларда тадбиркорликни кенг жорий этиш орқали 18 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тадбиркорларга ажратиладиган 695 миллиард сўм имтиёзли банк кредитлари ҳоким ёрдамчилари билан бирга ишлаб чиқилган лойиҳалар учун берилади.

Шунингдек, шароити оғир 32 та маҳаллаларда 36 та кооперациялар ташкил этилиб, уларга жами 64 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилади.

Ёшларнинг ўз бизнесини бошлашига амалий ёрдам бериш учун, Урганч туманида бизнес-инкубатор ташкил этилади.

2022 йилда 46 та янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, улардаги ўринлар сони 580 тага етказилади.

Иккинчи йўналиш – келгуси беш йилда вилоятда 5 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали, 70 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратилади.

Учинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш орқали 50 минг аҳоли учун доимий иш ўрни яратилади.

Тўртинчи йўналиш – аҳоли ва тадбиркорлик учун қулай инфратузилма яратиш.

2022 йилда ҳам “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари давом эттирилади. Мазкур дастур доирасида 2022 йилда амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш тадбирларига барча манбалар ҳисобида жами 340,7 млрд.сўм маблағ ажратилади.

Бешинчи йўналиш – экология ва аҳоли саломатлиги.

2022 йилда бирламчи тиббиёт бўғинида аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини ошириш чоралари кўрилади.

Малакали тиббий хизматларни маҳалла даражасигача етказиш белгиланган. Маҳалларга бириктирилган “тиббиёт бригадалари” ва оилавий поликлиникаларни сурункали касалликларни барвақт аниқлаш бўйича зарур воситалар (планшет, тарози, пульсоксиметр, тонометр-фонедоскоп, глюкомер ва сарфлов материаллари) билан таъминлаш ишларига маҳаллий бюджет маблағларидан 2,4 млрд. сўм ажратилади.

Олтинчи йўналиш – таълим сифатини ошириш бўйича аниқ чоралар кўрилади.

2022 йилда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олиш даражаси 74,0 фоизга етказилади. Бунда, Давлат инвестиция дастури доирасида 1 та мактабгача таълим муассасасини янгидан қурилади, 8 та мактабгача таълим муассасини реконструкция қилинади, 15 та давлат-хусусий шерикчилик асосида ҳамда 60 та оилавий боғчаларни ташкил этилади. Ушбу мақсадларга жами 89,0 млрд. сўм маблағ сарфланади.

2022 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишларини таъминлаш мақсадида 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун, бепул тушлик бериш йўлга қўйилади, ушбу мақсадларга 100 млрд. сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, вилоятда 2022 йилда 2 та янги мактаб қурилади, 10 та мактаб реконструкция қилинади, 7 та мактаб мукаммал таъмирланади, 143 та мактаб компьютер техникалари билан таъминланади. Ушбу тадбирларга 93,3 млрд. сўм маблағ сарфланади.

Вилоятда ахборот-технологиялари соҳасини янада ривожлантириш мақсадида ҳорижий ҳамкорлар билан биргаликда Ай-Ти кластер фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу кластер лойиҳаси доирасида Халқаро Университет, Муҳаммад ал-Хоразмий рақамли технологиялар форуми ташкил этилади.

2022 йилда вилоятда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 16 минг нафар ёшлар ўқитилиб, дунёдаги илғор IT-компанияларда ишлаш имконияти яратилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан ишлаш бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар