"Яшил" ҳудуд деб баҳоланган вилоятлардан чекловлар олиб ташланади

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан келиб чиқиб, карантин чекловлари жорий йил 8 майидан бошлаб қуйидаги учта тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилиб, босқичма босқич бекор қилиб борилади.

Учинчи — "яшил" тоифадаги ҳудуд — коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланмаган (ёки аниқланган шахслар тўлиқ соғайган) ҳудудлар:

➖ Навоий,
➖ Жиззах ва
➖ Қашқадарё вилоятлари.

"Яшил" ҳудудларда, юқоридагиларга қўшимча равишда:

  • парк ва истироҳат боғлари фаолиятига (аттракцион ва кўнгилочар объектлар фаолияти бундан мустасно),
  • автотранспортларнинг стикерсиз ҳаракатига,
  • давлат ташкилотларида фуқаролар қабулларига ҳам рухсат берилади.

"Яшил" ва "сариқ" тоифадаги ҳудудларда йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда савдо мажмуалари фаолият юритишига қуйидаги талаблар асосидагина рухсат берилди:

ЙЎНАЛИШСИЗ ТАКСИЛАР — йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади), йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат ўз (автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган) ҳудудида ҳаракатланиши лозим;

САРТАРОШХОНА ВА ГЎЗАЛЛИК САЛОНЛАРИ — хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари — тиббий халат ёки комбинезон, тиббий ниқоб (N 95 ёки устма-уст 2 та оддий спанбонд ниқобли), юзни тўлиқ тўсадиган ҳимоя маскаси ва тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳолда "1 та хизмат кўрсатувчи шахс — 1 та мижоз" тамойили асосида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ишлаши лозим;

САВДО МАЖМУАЛАРИ — қатъий ижтимоий масофани сақлаган ҳолда рухсат этилади, бунда: савдо мажмуасининг аттракцион, кўнгилочар, овқатланиш бўлинмалари, кинотеатр ва ўйин майдончалари фаолиятига рухсат берилмайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар