Ёш тадбиркорларга 540 млн сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади

Ёш тадбиркорларга 540 млн сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади

Вазирлар Маҳкамасининг 21 декабрдаги «Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [765-сон] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Президентнинг 2021 йил 13 июлдаги [ПФ-6260-сон] фармонига асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ТИФ Миллий банкка 100 млн доллар пул ажратилган.

Ҳукумат қарори билан мазкур маблағлардан 2022−2024 йилларда ёш тадбиркорларнинг янги бизнес лойиҳалари учун кредитлар қуйидаги шартларда ажратилади:

  • кредит миқдори БҲМнинг 1000 бараваридан 2 минг бараваригача (270 млн — 540 млн сўм);
  • муддати — 7 йил, имтиёзли давр — 3 йил;
  • фоиз ставкаси — Марказий банкнинг асосий ставкасида (ҳозирда 14%).

Кредитлар ажратиш учун Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо саноат палатаси ва банклар томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшлар рўйхати шакллантирилади.

Ёшлар ўртасида бизнес кўникмаларини шакллантириш ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича ўқув амалий курслари, шу жумладан, «онлайн» тарзда бепул ташкил этилади.

Мазкур курсларни муваффақиятли тугатган ёшларга сертификат тақдим этилиб, улар томонидан ўз бизнесини ташкил этиш учун юқоридаги шартларда кредитлар ажратилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун ёшлар ТИФ миллий банк филлиалларига ариза беради ва унга мувофиқ кредит ажратилади ёки асослантирилган ҳолда рад этилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар