Ёшлар – миллат тараққиётининг ҳал қилувчи омили

Ёшлар – миллат тараққиётининг ҳал қилувчи омили

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг проректори, Иқтисодиёт фанлари доктори Гулнора Абдураҳмонова Ёшлар – миллат тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканлиги ҳақида таъкидламоқда. Унинг фикрича, ёшлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда ҳам катта куч ҳисобланади.

Бутун дунёда ёшлар ҳар бир давлатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий бойлиги, сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс куч ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар стратегиясида “Ёшлар сиймосида энг қимматли ва ўта муҳим ресурслар мужассам топган бўлиб, унга ҳар қанча инвестиция киритса арзийди, чунки бу сармоялар бир неча баробар зиёда бўлиб қайтади” деб таъкидланади.

Ҳозир жаҳон ҳамжамиятида қабул қилинган, ёшлар тоифасига мансуб деб ҳисобланадиган 12-24 ёшдагилар 1,2 миллиард нафарни ёки Ер юзи аҳолисининг 16 фоизини ташкил этади. 2030 йилга бориб уларнинг сони яна 7 фоизга ортиб, 1,3 миллиард нафарни ташкил этиши башорат қилинмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида ҳам ёшларимизни “Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси” деб таърифлади. Мамлакатимизда бугунги кунда агар мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасалар бўлғуси Уйғониш даврининг тўрт узвий ҳалқаси, боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимиз унинг тўрт таянч устуни деб ҳисобланаётган бўлса, фикримизча ёшларимизни Учинчи Ренессанснинг ижодкорлари дейиш мумкин.

Аҳолимизнинг ярмидан зиёдини ёшлар ташкил этадиган юртимизда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Кейинги йилларда бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшлар сиёсатига дахлдор 40 дан зиёд Қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ёшлар сиёсати соҳасидаги муҳим йўналишлардан бири сифатида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, йигит-қизларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш каби ниҳоятда долзарб масалаларга янги тизим асосида ёндашиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди.

Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Юзлаб йигит-қизларимиз парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда Олий Мажлис ҳузурида Ёшлар парламенти тузилган, шунингдек, ёшлар масалаларини давлат миқёсида амалга оширишда давлат бошқарув органи статусига эга Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилган.

Жаҳон миқёсида фан ва техника ниҳоятда тараққий этиб, инновациялар рақобат устунлигига эришнинг асосий омилига айланган шиддатли юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бу ҳисобга олинган ҳолда, жумладан, кейинги уч йилда республикамиздаги олий ўқув юртлари сони 60 фоизга ошиб, 116 тага етди. Улар орасида нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари борлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига қабул квоталари сони изчил ошириб борилмоқда. Агар 2016-2017 ўқув йилида бу рақам 58 мингтани ташкил этган бўлса, 2020 йилда 150 мингтага етди, яъни бу йил мактаб битирувчиларининг 25 фоизи олий ўқув юртларида ўқиш имконига эга бўлади. Ҳолбуки, 2017 йилда бу рақам 9 фоизга тенг эди.

Ёшлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда ҳам катта куч. Республикамизда 230 мингга яқин ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг сафи янада кенгайиши учун давлат томонидан зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Фақат “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 8 мингтага яқин бизнес лойиҳасига 1 триллион 630 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди, натижада 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилди.

Навқирон авлод тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда республикамизда ташкил этилаётган “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузарлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларда тадбиркорлик кўникмаларини эгаллаган ёшлар мустақил фаолиятини бошлашмоқда. Қишлоқ жойларида эса “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида 65 мингга яқин ёш деҳқонларга 54 минг гектардан зиёд ер ажратиб берилди.

Шу билан бирга ёшларнинг қатор ниҳоятда долзарб муаммолари ҳал этилмай қолмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг “2020 йилда ёшларнинг иш билан бандлиги глобал тенденциялари: эртанги кун технологиялари ва иш жойлари” маърузасида таъкидланишича, ёшларда эртанги кунга бўлган ишончи ташвишли тус олмоқда.

Бунинг асосий сабабларидан бири – ишлаб чиқариш тобора автоматлаштирилаётганлиги учун ёш ходимлар билими ва малакасига мувофиқ иш жойлари етишмаяпти. Жумладан, 2019 йилда жаҳонда 267 миллион ёшлар ўқимасди ҳам, ишламасди ҳам. Бу аввалги - 2017 йил якуни бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижаларидан 8 миллион нафарга ортган. Бу йил кўп жиҳатдан коронавирус пандемияси оқибатида ана шундай ёшларнинг сони 273 миллион нафарга етиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Жумладан, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 11,1 фоизни ташкил этган. 16−30 ёшгача бўлганлар ўртасида эса ишсизлик даражаси 17,1 фоизга етган.

Шунинг учун Президентимизнинг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида бу ниҳоятда долзарб муаммога алоҳида эътибор берилган. Ёшларни самарали иш жойлари билан кафолатли таъминлаш учун давлат томонидан ҳали мисли кўрилмаган чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Ўтказилган тадқиқотлар ёшларимизда ҳозирча бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малака етишмаслигидан далолат бермоқда. Бу ҳисобга олинган ҳолда “Микрокредитбанк”ка касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиб, сертификат олган ёшларга имтиёзли фоизларда микрокредитлар ажратиш чораларини кўриш вазифаси қўйилди. Бундай кредитлар 3 йил имтиёзли даври билан 7 йил муддатга берилади. Банк томонидан ушбу мақсадлар учун келгуси йилда 45 миллион долларлик микрокредитлар ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Эндиликда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ҳар 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшлар бириктирилади. Тижорат банкларининг ҳудудларда фаолият бошлаган “Лойиҳалар фабрика”лари ёшларимизнинг илғор ғоялари асосида лойиҳавий таклиф ва бизнес режаларини тайёрлаб беради.

Ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилиб, ушбу жамғармага 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Ушбу жамғарма ёшларнинг лойиҳаларига қулай шартларда ва паст фоизларда кредит беради. Бу 2021 йилнинг ўзида йилда камида 500 минг ёшга иш жойи яратиш имконини беради. Шунингдек, республикамиз ҳудудларда “устоз-шогирд” анъанаси янада кучайтирилиб, ана шу эзгу ишга жалб этиладиган ҳунарманд усталарни Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади.

Юртимизда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ташкил этиш тажрибасидан фойдаланган ҳолда барча шаҳар ва туманларида “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилади. Ушбу саноат зоналарида ёшлар лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш учун зарур бўладиган барча инфратузилма объектлари жойлаштирилади.

Тижорат банкларининг ҳудудларда фаолият бошлаган “Лойиҳалар фабрика”лари ёшларимизнинг илғор ғоялари асосида лойиҳавий таклиф ва бизнес режаларини тайёрлаб беради. Ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилиб, ушбу жамғармага 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Ушбу жамғарма ёшларнинг лойиҳаларига қулай шартларда ва паст фоизларда кредит беради.

Янги Ўзбекистон – обод ва фаровон, демократик мамлакатимизни барпо этишда ёшларимизнинг алоҳида ўрни бор. Улар ўз ватанпарварликлари, билимлари ва малакаси, ғайрат-шижоатлари, ташаббускорликлари билан учинчи Ренессанс ижодкорлари эканликларини намоён этишга қодирлар.

Гулнора АБДУРАҲМОНОВА,

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг проректори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар