Президент ёшларнинг тадбиркорликка қизиқишлари катта бўлгани билан, улар керакли кўникмаларга эга эмаслигини, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, бизнесдаги “рисклар”га ўргатиш зарурлигини қайд этди.
Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун бир неча янгилик жорий қилинмоқда:
- агар корхона ва компаниялар ёшларни ишга қабул қилса, корхоналарга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади.
- “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади.
- Биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғини тўлашдан озод этилади.
- “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади.
- ходимлари сонининг камида 70 фоизи “ёшлар дафтари”га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилади ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмайди.
- ёшларга тадбиркорлик фаолиятига керакли асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 10 миллион сўмгача субсидиялар берилади.
- ижарага бино олиб бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади.
- “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютерлар хариди учун “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ва “Халқ банки” имтиёзли кредитлар ажратади.
- “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади.
- “ёшлар дафтари”га кирганларга, қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қопланади.
- 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилади.
- ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.
Шавкат Мирзиёев ака-ука тадбиркорлар Ҳасан-Ҳусан Мамасаидовлар томонидан йўлга қўйилган ёшларни тадбиркорликка бепул ўқитиш ташаббуси (“Mfaktor” лойиҳаси)ни қўллаб-қувватлади. 480 минг ёшларни онлайн платформада ўқитаётганини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ қолдириш