Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемияси келтириб чиқарган глобал инқироз фонида мамлакатда ишлаб чиқариш кескин қисқаришининг олдини олиш мақсадида фискал (бюджет-солиқ) сиёсатдан асосий восита сифатида фойдаланди. Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров сентябрь ойи ўртасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берди.
Аҳадбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, 2019 йилда давлат мақсадли жамғармалари харажатлари ЯИМга нисбатан 27% ни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 30−31% атрофида бўлиши кутилмоқда.
«Агар биз бюджет-солиқ сиёсатидан [иқтисодиётни рағбатлантиришда] инструмент сифатида фойдаланмаганимизда ва ишлаб чиқаришга инвестиция харажатларини оширмаганимизда, 2020 йилда ЯИМнинг пасайишининг олдини ололмаган бўлардик» дея қайд этди у.
Ўзбекистон 2020 йилда ЯИМнинг ижобий ўсишига эришган саноқли давлатлар қаторида бўлган (1,6%). Шунингдек, 2021 йилда ЯИМ қарийб 7% га ўсиши кутилмоқда.
Шу ўринда Аҳадбек Ҳайдаров келгуси беш йилликдаги вазифаларга тўхталди.
«Энди асосий мақсадимиз - давлат бюджети харажатларини инқирозгача бўлган даврдаги даражага, яъни максимум 27% га тушириш. Бу, ўз навбатида, бюджет тақчиллигини камайтириш имконини беради» дея қайд этди вазир ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, кейинги йилдан бюджет тақчиллигини (бюджет харажатларининг даромадидан ошиб кетиши) босқичма-босқич камайтириб бориш кўзда тутилган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси икки йилда бюджет тақчиллиги 2,5−2,6% атрофида бўлиши кутилмоқда. Кейинчалик мазкур кўрсаткични 2% чегарасида ушлаб туриш режалаштирилмоқда.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, давлат бюджети харажатлари ва бюджет тақчиллигини камайтириш инфляция даражасини 2023 йилга келиб режалаштирилган 5% га тушириш имконини беради.
Аҳадбек Ҳайдаров ҳукумат томонидан давлат қарзига ЯИМга нисбатан 60% даражасида чегара қўйилганлиги, лекин асл мақсад ушбу кўрсаткични 45−50% дан оширмаслик эканлигини маълум қилди.
«60% лик чегара давлат қарзи ЯИМга нисбатан 60% га етади дегани эмас. Макроиқтисодий барқарорлик даврида давлат қарзини 45−50% чегарасида ушлаб туриш керак бўлади. Лекин инқироз шароитида, айтайлик, ЯИМ қисқариши ёки бюджет тақчиллиги ўсганида давлат қарзи маълум даражагача кўтарилиши мумкин, лекин [ЯИМга нисбатан] 60% дан ошмайди. Иқтисодий фаоллик қайта тикланганидан кейин эса кўрсаткич яна 45−50% лик чегарага қайтади», дея изоҳ берди у.
2021 йилнинг иккинчи чорагида давлат қарзи 1 млрд долларга — 24,2 млрд долларгача ўсди ва, ўз навбатида, ЯИМга нисбатан 38,5% ни ташкил этди.
«Биз йил охиригача кўрсаткични шу даражада сақлаб қолиш чораларини кўрамиз. Келгуси беш йилда давлат ташқи қарзини ЯИМга нисбатан 45−50% дан оширмасликни режалаштиряпмиз», — дея қайд этди Аҳадбек Ҳайдаров.
Izoh qoldirish