1 сентябрдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?

1 сентябрдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?
  1. Чет элга ишлашга кетаётган фуқароларга компенсация тўланади

«Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарорига кўра, 2021 йил 1 сентябрдан 2022 йил 1 сентябрга қадар «lаbоr-migrаtiоn» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:

- хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда — БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда (735 минг сўм);

- йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда (490 минг сўм);

- ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда (1 млн 225 минг сўмгача) компенсация тўланади.

  1. Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 1,1 бароварга оширилади

Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида:

- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 822 000 сўм;

- базавий ҳисоблаш миқдори — ойига 270 000 сўм;

- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм;

- ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўм;

- болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 622 000 сўм;

- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 440 000 сўм;

- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 440 000 сўм;

- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори — ойига 623 000 сўм;

- 1941−1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда ойига 2 млн 750 минг сўм этиб белгиланди;

- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 440 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;

- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 440 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 165 000 сўмдан қўшилиши белгиланади.

Бундан ташқари, 1 сентябрдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори ошади. Жумладан, ҳужжатсиз юриш 270 минг сўм, «қизил»дан ўтиш 540 минг сўм, телефонда гаплашиш 810 минг сўм ҳамда маст ҳолда ҳайдаш 6 млн 750 минг сўм этиб белгиланади.

  1. 18 ёшгача бўлганлар учун ягона болалар нафақаси жорий этилади

1 сентябрдан бошлаб амалда бўлган кам таъминланган оилаларга 14 ёшгача болалари учун нафақа ва 2 ёшгача болани парвариш қилиш нафақаси ўрнига ягона болалар нафақаси жорий этилади.

Ушбу нафақани тайинлашда:

- болалар ёши меъёри 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади;

- тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилади;

- нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади;

- фарзанди бўлмаган ёки фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.

Болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг қуйидаги янги миқдорлари белгиланмоқда. Болалар нафақаси оиланинг:

- 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун — 250 000 сўм (+56 000 сўм);

- 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун — 325 000 сўм (+131 000 сўм);

- иккинчи фарзанди учун қўшимча — 150 000 сўм (+186 000 сўм);

- учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун — 100 000 сўмдан (амалдаги 190 минг сўмдан 290 минг сўмгача кўп);

- моддий ёрдамнинг миқдори — 380 000 сўм этиб белгиланади.

  1. Электрон онлайн-аукционларнинг ягона тартиби жорий этилади

1 сентябрдан E-auksion электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади. Бунда:

- иштирокчиларга, шу жумладан чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан бепул тақдим қилинади;

- объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади;

- аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;

- хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;

- сотилган объектнинг қиймати БҲМнинг 5 минг бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, 5 минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

- аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари аукционлардан четлатилади (тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга).

- аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.

Ҳужжатга асосан, мазкур тартиб электрон савдо платформаси орқали сотилиши ёки ижарага берилиши белгиланган барча турдаги активларга нисбатан татбиқ этилади.

  1. Давлат органи ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади

Президентнинг «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади.

  1. Камондан отиш ва от спорти ривожлантирилади

Камондан отиш бўйича:

1 сентябрдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда камондан отиш спорт тури бўйича:

- Тошкент шаҳрида «Алпомиш ва Барчиной» халқаро турнири;

- Самарқанд шаҳрида аёллар ўртасида «Тўмарис кубоги» халқаро турнири;

- Бухоро, Қўқон, Самарқанд ва Хива шаҳарларида «Туризм ва камондан отиш ҳафталиги» ташкил этилади.

Ҳафталик доирасида камондан отиш бўйича спортчилар ва сайёҳлар ўртасида турнирлар, маҳорат дарслари ҳамда учрашувлар, туристик салоҳият акс этган сайиллар ўтказилади.

От спорти бўйича:

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили от йўрттириш тури бўйича Тошкент вилоятида «Ўзбекистон Республикаси президенти кубоги учун», тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Қашқадарё вилоятида «Qarshi Open», Тошкент шаҳрида «Миллатлар кубоги» халқаро турнирлари ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб от спорти бўйича меҳнатни рағбатлантиришда уста-чавандоз, от парваришловчи, тақачи, отхона бошлиғи (бригадир) — тренерга, ветеринар-шифокор — шифокорга, зоотехник ва фельдшер-ветеринар — ҳамширага тенглаштирилади.

  1. Айрим спортчи-тренерларга ҳар ойлик тўлов жорий этилади

Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги 5 йилда ғолиб ва совриндор (1−3 ўрин) бўлган, шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда ишлаётган спортчи-тренерларга:

- спорт тўгаракларини ташкил этиш учун туман ва шаҳарларда бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида ижарага берилади;

- спорт инвентарлари, буюмлари ва жиҳозларини харид қилиш учун субсидиялар ажратилади;

- камида 100 нафар ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишини ташкил этган тақдирда БҲМнинг 10 бараваридан (2 млн 700 минг сўм) кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик тўлов жорий этилади.

Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб «Спорт ҳамма учун» лойиҳаси доирасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни параспорт турлари билан кенг қамраб олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятга интеграция қилиш мақсадида бир йилда бир марта Параспорт халқаро фестивали ўтказилади.

  1. Янги транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмайди

Ҳукуматнинг «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига кўра, 1 сентябрдан янги транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмайди.

Шунингдек, транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланиш тартиби жорий этилади.

Сентябрь ойидан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли M1 тоифадаги автотранспортларни тадбиркорлар — юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланилади.

Бундан ташқари, 1 сентябрдан хорижий давлатларга чиқадиган транспортлардан ташқари барча транспортларга техник кўрикдан ўтгани тўғрисидаги талонларни бериш амалиёти бекор қилинади.

  1. Мактабларни рағбатлантириш мақсадида президент соврини таъсис этилади

Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижаларга эришган мактабларни рағбатлантириш мақсадида президент соврини таъсис этилади.

Бунда, соврин учун мусобақалар умумтаълим мактаблари ўртасида қуйидаги уч босқичда ташкил этилган ҳолда:

- биринчи босқич — туман ва шаҳарларда ўтказилиб, ғолиблар 100 млн сўмгача;

- иккинчи босқич — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиб, ғолиблар 250 млн сўмгача;

- учинчи босқич — республика миқёсида ўтказилиб, ғолиблар 500 млн сўмгача пул маблағлари билан мукофотланади.

Бундан ташқари, ушбу мактабларнинг директорлари ва чет тили фани ўқитувчилари давлат мукофотларига ҳам тавсия этилади.

  1. Педагог кадрлар малака тоифасини бериш бўйича аттестациядан йил давомида ўтказилади

Малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилади.

Узрли сабабларга кўра (меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътили ва бошқалар) аттестациядан ўтмаган педагог кадрлар ишга қайтганига бир йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилади ва мазкур давр мобайнида уларнинг малака тоифаси сақлаб қолинади (ўз ташаббусига кўра аттестациядан ўтмоқчи бўлган педагог кадрлар бундан мустасно).

  1. Ногиронлиги бўлган болаларни васийликка олган оилаларга тўланадиган тўловлар 2 млн 700 минг сўмгача етказилади

«Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорига кўра, 1 сентябрдан:

- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади;

- техникум, коллеж, академик лицей ёки ОТМда ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 350 минг сўм) миқдорида субсидиялар ажратилади;

- ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг тегишли йўналишлар бўйича курсларда ўқиш харажатлари бир йилда БҲМнинг 20 бараваригача (5 млн 400 минг сўмгача) миқдорда компенсация қилинади;

- ўқишни давлат ОТМларида давом эттирганда уларга стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.

2021/2022 ўқув йилидан ОТМга абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан SOS — болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (25 ёшга тўлмаган) учун қўшимча равишда 1 фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратилади.

Шунингдек, 1 сентябрдан ўқув-тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар навбатсиз берилади. Ногиронлиги бўлган болаларни васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларга тўланадиган тўловлар БҲМнинг 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) етказилади.

Оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг хорижий давлатлардаги жарроҳлик операциялари билан боғлиқ харажатлар тўлиқ миқдорда компенсация қилинади.

  1. Мактабгача таълим хизматларини кўрсатишда мобиль гуруҳлар фаолияти кенгайтирилади

2021−2022 ўқув йилидан республиканинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизими жорий этилади. Бир мобиль гуруҳдаги болалар сони камида 16 нафар, кўпи билан 30 нафар бўлиши лозим.

Мобиль гуруҳларга болалар қуйидагилар асосида қабул қилинади:

- боланинг қонуний вакиллари аризаси;

- туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари томонидан бериладиган йўлланма;

- бола соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома.

Мобиль гуруҳларда ўқув йили ҳар йили 2 сентябрдан келгуси йилнинг 31 майигача ҳамда ёзги соғломлаштириш даври 1 июндан 31 августгача ҳисобланади. 1 сменадаги машғулотлар давомийлиги 3 соатгача бўлиши лозим. Мобиль гуруҳларда давлат мактабгача таълим хизматлари бепул кўрсатилади. Мобиль гуруҳларнинг иш тартиби 1 кунда 3 сменагача, ҳафта давомида 6 кунгача амалга оширилиши мумкин.

  1. Гулчилик билан шуғулланаётганларнинг харажатлари қоплаб берилади

1 сентябрдан 2021−2024 йилларда йиллик экспорт тушумида гул экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ва 100 минг АҚШ доллардан кўпни ташкил қиладиган тадбиркорларнинг хомашё (гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи қопланади.

Шу билан бирга, Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманлари гулчиликка ихтисослаштирилади.

  1. Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш такомиллаштирилади

«Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарорига кўра:

1 сентябрдан вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар томонидан — таълим муассасаларида, профилактика инспекторлари томонидан — хизмат ҳудудида, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари томонидан — оилаларда қаровсиз болалар аниқланади.

Вояга етмаган шахснинг қаровсиз қолганлиги давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар томонидан аниқланган ҳолларда улар бу тўғрисида профилактика инспекторига хабар беради. Профилактика инспектори бола қаровсиз қолганлиги тўғрисида хулосага келса, тегишли тартибда болани Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига қабул қилиш ҳақида йўлланма тайёрланади.

Марказ томонидан 48 соат ичида қаровсиз боланинг шахси аниқланади. Боланинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳолатига баҳо бериш натижасига кўра ижобий хулосага келинса, бола ота-онаси (ота-она ўрнини босувчи шахслар)га топширилади.

Марказ йўлланмасига кўра, бола тегишли ихтисослаштирилган таълим муассасасига синов ва имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилинади. Ўқиш харажатлари республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Профессионал ёки ОТМга ўқишга кириш истаги бўлмаган ёки ўқишга кира олмаган қаровсиз вояга етмаган бола 1 ой ичида ҳудудий меҳнат органлари томонидан ишга жойлаштирилади.

  1. Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

«Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорига кўра:

2021 йил 1 сентябрдан:

- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда юридик шахс мақомига эга бўлмаган, узумчиликни ривожлантириш бўйича доимий лойиҳа офислари ташкил этилади;

- аҳоли томорқаларида, маҳаллаларда узум етиштиришни кенгайтиришнинг янги механизми жорий этилади;

- узум етиштириш, уни қуритиш, қадоқлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади.

  1. E-ekspertiza ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Институт суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади. Шу билан бирга, 1 сентябрдан:

- давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилади;

- иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилади;

- нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳар 3 йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш механизми жорий қилинади.

2022 йил 1 мартдан аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш ва ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган «E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.

  1. Ҳайдовчилардан ишончномани талаб этиш тартиби бекор қилинади

1 сентябрдан ҳайдовчилардан автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали мазкур ҳужжатларни ҳайдовчидан талаб этиш тартиби бекор қилинади.

  1. Ички ишлар вазирлиги Академиясида икки босқичли олий таълим тизими жорий этилади

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, Ички ишлар вазирлигининг Академиясида кадрларни тайёрлаш жараёнига бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими жорий этилади.

Бакалавриат бўйича ўқитиш кундузги ва сиртқи таълим шаклларида ташкил этилади. Магистратура бўйича ўқитиш раҳбар кадрларни тайёрлашга қаратилади ҳамда иккинчи даражадаги «ташкилий-тактик бошқарув» ва биринчи даражадаги «ташкилий-стратегик бошқарув» йўналишларида ташкил этилади. Магистратуранинг ҳар бир йўналиши бўйича ўқиш муддати 1 йилни ташкил этади.

Шунингдек, 1 сентябрдан ички ишлар органларининг сержант таркибидаги лавозимларида хизматни ўташ учун фақат олий маълумотга эга бўлган шахслар қабул қилинади. Ички ишлар органларининг сафдор таркибидаги лавозимларига номзодлар фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий-академик лицейлар битирувчилари, профилактика инспекторининг ёрдамчилари, шунингдек, олий маълумотга эга ёки сиртқи таълим шакли бўйича таҳсил олаётган шахслар орасидан қабул қилинади.

  1. Талабаларга физика фанидан тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошига ҳар ойлик устама ҳақ тўланади

1 сентябрдан:

- ОТМнинг «Физика», «Биотиббиёт физикаси», «Физика ва астрономия» каби бакалавриат таълим йўналиши талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси ғолиблари ва физика бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорлари физика мутахассисликлари бўйича қабул параметрларидан ташқари давлат гранти асосида магистратурага ўқишга қабул қилинади;

- физика фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти;

- физика фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

2021/2022 ўқув йилидан олий таълим тизимида физика фанлари соҳаларга мослаштирилган ҳолда ўқитилади.

  1. Академик таътил берилиши бўйича чекловлар бекор қилинади

Академик таътил беришда қуйидаги тартиб ўрнатилади:

- таълимни сиртқи ва масофавий шаклга ўтказиб академик таътил олиш;

- бетоб оила аъзосини парвариш қилаётганларга академик таътил берилади;

-академик таътил берилиши бўйича чекловлар бекор қилинади (амалда ўқиш давомида 2 марта, тиббиёт талабалари учун 3 мартагача берилади);

- академик таътилдан қайтган талабаларни илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиёти бекор қилинади.

Илмий унвон ва илмий даражаларни бериш 2021 йил 1 сентябрдан ОТМ илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилади.

Шу билан бирга, 2021/2022 ўқув йилидан:

- ОТМга киришда юқори балл тўплаган 200 та ёшлар учун президент гранти жорий этилади;

- ОТМда 2 ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити берилади;

- давлат грантлари 25 фоизга, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти 2 бараварга оширилади;

- хусусий ОТМда ҳам давлат гранти берилади;

Шунингдек, 1 сентябрдан:

Россияга ташриф буюрувчи ўзбекистонликлар «Путешествую без COVID-19» («COVID-19`сиз саёҳат қиламан») махсус мобил иловадан фойдаланиши керак бўлади. Иловада таҳлил натижаларини кўриш учун белгиланган лабораторияларда ПЗР-тестини топшириш керак бўлади. Иловани App Store, Google Play ва AppGallery (Huawei иловалар дўкони) да юклаб олиш мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти таркибида Болалар омбудсмани институтининг болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти, туман (шаҳар) ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари ташкил қилинади.

Сентябрдан (аниқ санаси кўрсатилмаган) 12 та давлат активи, жумладан «Тошкент» ва Hyatt Regency Tashkent меҳмонхоналари, Premier Hall кинозали, Матбуот уйи, «Чотқол» дам олиш зонаси, иккита кичик саноат зонаси ва бошқаларни савдога чиқариш режалаштирилмоқда.

Республикадаги ОТМда тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси (ҳозирда 14 фоиз) миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилади.

Ёшларнинг «Бизнесга биринчи қадам» стартап лойиҳалари танлови доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда 3 нафардан ғолибларга грантлар бериш амалиёти жорий этилади. Лойиҳаларни ҳар бири учун 50 млн сўмлик грантлар берилади.

ЯТТ сифатида такси фаолияти билан шуғулланиш фақатгина мижозларни излаш бўйича интерактив хизмат кўрсатувчи компаниялар (агрегаторлар) хизмати орқали амалга оширилади. Эслатиб ўтамиз, 1 сентябргача ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтганлар учун давлат божи ундирилмайди.

Яхши ўзлаштирган мактаб ўқувчиларига 500 минг сўм миқдорида Тошкент шаҳар ҳокими стипендияси жорий этилади. Бундан ташқари, уларнинг ўқитувчиларига 1 млн сўмдан берилиши белгиланди.

Айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади.

Масофавий (онлайн) таълимга асосланган нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш учун мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши ҳақида талаб бекор қилинади.

Монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматлари фақат электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.

Рақамли кўникмаларни эгаллаш даражаси бўйича тегишли сертификатга эга бўлган ихтисослаштирилган мактабларнинг «Информатика ва ахборот технологиялари» фани ўқитувчиларига БҲМнинг 50 фоизи миқдорида (135 минг сўм) ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

2021/2022 ўқув йилидан Тошкент вилоятида Тошкент ахборот технологиялари университети филиали ташкил этилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар