27 август куни “Ўзбекистон 24” телеканали Марказий студиясида экспертлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган мақсадлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан кўрсатув ташкиллаштирилди.
Унда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари Обид Ҳакимов ва марказ илмий ходимлари, Молия вазири биринчи ўринбосари Дилшод Султанов, Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, ЮНИСЕФ ташкилоти эксперти Умид Алиев, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходимлари иштирок этди.
Кўрсатувда 26 август куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган иккинчи ижтимоий ҳимоя пакети бўйича қарори юзасидан мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Маълумот учун, 426 млрд. сўмлик навбатдаги пакет асосан моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг болаларини қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида ушбу қарор қабул қилинди.
Кўрсатувда моддий ёрдамга йўналтириладиган маблағлар қандай манбалардан шакллантирилиши, 500 минг сўмни олишнинг аниқ тартиблари ҳақида маълумотлар берилди.
Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ижтимоий нафақаларни тайинлаш бўйича аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлашда Ягона ижтимоий ҳимоя Реестри жорий этилмоқда.
Кўрсатувда таъкидланганидек, жорий йилда ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 2 баробарга оширилиб, йил якунигача нафақа олувчилар сони 791 мингдан 1,2 миллионга етказилади. Ана шу ижтимоий тоифа ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 12,5 трлн. сўм маблағ ажратилди.
Маълумот учун, инқироз даврида уйма-уй юриш орқали аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг ўзига хос усули – “темир дафтар” деб ном олган, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилди. Ушбу тоифадаги 1 миллион 700 мингдан ортиқ аъзоси бўлган 410 мингдан зиёд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
UNICEF ва Халқаро меҳнат ташкилотининг қўшма ҳисоботига кўра, ота-оналари ишсиз қолиши ёки касаллиги туфайли кўплаб болалар эксплуатацион ва хавфли иш излашга мажбур бўлишмоқда.
Ушбу қарорга асосан 13,5 мингга яқин мактабгача таълим муассасалари ва 10 минга яқин Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактаблар ходимларини марказлашган тартибда 2020 йил 1 октябрга қадар бепул гриппга қарши эмлаш топширилган.
Шунингдек, кўрсатув давомида Молия вазири ўринбосарлари аввал тарқатилган нақд пул кўринишидаги моддий ёрдамларнинг тарқатилиш жараёнидаги ўзига яраша қийинчилик ва муаммолари тўғрисидаги саволларга ҳам артофлича жавоб бериб кетишди.
Маълумот учун, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати юртимиздаги кўплаб тадбиркорларни ягона мақсад остида бирлаштирди ва миллионлаб юртдошларимизга беғараз ёрдам кўрсатилди. Бу ҳаракат том маънода қудратли кучга айланди.
Шу билан бирга, Моддий ёрдамнинг пул кўринишда берилишининг асосий сабаблари, берилаётган маблағ барча керакли анжомларни харид қилишга етадими, кам таъминланган оилалар фарзандларини бошқа ўқувчиларга нисбатан ажралиб қолиш хисси уйғонмаслиги мақсадида мактабларда қандай ишлар амалга оширилмоқда, деган саволларга мутахассислар томонидан аниқ жавоблар берилди.
Кўрсатувни томоша қилиш учун ушбу ҳаволага киринг.
Кўрсатувда бўлиб ўтган савол-жавоблар сайтда ёритиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш