Мактабгача таълим вазирлигининг Ички аудит хизмати томонидан 2019 йил ва 2020 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган текширувлар натижаси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонуний чора кўриш учун 904 та текшириш ҳужжатлари юборилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
"Бугунги кунда 6 мингга яқин давлат МТТларида 223 минг ходим фаолият юритади. МТВ мактабгача таълим тизимини бола ҳаққига хиёнат қиладиган виждонсиз инсонлардан халос этиш борасида ўз ишини давом эттирмоқда", дейилади хабарда.
Мактабгача таълим тизими узоқ йиллар давомида етарли назорат қилинмаганлиги оқибатида тизимда қонунбузарлик ва суиистеъмолликлар авж олган. Бу каби нохуш вазиятларга қарши курашиш мақсадида 2017 йилнинг 30 сентябрида тўғридан-тўғри вазирга бўйсунувчи Ички аудит хизмати ташкил этилди.
2020 йилнинг бошида вазирлик 2018-2019 йилларда аниқланган қонунбузарликларни таҳлил қилиб, ҳукуматга қатор таклифларни киритди.Вазирлик ташаббуси билан Ҳисоб палатаси ҳамкорлигида бошқа вазирлик ва идораларнинг мутахассислари жалб қилинган ҳолда бюджет маблағларининг самарали ишлатилиши юзасидан чуқур таҳлилий ўрганишлар ўтказилди. Ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида 48,3 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди.
“МТВ ташкил этилган илк куниданоқ тизимдаги коррупция ва суиистеъмолликлар билан курашиб келмоқда. Ички аудит хизмати томонидан аниқланган қонунбузарликлар тўғрисида ахборот мунтазам равишда эълон қилиниб келинмоқда. Ўтган йили МТВ 680та ташкилотлар бўйича тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этган бўлса, жорий йилда бу сон 224тани ташкил этган. Ушбу ҳужжатлар асосида прокуратура томонидан бир қатор жиноий ва маъмурий ишлар қўзғатилди, вазирлик эса молиявий қонунбузарликларга йўл қўйган мудира ва ҳисобчиларни ишдан бўшатди. Шу тариқа, айбдор деб топилган шахслардан бюджет ҳисобига 2019 йилда 9,5 млрд. сўм, 2020 йилнинг биринчи ярмида эса 4,1 млрд. сўм ундириб олинди”, деб, маълумот берди МТВнинг Ички аудит хизмати бошлиғи Дилшод Норматов.
2019 йилда вазирликнинг Ички аудит хизмати 31,5 млрд. сўм молиявий қонунбузарликларни аниқлади. Шундан:
- Камомад ва ноқонуний харажатлар— 19,3 млрд. сўм;
- Давлат харидлари йўналишидаги қонунбузарликлар — 7,1 млрд. сўм;
- Бошқа турдаги молиявий камчиликлар— 5,2 млрд. сўм.
“Камомад ва коррупция ҳолатларини аниқланганда МТВ масъул жавобгар шахсларни ишдан бўшатиб, аниқланган қонунбузарликлар юзасидан хужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборади. Аммо ушбу шахслар ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар тарқатиб, жамоат фикрини манипуляция қилишгача бормоқдалар. Баъзи блогелар ва ҳуқуқ ҳимоячилари уларга ишониб, мудираларнинг “ноқонуний” ишдан бўшатилганликлари ҳақидаги маъулмотларни ёзмоқдалар. Масалан, яқинда Андижон вилоятидаги мудираларнинг “ноқонуний” ишдан бўшатилиши ҳақидаги хабарлар тарқатилганди. Ушбу хабарларда мудиралар “қийин аҳволда юрганликлари”, “ўта оғир руҳий сиқилишларга дуч келганлари” қайд этилган. Уларнинг талқинида гўёки ноқонуний тарзда ишдан бўшатилганлар орасида Қўрғонтепа туманининг №2 МТМ мудираси (ноқонуний харажат миқдори 39,9 млн. сўм), Андижон шаҳридаги №25 МТМ мудираси (ноқонуний харажат миқдори 32,7 млн сўм) бор. Прокуратура уларга нисбатан жиноий иш қўзғатган, аммо мудираларнинг ўз айбини тан олганлиги ва етказилган зарарни бартараф этганлиги сабабли жиноят иши тугатилган. Бу каби собиқ мудиралар астойдил МТТларга қайтишга ҳаракат қилмоқдалар, аммо МТВ ташаббуси билан қонунбузарларнинг мактабгача таълим тизимига раҳбар лавозимига қайта олинмаслиги қонун билан чегараланган”, деб, таъкидлади Ички аудит хизмати бошлиғи Дилшод Норматов.
2019 йил ва 2020 йилнинг биринчи ярмида аниқланган йирик молиявий қонунбузарликлар:
- 900 млн. сўм — Каттакўрғон шаҳрининг №10-сон махсус МТМдаги ноқонуний харажатлар (Самарқанд вилояти);
- 301 млн. сўм — Олмозор туманининг №509–сон МТТдаги молиявий қонунбузарликлар (Тошкент ш);
- 202 млн. сўм — Пешкў туманининг №22-сон МТТдаги камомад ва ойлик иш ҳақи тўлов қайдномаларининг қалбакилаштирилиши (Бухоровилояти);
- 150 млн. сўм — Миришкор туманининг №8-сон МТТдаги озиқ-овқат ва моддий бойликларнинг камомади, “ўлик жонлар” ва тўлов қайдномасидаги имзоларнинг қалбакилаштирилиши (Қашқадарё вилояти);
- 101 млн. сўм— Гулистон туманининг №11-сон МТТдаги иш ҳақи тўловларнинг ортиқча сарфланиши (Сирдарё вилояти).
Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда молиявий қонунбузарликларни аниқлаш, профилактикасини таъминлаш ва олдини олиш бўйича Йўл харитасини ишлаб чиқди ва ушбу ҳужжат 14та вазирлик ва идоралар билан келишилди. Шунингдек, Бош прокуратура билан ҳам мактабгача таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Изоҳ қолдириш