2020 йил “Чуқурсой”ташқи иқтисодий фаолият божхона постида давлат бюджетига салкам 2 трлн. сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилган

2020 йил “Чуқурсой”ташқи иқтисодий фаолият божхона постида давлат бюджетига салкам 2 трлн. сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилган

“Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди

Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш. Ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалтириш каби бир қатор эзгу ғоялар мужассам.

Ана шундай ислоҳ қилинаётган соҳалар қаторида мамклатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган божхона соҳасида бугунги кунда қандай янгиланиш ва ўзгаришлар содир бўлмоқда?

Айни шу саволларга жавоб излаш мақсадида бир гуруҳ оммавий ахборот вакиллари учун Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида пресс тур уюштирилди.

Пресс тур аввалида ОАВ вакиллари Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг ходимлар хизмат олиб бораётган офисида бўлишди ҳамда божхона пости тарихи, божхона расмийлаштируви жараёнлари, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

“Чуқурсой”ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ўтган 2020 йил давомида 45,8 мингдан зиёд божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, давлат бюджетига салкам 2 трлн. сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилди.

Мазкур пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган салкам 84 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хорижий мамлакатларига экспорт қилинган.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, 2020 йил давомида 10 дан ортиқ турдаги ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хом-ашё, технологик асбоб ускуналар, маиший техника ва уларнинг қисмлари каби товарларнинг божхона расмийлаштирувида 952 млрд.сўмдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.

Божхона постида яширин иқтисодиётни қисқартириш, ноқонуний товар-моддий бойликларнинг юртимиз ҳудудига кириб келишини олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган.

Хусусан, ўтган 2020 йил давомида 438 та ҳолатда салкам 16,3 млрд сўмлик товарларнинг ноқонуний кириб келишининг олди олинган.Улар бўйича 2 млрд сўмдан зиёд қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, давлат бюджетига ундирилиши таъминланган.

Божхона пости тасарруфида 26 та божхона омборлари ҳамда 1 та эркин омбор фаолият юритмоқда. Мазкур божхона омборларининг барчаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган бўлиб, видеотасвирларни онлайн тарзда Давлат божхона қўмитаси ҳамда ҳудудий бошқармаси орқали кузатиш имконияти мавжуд.

Мазкур божхона пости “Universal Logistics Services” ва “Chukursay Logistics Center” логистика марказлари ҳудудида жойлашган бўлиб, журналистлар мазкур логистика марказлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Тадбирда асосий эътибор товарларни божхонада расмийлаштириш соҳасида коррупцион омилларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга қаратилди.

Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун баҳолаш мезонлари жорий этилди. Ваколатли органлар сўралган ҳужжатларни ўз вақтида, кечиктирмай тақдим қиляптими ёки тадбиркорнинг вақтини оляптими? Энди буни “Ягона дарча” ахборот тизимининг “Фойдаланиш статистикаси” интерактив ахборот олиш хизмати орқали исталган одам кузатиб бориши мумкин.

Содда қилиб айтганда, энди давлат органларининг фаолиятига айнан шу ерда холис баҳони тадбиркорнинг ўзи беради.

Шунингдек, ҳар ой якуни бўйича ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида экспорт ва импорт расмийлаштирувига сарфланаётган вақт бўйича рейтинг натижалари ҳам Давлат божхона қўмитаси веб-сайтида ва Давлат очиқ маълумотлар порталида эълон қилиб келинмоқда.

Медиа тур якунида журналистлар темир йўл вагонларини сканерловчи йирик инспекцион кўрик мажмуаси фаолияти билан ҳам танишишди.

Медиа тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Ташкил этилган бу каби медиа турларда журналистлар энг аввало мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлишди. Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар