Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида 2021 йилнинг кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичлари, 2022-2024 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар, 2022 йил учун Давлат бюджетининг лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мажлисда таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида республикамизда олиб борилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек, коронавирус пандемияси даврида тадбиркорликни ва аҳолини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида кўрилган чора-тадбирлар ўз натижасини бермоқда. Ўтган даврда мамлакатда макроиқтисодий сиёсат, шу жумладан, солиқ-бюджет сиёсати иқтисодий фаолликни ёки ялпи талабни рағбатлантиришга қаратилди.
Дастлабки статистик маълумотлар жорий йилнинг 9 ойлик якунлари билан республикамизда ялпи ички маҳсулотнинг 6,9 фоизга ўсганлигини кўрсатмоқда.
Ушбу даврда 338 мингта қўшимча иш ўрни яратилди. 77 мингга яқин янги тадбиркорлик субъекти ўз ишини бошлади. Инвестициялар ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32 фоизни ташкил қилди.
Жорий йилнинг 9 ойида экспорт ҳажми, олтин экспортини инобатга олмаган ҳолда 34,1 фоизга ўсиб, 8,9 миллиард долларни ташкил этди.
Жорий йил якуни бўйича мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ўсиши 6,5-7 фоиз атрофида бўлиши, бунда саноатда ишлаб чиқариш ҳажми – 9,1, қурилиш ишлари ҳажми – 6,6, хизматлар соҳаси – 8,6 ва Қишлоқ хўжалиги – 2,8 фоизга кўпайиши кутилмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси томонидан яқинда чоп этилган маълумотларда Ўзбекистон иқтисодиёти жорий йилда 6,1 фоизга ўсиши айтилган.
Мамлакатнинг ўрта муддатли макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозининг асосий сценарийсида келгуси беш йилда ЯИМнинг ўртача ўсиш суръати 6,5 фоизда бўлиши прогноз қилинган.
Хусусан, 2022 йилда ЯИМнинг 5,9 фоизга ўсиши, келгуси йилларда эса ўсиш суръатларининг бундан юқори бўлиши ҳисоб-китоб қилинган.
Ҳукумат олдида 2026 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдорини 2 800 долларга етказиш ва 2030 йилга бориб эса 4000 доллардан ошириш ва ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига кириш вазифаси турибди.
Мажлис давомида буни фақатгина белгилаб олинган таркибий ислоҳотларни кечиктирмасдан, тўлақонли амалга ошириш орқали мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ва ишлаб чиқариш унумдорлигини ўстириш билангина таъминлаш мумкинлигига алоҳида урғу берилди. Ислоҳотларни амалга оширишга масъул бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарларининг фаолиятига танқидий баҳо берилди.
Макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, хусусан, инфляция даражасини 2022 йилда 9 фоизгача, ўрта муддатда 5 фоизгача пасайтириш, давлат қарзини мўътадил даражада ушлаб туриш ҳамда давлат бюджети тақчиллигини келгуси йилда 3 фоиздан оширмаслик лозимлиги белгилаб олинди.
2021 йилда ҳам коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш учун мамлакатимизда рағбатлантирувчи солиқ-бюджет сиёсати юритилмоқда. Республикадаги кечиктириб бўлмас ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш учун Бюджет қонунига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали 2021 йилда бюджетдан 27 триллион сўмдан ортиқ қўшимча маблағлар ажратилди.
Хусусан, “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида маҳаллалардаги ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш, боғчалар, мактаблар ва соғлиқни сақлаш объектларини таъмирлаш ва бошқа инфратузилма объектларига жами 15,8 триллион сўм, коронавирусга қарши курашиш тадбирларига қўшимча 1,3 триллион сўм ажратилган.
Жорий йилда умумий бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоиздан оширмаслик учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига қўшимча даромадларни шакллантириш, жорий йилда амалга ошириш зарурати бўлмаган харажатларни мақбуллаштириш юзасидан топшириқлар берилди.
2022 йилги солиқ сиёсатида республикамиз иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида бир қатор ўзгаришлар таклиф қилинмоқда.
- Хусусан, 2022 йилнинг 1 январидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини 2 фоиздан 1,5 фоизгача пасайтириш;
- Фойда солиғи ҳисоблашда инвестициявий чегирма миқдорини янги технологик ускуналар учун 10 фоиздан20 фоизгача, бинолар учун 5 фоиздан 10 фоизгача ошириш мўлжалланмоқда.
Бундан ташқари, амортизация нормаларини ўртача 2,5 баробарга ошириш таклиф қилинмоқда.
2022 йилги бюджет лойиҳасининг харажатлар қисмида инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, ҳудудларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш тадбирларининг устуворлиги белгиланган.
Давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий соҳага маблағ ажратилишининг устуворлиги таъминланган ҳолда, уларнинг салкам 45 фоизи таълим соҳасига йўналтирилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларига ҳамма тадбирларни ва тарбияланувчилар сони ошганлигини инобатга олган ҳолда жорий йилга нисбатан 2,2 триллион сўм кўпайтирилиб, 8,7 триллион сўм, халқ таълимига 30,3 триллион сўм ёки 6,5 триллион сўм кўп, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 триллион сўм ёки 3,1 триллион сўм кўп маблағ ажратилмоқда.
2022 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 22,6 триллион сўм ёки жами харажатларнинг 11фоизи режалаштирилган.
2022 йилда ижтимоий нафақа олувчи эҳтиёжманд оилалар сони 2021 йилдаги ўртача 1 миллион 200 мингдан 1 миллион 440 минггача ошиб, жами оилаларнинг 16,5 фоизи қамраб олинади. Туман ва шаҳарлар бюджетларининг 5 фоизи, яъни 1,4 триллион сўм маблағ “Очиқ бюджет портали” орқали бевосита фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни молиялаштиришга йўналтирилади.
2022 йилда иш ҳақи, ижтимоий нафақалар, стипендиялар ва пенсиялар миқдорини инфляция даражасидан юқори суръатларда ошириш учун бюджет лойиҳасида етарли маблағлар кўзда тутилган.
2022 йил Бюджетномасида халқаро молия институтлари экспертлари техник кўмаги асосида ишлаб чиқилган, вазирлик ва идораларнинг навбатдаги уч йиллик бюджет харажатлари бўйича ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари акс эттирилмоқда.
Мажлисда барча раҳбар ходимлар давлат бюджетининг ҳар бир сўми самарали ишлатилишига жавобгар эканлиги алоҳида таъкидланди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2022 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигини жорий йилда кутилаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоиздан 3,0 фоизгача пасайтириш лозимлиги белгилаб олинди.
Мажлисда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.
Изоҳ қолдириш