2021 йилнинг 6-7 май кунлари Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел тошқинлари кузатилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, табиий офат оқибатида Андижон вилояти «Қирғиз» канали орқали оқиб келган сел оқимлари Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманидаги кўчалар орқали 278 та турар-жойларнинг яшаш хонадонлари ва ҳовлисига кирган.
Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга қаратилган қидирув-қутқарув ишлари давомида Хонабод шаҳар, «Тейит» МФЙ, Қорабоғиш кўчасида яшаган 2 нафар вояга етмаган фуқаронинг жасадлари ФВБ ёнғин-қутқарув бўлинмалари шахсий таркиби томонидан топилган.
Шунингдек, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой ва Чуст туманларида ёққан кучли ёмғир сабабли Поп тумани «Водий» МФЙ ҳудудида сел оқимлари кузатилиб, Поп тумани ҳудудидан ўтувчи 4П-125 «Наманган-Тошкент» автомобиль йўлининг 15-16 км.да йўл ёқасининг ювилиши, «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўлининг 103-106 км.да темир йўл тармоғининг тахминан 3 метр қисмида тупроқ массасининг ювилиши рўй берган.
Шу билан бирга, «Янгиобод» ва «Водий» МФЙдаги 25 та аҳоли томорқаларига ҳам ёмғир сувлари кирган. Айни пайтда автомобиль ва темир йўлларининг зарар кўрган қисмидаги авария-тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Қумқўрғон туманларида ёққан кучли ёмғир оқибатида ҳосил бўлган сел оқимлари Шеробод туманидаги «Қорабоғ» ҚФЙ ва «Учёғоч», «Гулистон», «Ғўржак-2» МФЙдаги 16 та, Қумқўрғон тумани «Азларсой», «Боғаро» ва «Элобод» МФЙдаги 340 та аҳоли хонадонлари ва томорқасига кирган.
Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардия, Транспорт, Энергетика вазирликларининг куч ва воситаларини жалб қилган ҳолда табиий офат оқибатлари бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш