Азиз Абдуҳакимов Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгаши Туризм масалалари вазирларининг V йиғилишида янги ташаббусларни илгари сурди

Азиз Абдуҳакимов Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгаши Туризм масалалари вазирларининг V йиғилишида янги ташаббусларни илгари сурди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 23 июнь куни видеоконференция шаклида ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) Туризм вазирларининг V йиғилишида иштирок этди. Туризм вазирларининг онлайн учрашувида шунингдек ТТДҲК бош котиби Багдад Амреев, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Эрсой, Озарбойжон туризм агентлиги раиси Фуат Нагиев ҳамда қолган ТТДҲК мамлакатларининг туризм ташкилотлари раҳбарияти қатнашди.

Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 14 сенябрь куни «Ўзбекистон Республикаси томонидан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг тузилиши тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонунни имзолаган эди. 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрида бўлиб ўтган ТТДҲК саммитида Ўзбекистон Республикаси тўлақонли аъзо сифатида қатнашган ва унда давлатимиз раҳбари иштирок этган.

Иштирокчилар ҳозирги “COVID-19” пандемияси шароитида туризм соҳасининг бугунги ҳолати, Кенгаш мамлакатларининг туризм секторини жонлантиришга доир тажрибаси, Турк кенгашига аъзо давлатлар ўртасида сайёҳлик алмашинувини тиклашга оид чора-тадбирлар ҳамда бу давлатларнинг сайёҳлик йўналишларини илгари суришга қаратилган турли лойиҳа ва ташаббусларни муҳокама қилишди.

Азиз Абдуҳакимов конференция давомида иштирокчиларига Ўзбекистонда туризм соҳасини қўллаб-қувватловчи чора-тадбирлар ва дастурлар ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, уларни Президентнинг жорий йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан батафсил таништирди.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Президенти томонидан пандемия шароитида яшаш ва ишлаш зарурати ҳамда коронавирусга қарши кураш чораларининг самарадорлиги бўйича белгиланган вазифаларга ҳам алоҳида тўхталди. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар жами 6500 кишини ташкил қилса, уларнинг 70 фоизи соғайган, шунингдек бу касаллик натижасидаги ўлим ҳолати ҳам дунё миқёсида энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади – 0,3 фоиз. Буларнинг бари бугунги пандемия шароитида сайёҳлар қабулини режалаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Йиғилиш давомида Азиз Абдуҳакимов Хавфсиз туризм фондининг яратилиши ҳамда “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизимининг ишлаш механизмлари, жумладан тадбиркорлик субъектлари – тизим иштирокчиларига ўзларининг туристик инфратузилма объектларида бепул дезинфекция ишларини ўтказиш имкони, шунингдек сайёҳ коронавирус билан касалланган тақдирда 3 минг доллар миқдорида компенсация шартлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Юқорида қайд этилган замонавий тизимни яратишда Ғарбда Авиценна номи билан машҳур бухоролик ватандошимиз, буюк аллома Абу Али ибн Синонинг илмий меросидан фойдаланишга оид далиллар учрашув иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Азиз Абдуҳакимов айнан Ибн Сино минг йиллар аввал эпидемиология ва карантин режимига асос солганини таъкидлади. Абу Али ибн Сино сайёҳлар учун “Сайёҳлар учун тадбирлар” (“Фи тадбир ал-мусофирин”) номли илмий асосланган услубий қўлланмани ишлаб чиққан бўлиб, у бугунги кунда туризм бозорининг барча иштирокчилари учун сайёҳларни жалб қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашда тобора долзарб ва фойдали бўлиб бормоқда.

Азиз Абдуҳакимов шунингдек иштирокчиларни 1 июндан ички туризмни йўлга қўйиш мақсадида “яшил” ва “сариқ” ҳудудларнинг очилиши ҳамда 15 июндан касаллик даражаси турлича бўлган мамлакатлар учун вазиятдан келиб чиқиб, “яшил”, “сариқ” ва “қизил” рейсларга ажратган ҳолда авиақатновларнинг тикланишидан хабардор қилди.

Тадбир иштирокчилари туризм соҳасини тезкор тиклашга доир чоралар ҳамда соҳани ривожлантиришда қўлланаётган янги жиҳозлар, хусусан, «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизими ҳамда Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида “Очиқ осмон” режимининг кенгайтирилиши, шунингдек республика бўйича турли туристик зоналарнинг ривожланиш механизмларини юқори баҳолашди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда ташриф буюрган жами 6,7 млн сайёҳнинг 52 фоизи (яъни 3,8 млн киши) Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши улушига тўғри келади. Шундан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари барча иштирокчилар билан ҳамкорликда амалга ошириш керак бўлган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, Азиз Абдуҳакимов Наманган шаҳридан видеоконференциядаги иштироки давомида ҳаёти мобайнида кўплаб давлатлар (уларнинг орасида ҳозирги Озарбойжон, Туркия ва Марказий Осиё мамлакатлари)га сафар қилган шоир ва тилшунос, наманганлик Исҳоқхон Тўра Ибратни ҳам ёдга олди. Шу ўринда у бу каби турк олами буюк олимлари изидан махсус турлар ташкил қилишни таклиф қилди. Ушбу маршрутлар аралаш турларнинг ривожига туртки бериши мумкинлиги таъкидланди.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари томонидан Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбараси, Тошкент вилоятидаги Занги ота ва Қўнғирот туманидаги Ҳаким ота Боқирғоний зиёратгоҳларини ўз ичига олган “Олтин учбурчак” турини фаоллаштириш таклиф этилди. Бундан ташқари, чегара олди ҳудудларида оффшорлар туристик кластерларини ташкил қилиш таклиф этилган бўлиб, унда савдо-сотиқ ва бошқа алоҳида солиқ шарт-шароитлари кўзда тутилган.

Ўзбекистон томондан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм салоҳияти ва бошқа йўналишлар тарғиботи учун хизмат қилувчи алоҳида телеканал яратиш таклифи берилди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик иштирокчи мамлакатлар орасида эфир вақтини тақсимлаш орқали амалга оширилади.

“Биз туркий тилли давлатлар маданияти ва анъаналарини намойиш этувчи турли фестивалларни ташкил қилиш ҳамда уларнинг ўтказилишини иштирокчи мамлакатларнинг маданий тадбирлар ягона тақвимини шакллантириш орқали биргаликда тарғиб қилишни таклиф этамиз”, - деди Абдуҳакимов ва йиғилиш иштирокчиларига сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган “Мақом”, “Бахши”, Халқ амалий санъати фестивали каби йирик маданий-оммавий фестивалар ҳақида маълумот берди.

Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари туризмни рақамлаштиришни яхшилашга доир лойиҳани амалга ошириш зарурати ҳақида сўз юритди:

“Биз албатта туристик компанияларимизга мазкур ёки бошқа қўшма лойиҳа доирасида ТТДҲК мамлакатларидаги ҳамкасблари билан фаол ҳамкорлик қилишни тавсия қиламиз. Шу ўринда туризмни рақамлаштиришни яхшилашга оид лойиҳаларни амалга ошириш, Кенгаш мамлакатлари туристик йўналишлар ягона харитасини яратиш, халқларимизнинг маданияти, анъаналари ва экскурсиялари бўйича батафсил ҳамда ишончли маълумотлар тайёрлаш, фото, видео ва VR технологияларни қўллаган ҳолда виртуал турлар ва экскурсиялар, онлайн гидлар ташкил қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим”.

Шу билан бирга, онлайн-конференция давомида Азиз Абдуҳакимов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатларнинг тарихий ва туристик шаҳарлари ўртасида авиарейслар сони ва йўналишларини ошириш, уларнинг географиясини кенгайтиришни таклиф қилди. Хусусан, Туркия, Озарбойжон, Венгрия ва бошқа иштирокчи мамлакатларнинг тарихий ва туристик шаҳарлари ўртасида транспорт алоқаларининг янги йўналишлари ушбу давлатлар иқтисодиётига ижобий таъсир қилади. Бундан ташқари, сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида қадимий Ипак йўли бўйлаб замонавий карвонсаройлар қуришни таклиф қилди.

ТТДҲК бош котиби мамлакатимизнинг бой тарихий маданий мероси ва улкан туристик салоҳиятини қайд этиб, Ўзбекистоннинг иштироки кўп томонлама туристик лойиҳаларни ривожлантиришга туртки беришига ишонч билдирди. Шу ўринда у Ўзбекистон Республикасига Ташкилотга аъзо давлатларнинг туристик шаҳарлари бўйлаб тайёр турпакетлар тизимини кўзда тутувчи “Замонавий Ипак йўли” лойиҳасидаги иштирок учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Ташкилот бош котиби Багдад Амреев Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов томонидан билдирилган барча таклифлар учрашув протоколига киритилишини қайд этди.

Тадбир якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси ташаббуси ҳамда конференция иштирокчиларининг қўллаб-қувватлаши билан кейинги ТТДҲК туризм масалалари вазирларининг VI йиғилишини 2021 йилда Қўқон шаҳрида ўтказишга доир келишувга эришилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар