Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг февраль ойида республиканинг солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,8%га ошган.
Шу билан бирга, солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши Сурхондарё (20,8%), Сирдарё (13,8%), Фарғона (10,0%), Хоразм (9,1%), Навоий (2,8%), Наманган (1,8%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (16,8% га) кузатилди.
Солиқ тушумлари манбалари бўйича даромад солиғи 23%га, мол-мулк солиғи 35%га ва ер солиғи 44%га ошди.
Таҳлил қилинаётган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 17,5%га ошди. Божхона тушумларининг энг юқори ўсиши Жиззах (206,5%), Қашқадарё (127,0%), Сирдарё (59,7%), Навоий (53,0%), Хоразм (38,8%), Сурхондарё (27,3%), Бухоро (20,3%), Андижон (19,9%), Наманган (17,2%), Тошкент (15,3%), Фарғона (11,6%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (10,7%) қайд этилди.
Божхона тушумларининг ўсиши асосан маҳсулот турлари бўйича импорт ҳажмининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 18,3га ошгани, жумладан, транспорт ускуналари ва унинг бутловчи қисмлари, металл ва металл буюмлар, техник жиҳозлар ва электротехника ва унинг таркибий қисмлари бўйича таъминланди.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 29 февралгача товарларни экспорт қилиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,0%га ўсди. Экспортнинг ўсиши Навоий (75,0%), Хоразм (36,3%), Қашқадарё (29,5%), Самарқанд (23,9%), Сурхондарё (17,0%), Наманган (11,5%), Бухоро (10,5%) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (26,6% га) ва Тошкент шаҳрида (12,7% га) кузатилди.
Жорий йилнинг 1 январидан 29 февралигача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,9%га ўсди.
Кредит бериш ҳажмининг ўсиши Навоий (38,2%), Самарқанд (17,2%), Қашқадарё (5,6%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (6,0%) ва Тошкент шаҳрида (6,8%) қайд этилди.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 77,0%га ўсди. Биржа фаолиятида Жиззах (265,9%), Сирдарё (238,4%) Хоразм (167,7%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (219,7%) сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Ушбу ҳудудларда транзакциялар ҳажмининг ўсиши пахта толаси, суюлтирилган газ, автомобил бензини, минерал ўғитлар, қурилиш ва маиший материаллар, буғдой уни, техник уруғлар, буғдой, рангли металлар, дизел ёқилғиси, шакар, қора металлар ва полиэтилен каби товарларни сотишни кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда.
Таҳлил қилинган даврда 12 837 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг энг кўп сони Самарқанд (1 235), Фарғона (1 118), Тошкент (1 046), Хоразм (886), Қашқадарё (814) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (598) ва Тошкент шаҳрида (2 890) рўйхатга олинган.
Шарофиддин Шамсиддинов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш