Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари Ўзбекистоннинг кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгаришларини мунтазам равишда таҳлил қилиб боради.
2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 22,5 мингта шартнома тузилди, бу сентябрь ойига нисбатан 4 фоизга (21,6 минг) кўпдир. Мазкур кўрсаткичнинг 2020 йил (14,4 фоиз) ва 2019 йил (40,6 фоиз) ноябрь ойларига нисбатан кескин ўсиши уй-жой бозорида талабнинг ҳали ҳам жуда баландлигидан далолат беради.
1-расм. Расмийлаштирилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони
Энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (22,9 фоиз), Наманган (17,3 фоиз), Хоразм (14,3 фоиз) вилоятларида кузатилган бўлса, Андижон (14,1 фоиз), Самарқанд (6,6 фоиз) ва Тошкент (3,7 фоиз) вилоятларида камайиш кузатилди.
Ноябрь ойида октябрь ойига нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,2 фоизга ўсди. Нархларда энг катта ўсиш Тошкент (3,2 фоиз), Самарқанд (3,1 фоиз) ва Хоразм (3,0 фоиз) вилоятларида кузатилган бўлса, Навоий (-1,4 фоиз) вилоятида уй-жой нархлари пасайган.
Шаҳарлар кесимида уй-жой нархларининг энг баланд қиймати Тошкент (1 кв метр учун 753 долл.), Самарқанд (553 долл.) ва Навоий (418 долл.) шаҳарларида, нисбатан пастроқ нархлар эса Нукус (277 долл.), Қарши (289 долл.) ва Гулистон (289 долл.) шаҳарларида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида ўтган ойга нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,3 фоизга ўсди. Уй-жой нархларида энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек (3,5 фоиз) ва Миробод (3,2 фоиз) туманларида кузатилган бўлса, нисбатан пастроқ ўсиш сурати Учтепа (0,1 фоиз), Бектемир (0,7 фоиз) ва Яшнобод (-0,6 фоиз) туманларида кайд этилди.
Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказлари кесимидаги ўртача уй-жой нархлари асосида иккиламчи бозорда уй-жой харид қилиш учун ипотека кредити олишга (субсидиясиз) лаёқатли аҳоли улуши ҳисоблаб чиқилди.
Уй-жой харид қилишда ипотека кредити олишга лаёқатли аҳоли улушини ҳисоблашда 62 кв.м майдонли уйни харид қилишда оила даромадининг ипотека кредитига йўналтирадиган қисми 50 фоизгача, кредит муддати 20 йил ва бошланғич тўлов бадали 30 фоиз деб ҳисобланган.
Самарқанда (13 фоиз), Наманган (19 фоиз) вилоятлари ва Тошкент (15 фоиз) шаҳрида уй-жой нархларининг баландлиги туфайли ипотека асосида уй-жой сотиб олишга имконияти бор хонадонлар улуши паст.
Жорий нархларни ҳисобга олганда Фарғона (35 фоиз), Қорақалпоғистон (33 фоиз) ва Навоийда (32,9 фоиз) ипотека шарталари асосида уй-жой харид қилиш имконияти бошқа ҳудудларга нисбатан юқори.
Ҳисоб-китобларга кўра, республика бўйича ипотека кредити асосида уй-жой харид қилишга лаёқатли аҳоли улуши 26 фоизни ташкил этмоқда.
Умуман олганда, 2021 йил январь-ноябрь ойларида жисмоний шахсларга ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 8 трлн сўмни ташкил этди. Бунда, янги тартиб асосида ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга Молия вазирлиги томонидан ажратилган ресурслар ҳамжи 3 баробарга ошиб, 3,9 трлн сўмга етди (2020 йилда 1,3 трлн сўм).
Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири
тел: (78) 150 02 02 (410)
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан ишлаш бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш