Европа Иттифоқи Ўзбекистонга пандемияга қарши кураш учун кўмак ажратишини маълум қилди

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга пандемияга қарши кураш учун кўмак ажратишини маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 апрел куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги, биринчи навбатда сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни қабул қилишга тайёргарликни йил якунига қадар якунлаш мақсадида ушбу ҳужжат лойиҳаси бўйича фаол музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.

Европа кенгаши Президенти Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш ва пандемиянинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсирини камайтириш бўйича кўрилаётган мислсиз қатъий чора-тадбирларни юксак баҳолади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Шарль Мишель Европа Иттифоқи ушбу глобал хатарга қарши курашишда Ўзбекистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, мамлакатимизга ушбу мақсадлар учун молиявий-техник кўмак ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабар қилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар