Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши тузилди

Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши тузилди

Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши тўғрисида низом тасдиқланди (27.11.2019 йилдаги 953-сон ВМҚга қаранг).

Эслатиб ўтамиз, Кенгаш жорий йилнинг июль ойида ташкил этилган. Бу фан, технологиялар ва олий таълимни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, ҳокимликлар, илмий ва таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайдиган маслаҳат органи ҳисобланади.

Кенгашга Бош вазир раҳбарлик (раис) қилади. Шунингдек, унинг таркибига раиснинг ўринбосари – Президент маслаҳатчиси ва фан ва техника соҳасида давлат мукофотлари масалалари бўйича раиснинг ўринбосари – Фанлар академияси президенти, котиби ва Кенгаш аъзолари (жамоатчилик асосида) киради. Қуйидагилар ишчи органи функциясини амалга оширади:

  • Фанлар академияси - фан ва техника соҳасида Давлат мукофотига номзодлар учун тавсияларни кўриб чиқиш ва таклифларни тайёрлаш бўйича;
  • Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибияти - бошқа масалалар бўйича.

Кенгаш йиғилишлари камида 6 ойда 1 марта, зарурат бўлганда навбатдан ташқари йиғилишлари ўтказилади ва аъзоларининг камида ярми иштирок этганда ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади. Қарорлар мажлисда қатнашган Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, овозлар тенг бўлган ҳолларда раиснинг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади. Қабул қилинган қарорлар баённома билан расмийлаштирилади ва раис томонидан тасдиқланади. Баённомани имзолаш пайтида Кенгаш аъзолари ўзларининг алоҳида фикрини билдириши мумкин. Баённоманинг асл нусхаси ва унинг материаллари Вазирлар Маҳкамасида сақланади.

Фан ва техника соҳасида Давлат мукофоти беришга номзодлар бўйича тавсияномаларни қабул қилиш ва таклифлар тайёрлаш регламенти алоҳида тасдиқланган. Жараён схема бўйича 7 изчил босқичда амалга оширилади. Талабгорлар ишларини кўриб чиқиш танлов асосида амалга оширилади. Улар бўйича олдин давлат мукофоти берилган ёки аввал кўриб чиқилган, бироқ мукофотга тавсия этилмаган ишлар танловда иштирок этмайди. Экспертиза якунларига кўра мукофотга номзодларнинг ишларига қисқача тавсиф берилган номзодлар рўйхати тасдиқланади. Давлат мукофотига номзодлар ҳақидаги таклиф Вазирлар Маҳкамасининг расмий бланкасида Кенгаш раисининг имзоси билан Президентга юборилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар