Геодезия ва картография фаолиятига лицензия олиш соддалаштирилди

Геодезия ва картография фаолиятига лицензия олиш соддалаштирилди

Геодезия ва картография фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга тегишли тузатишлар киритилди (21.11.2019 йилдаги 927-сон ВМҚга қаранг).

Биринчидан, хўжалик юритувчи субъектларнинг тегишли маълумотларга эга бўлган штатдаги ходимларига нисбатан лицензия талабларига тузатишлар киритилди. Энди лицензияда кўрсатилган фаолият тури бўйича уларнинг энг кам стажи уч йил эмас, икки йилни ташкил қилади. Эслатиб ўтамиз, лицензиат штатида камида битта шундай ходим бўлиши лозим.

Иккинчидан, лицензияни расмийлаштиришнинг якуний босқичи муддати қисқартирилди. Лицензия талабгори томонидан давлат божи тўлангандан ва лицензия битими имзолангандан кейин аввалгидек уч кун муддатда эмас, балки бир кун ичида лицензия берилади. Лицензиялаш тартиб-таомили 5 босқичдан иборат бўлиб, зарур ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда уларни Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига топширишдан бошланади.

Учинчидан, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ваколатлари жумласидан лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда лицензиатларни режадан ташқари текшириш чиқариб ташланди. Лицензияловчи орган қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режадаги текширувларни амалга оширишга ҳақлидир.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинган, юридик шахслар тугатилаётганида, шунингдек, қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно (5.10.2016 йилдаги ПФ-4848-сон Фармонга қаранг).

Манба: norma.uz

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар